Иброҳим Ҳаққул: “Ижтимоий-сиёсий-маънавий иккиюзламачилик – энг катта кулфатлардан биридир”

Иброҳим Ҳаққул: “Ижтимоий-сиёсий-маънавий иккиюзламачилик – энг катта кулфатлардан биридир”
77 views
03 September 2018 - 15:19

Филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул биз билан суҳбатда “Ижтимоий-сиёсий-маънавий иккиюзламачилик – миллат ҳаётидаги энг катта кулфатлардан биридир, балки биринчи ўринда турадиган энг катта кулфат шу бўлиши ҳам мумкин“, дея ўтган даврларга ташхис қўяди. Шунингдек, адабиётшунос ушбу суҳбатда 20-аср ўзбек адабиёти вакилларининг фожиаси билан бирга миссияси ҳақида ҳам фикр юритади.

Turon24: Суҳбат аввалида янги тарихимизни қисқача сарҳисоб қилсак, нима дейсиз?

Иброҳим Ҳаққул: Нима бўлганда ҳам муз кўчди… Аммо қисқа даврда янги раҳбар катта ишларни амалга оширишга улгурди, айни пайтда душманларини ҳам ҳаддан зиёд кўпайтириб олди. Атрофида “дўст” қиёфасида ликиллаб юрган амалдорларнинг аксарияти ғирт душман-да! Улар каттанинг тойиб кетишини пойлаб юрибди…

T24: Шахс ва ижодкор… Ижодкор шахсининг жамиятдаги ўрни ҳақида жиддий ўйлаб кўриладиган вақт келмадими?

И.Ҳ.: Шахс ҳақидаги муаммо – адабиётимиздаги бош муаммо, лекин ҳал қилинмаган муаммодир. 1937 — 1938-йилларда айнан шахс қатағон қилинган, 1950 йилда шахс энди-энди бош кўтара бошлаган заҳоти қайтадан қувғин қилинади. Шахс нима дегани? Ўзини ва ўзлигини англаган одам шахс бўлади. Миллати билан, ватани билан, адабиёти билан қаттиқ боғланган бўлади шахс. Ҳар қандай оғир ва енгил шароитда кўпчиликка ўрнак бўладиган киши – шахс. Ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам йўлини қилиб ҳақиқатни ифодалайдиган одам – шахс. Шахснинг зиммасидаги масъулият жуда катта бўлади. Талантли шоир ва ёзувчиларда шахсият шаклланмаса, у талант юкини кўтара олмайди, адабиёт учун кўзланган ишларни қила олмайди. Адабиёт учун шахс керак. Атоқли адибимиз Шукур Холмирзаев ҳам бир пайтлар матбуотда эълон қилган мақоласида “Ёзувчи шахс бўлиши керак” деб ёзган эди. Шахсни юзага чиқариш, шахс сифатида ўзини кўрсатиш ниҳоятда оғир масала. Бунинг учун жасоратли ва талантли бўлиш керак, миллат учун ҳар доим тўғри гапни айтиш керак бўлади. Бу жуда катта юк, юкнинг залвори ҳам унча-мунча одамни қўрқитиб юборади.

1960 йилдан эътиборан миллат ўзини англай бошлайди, яна ўша шахс масаласига қайтиш бўлган. Москва тарафларда рўй берган “илиқлик – оттепель”га ҳамоҳанг бизда шахс масаласи кўтарилади. 1970-йилларда адабиётга кириб келган бир гуруҳ навқирон ижодкорлар: “Шахс бўлмаса адабиёт бўлмайди, шахс ҳаракат қилмаса миллатни уйғотиб бўлмайди! Шунинг учун ижодкор шахс сифатида ўрнак бўлиши керак. Қандай қилиб ўрнак бўлади? Биринчидан, миннат қилмаслик керак. Иккинчидан, мукофотнинг орқасидан қувмаслик керак… Агар адабиётга, миллатга хиёнат қилиб мукофот олсак, мартабага эришсак, мансабга эришсак энг тубан махлуқ бўлайлик!”, — деб раҳматли ёзувчимиз Эмин Усмоннинг хонадонида тўпланиб қасам ҳам ичган.

Мен ўз ҳаётим давомида амин бўлдимки, агар сидқидилдан, астойдил ният қилиб адабиётга хизмат қиламан дейилса, адабиётга хизмат қилиш мумкин экан. Мустақилликкача бўлган даврда, айниқса, ошкоралик ва қайта қуриш йилларида бизнинг авлод адабиётга сидқидилдан хизмат қилди. Олдинги ва кейинги даврларга нисбатан шахснинг имкониятлари-ю имтиёзлари қандай эканини амалда исботлади. Ўзининг ёзган асарлари билан, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўзини тутиши билан ва иқтисодий ҳаётга ўзига хос муносабати билан исботлади. Бу ҳол олдин ҳам кўринмаган, кейин ҳам кўринмаётган ноёб ҳодиса бўлган. 100 йил қамровида бундай ҳодиса бизнинг тарихимизда рўй бермаган эди. Эсингизда бўлса, миллатпарвар шоиримиз Шавкат Раҳмоннинг “Қодирий ва ҳозирги ёшлар” деган шеъри бор:

“Ҳозирги ёшларда Покизалик бор, тирик қалбларига диёнат эга, гўё пок табиат ёмон кўзлардан асраб қўйганини шуларга берган.”

Шавкат “ҳозирги ёшлар” деганда компартиянинг чучмал шиорларига лаққа ишониб камол топган манқурт комсомолларни назарда тутмаган, балки 1970-йилларда адабиётга олов бўлиб кириб келган навқирон ижодкорларни назарда тутади. Шоир “Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носирдек фидокор шаҳидлар авлодидан кейин ҳозирги ижодкор ёшлар пайдо бўлди!” деб замондошларига хабар беради гўё.

Хуллас, насрда ҳам, шеъриятда ҳам бизнинг авлод қўлидан келадиган вазифани сидқидилдан адо этди. Буюк мақсадимиз шу эдики, Ўзбекистон мустақил бўлса шахслар кўпаяди, ижод эркин бўлади, адабиёт гуркираб яшнайди, миллат қаддини тиклайди, ҳаёт фаровон бўлади ва ҳоказо. Афсуски, мустақилликдан кейин буюк мақсадимиз деярли амалга ошмади, мақсадимиз саробга айланди. Мустақиллик даврида адабиёт жуда катта зарар кўрди.

Биринчидан, мен айтган ижодкор ёшлар орасида катта парокандалик пайдо бўлди. Юқоридан мисли кўрилмаган парокандалик пайдо қилинди.

Иккинчидан, шахсият парчаланди. Ижодкор шахсияти парчалаб юборилди. Бирига амал берилди, яна бирига мукофот берилди, бошқасига тўртта ходим ишлайдиган, йил давомида тўртта сони чоп этиладиган журнал очиб берилди…

Шундай қилиб, миллат тарихида эришилган ноёб бойлик бой берилди. Мустақилликдан кейин икки-уч йил ўтиб баҳайбат қўрқув пайдо бўла бошлади. Бу қўрқув шахсни ҳам, адабиётни ҳам, келажакни ҳам таҳликага солиб қўйди. Одамлар психологиясида эврилиш содир бўлди. Кечагина ҳуррият, эрк, бирлик, истиқлол деб бонг урадиган одамлар майдагина хашаки жониворга айлана бошлади.

Хусусан, адабиётга кириб келаётган ижодкор ёшлар Усмон Азим, Хуршид Даврон каби миллатни уйғотган шоирлардан ўрнак олмади. Қарашса, бошқача йўлда ижод қилса яхши яшаш мумкин, имтиёзларга эга бўлиш мумкин экан. Натижада маддоҳ, ялтоқи янги авлод шоирлари пайдо бўлди. Аслида бизда маддоҳлик, ялтоқилик анъанаси узоқдан келади. Абдулла Орипов бирдан маддоҳ шоир бўлган эмас. Эркин Воҳидов ёки Омон Матжон ҳам бирдан маддоҳ шоир бўлган эмас. Улардан олдин буларнинг устозлари бор эди. Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Уйғун каби шоирлар маддоҳлик намуналарини яратиб қўйган эди.

1970-йилларда адабиётга кириб келган бизнинг авлод маддоҳлик анъанасидан четроқда турди. Мустақилликдан сўнг Абдулла Орипов билан Эркин Воҳидовнинг маддоҳлик йўналишидаги анъанасига эргашадиган ёш шоирлар (Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо каби) пайдо бўлди. Афсуски, 1970-йилларда адабиётга кириб келган талантли шоирларимизнинг кўпчилиги ёш маддоҳчаларга ўрнак бўлди. Ваҳоланки, улар миллатни уйғотган шоирлар эди. Масалан, “Миллий ҳисларни уйғотган, миллий ғояларга садоқат туйғусини шакллантирган шоир ким?” дейилса, мен Абдулла Орипов дейман бир умр. Талабалик давримда, хусусан, менга Абдулла Ориповдек қаттиқ таъсир қилган бошқа шоирни билмайман. Унинг кўп шеърларини ёдлаб олганман, ҳозир ҳам яхши эслайман. Бироқ тақдир тақозоси билан, давр ўйинлари туфайли бу киши ашаддий маддоҳ шоирга айланди-қўйди. Маддоҳлик анъанасини Абдулла Орипов устозларидан ҳам ўтказиб юборди. Лекин умрининг охиридаги шеърларида яна бирдан тўнини тескари кийиб олиб, мумтоз адабиётимизнинг “маломатчилик” анъанасига астойдил мурожаат қилиб ижод қила бошлайди. Астағфируллоҳ! Ўлими арафасида нега у аччиқ ҳақиқатларни баралла айтадиган шеърлар ёза бошлади? “Аввал ундай эди, кейин бундай бўлди” деб қуруқ гапларни айтиб ҳадеб Абдулла Ориповни шарманда қилмасдан унинг ижодини чуқур таҳлил қилиш керак. Абдулла Орипов ҳақиқати нима ўзи? Қанчалик аччиқ бўлса-да, рост гапни айтиш керак.

Адабиёт бугун тугамайди, эртага ҳам давом этади. Эртанги адабиёт учун ҳам бор ҳақиқат баралла айтилиши керак. Эртанги адабиёт бизни кўпроқ ташвишга солади.

Совет давридаги бузуқчиликни, маддоҳликни, ялтоқиликни, миллатга хиёнатни мустақиллик даврида тўлиқ таҳлил қилиб, ағдар-тўнтар этиб ташлаганимизда ўша салбий анъаналар бошқача кўринишда кейин давом этмаган бўларди, такрорланмасди. Мана аслида хатони қаердан излаш керак. Хато очилмагани туфайли иккиюзламачи, мунофиқ ижодкорлар пайдо бўлди: кеча Ленинни улуғлаб достон ёзган шоир бирдан Амир Темур тўғрисида тетралогия ёзиб юборди! Устига устак, ўша мунофиқ шоир Ёзувчилар уюшмасига раҳбар этиб қўйилди. Ана холос!

Совет даврида маддоҳ бўлган шоирлар бирпас нафас ростлаб туришди-да, бирдан бу қирғоққа ўтиб эски маддоҳликни давом эттириб кетаверишди. Лекин ўша маддоҳлар мустақилликка ҳам вафо қиладиган кимсалар эмас эди. Ҳозир яхши ўзгаришлар бошланди-а? Улар яна пойлаб турибди. Бирдан бошқача қўшиқ айтиб одамларни ўйнатишга ҳаракатини бошлаб юбораверади. Ижтимоий-сиёсий-маънавий иккиюзламачилик – миллат ҳаётидаги энг катта кулфатлардан биридир, балки биринчи ўринда турадиган энг катта кулфат шу бўлиши ҳам мумкин.

Совет тузуми емирилиб ўз-ўзидан адои тамом бўлгач, тусланиб-турланадиган ижодкорлар мустақиллик даврида жуда кўпайиб кетди. Тилёғламалик, хушомадгўйлик, мукофот учун, орден-медал учун ялтоқилик қилиш айб саналмайдиган бўлди. Ким мукофотга тавсия этадиган бўлса, ўша амалдорчанинг оёғини ялаш одатий ишга айланиб қолди. Уят кетди, маънавий уят қолмади. Бу энг катта фожиалардан биттаси. Мана шундай носоғлом маънавий жараён кечган 20 йил давомида яратилган адабиётни мен адабиёт деб ҳисобламайман. Жилд-жилд китоблар адабиётга ўхшаган макулатура, холос. Биринчидан, унда ҳеч ким ҳақиқатни айта олгани йўқ. Иккинчидан, у адабиёт ўзини ўзи ҳимоя қила олмади. Чунки ўша адабиётни яратган ижодкорлар орасида талантлар йўқ эди, шахслар йўқ эди. Мағлубият мезони майдалашди. Ғалаба мезони майдалашди. Арзимас мукофот олган ижодкорнинг боши осмонга етди, арзимас мукофот ололмай қолган ижодкор аламидан ҳафталаб ароқ ичиб “запой” қиладиган бўлди.

Одамлар ҳамма нарсага нафс — қорин нуқтари назаридан баҳо берадиган бўлди.

Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон авлоди неқадар тубанлашиб кетган бўлса-да, аммо улар адабиёт олдида, келажак олдида масъулияти борлигини мудом ҳис этиб туришар эди, уларнинг масъулияти бор эди. Улардан кейинги авлод вакилларининг аксарияти (Сирожиддин Саййидми, Иқбол Мирзоми ё бошқаларими) ҳали шаклланмаган думбул ижодкорлар. Шунинг учун улар масъулиятни ҳис қилолмади. Шу боис уларни айблаб ҳам бўлмайди, уларни айблаш ҳам тўғри эмас. Чунки улар шахс сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам шаклланмаган. Шунинг учун уларда маҳмадоналик жуда баланд, шунинг учун улар кўп нарсадан уялмайди. “Биз адабиётга хизмат қилаяпмиз! Биз ватанга хизмат қилаяпмиз!” деб доим кўкракларига муштлашарди. Ҳолбуки, улар фақат битта одамга хизмат қилган, холос. Уларнинг кўрар кўзлари ўша, адабиёт тимсоли ҳам, ватан тимсоли ҳам ўша эди. Мана фожиа қаерда! Бу масалаларга жуда жиддий қараш керак.

T24: Адабий танқид масаласида нима дейиш мумкин, Иброҳим ака?

И.Ҳ.: Адабиёт бўлмаса, адабий танқид қаердан пайдо бўлади! Адабиёт сўндими, адабий танқид ҳам ўз-ўзидан сўнади. Адабий танқиднинг материали адабиёт бўлгач, ундан куч олади, унга монанд равишда ривожланади. Адабиёт сўнганидан кейин адабий танқид ҳам ўз-ўзидан тўхтади, ҳозир адабий танқид ўз ҳолича мустақил фикр билдириш қувватига ҳам эга эмас. Ҳатто советлар давридаги танқидчиларнинг фидойилигини ҳам бугунги мунаққидлардан топиб бўлмайди, ҳамма нарса аллақачон бой берилган.

Адабиётчини ҳам, танқидчини ҳам хор қилган, минг мақомга солиб ўйнатган нарса – тирикчилик. Кейинги йилларда қанча моддий қийинчилик бўлган бўлса, уларнинг асосий оғирлигини шоир-ёзувчилар, олимлар бошидан кечирди. Шунинг учун уларни “Сен маддоҳ бўлдинг! Сен ялтоқисан!” деб тўғридан-тўғри айблаш ҳам инсофдан эмас. Ижтимоий муҳит қанақа эди? Шароит қанақа эди? Улар нега бу аҳволга тушди? Мана шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олсангиз, Муроджон, ана ундан кейин ҳаққоний хулоса чиқариш мумкин.

T24: Адабий анъаналарнинг ижодкор шахсиятига таъсири жуда жиддий бўлади шекилли. Анъаналардан қутулиш керакми ёки анъаналарга содиқ бўлган маъқулми?

И.Ҳ.: Мен яқинда “Адабий анъана ва Ғафур Ғулом ижоди” мавзусида бир мақола ёздим. Бу мақола бировларга ёқса, бировларга ёқмаслиги мумкин. Мен Ғафур Ғуломни оқламоқчи эмасман, лекин қораламоқчи ҳам эмасман. У қандай бўлса ўша ҳолида, ўша ҳолатида кўриб талқин, тадқиқ қилмоқчиман. У қандай ҳолатда ижод қилди? Ижодига қараб қандай хулоса чиқариш мумкин? Муроджон, ҳозирги ёш маддоҳ шоирларда миллий шуур йўқ, ишонаверинг! Уларга бир қарасангиз, чала бахшига ўхшайди. Яна бир қарасангиз, чала ўйинчига ўхшайди.

Бироқ Ғафур Ғулом, Маҳсуд Шайхзода, Миртемир сувратида Ленин ё шўро деса ҳам, компартия деса ҳам ич-ичида, сийратида – ботинида миллат бор эди, эски давлатчилик ғурури, Амир Темур сиймоси юракларида барҳаёт эди. Улар кулиб-қувониб яшаётгандек кўринса-да, ичида қон йиғлаган.

Нима демоқчиман?

Ғафур Ғулом билан Мақсуд Шайхзода оламдан ўтиб кетганидан кейин ҳазрат Навоий ижодини улардан ортиқ биладиган, улардан ортиқ ҳис қиладиган бирорта ижодкор пайдо бўлди деб айта олмайман. Улар ҳазрат Навоий асарларини хатм қилган, ҳазратнинг руҳи билан яшади. Улар маълум маънода ич-ичида ҳазрат Навоийга, Фузулийга, Заҳириддин Муҳаммад Бобурга, Бобораҳим Машрабга ҳисоб бериб яшаган. Бугунги маддоҳчалар-чи? Тилида уларнинг номини такрорлашдан чарчамайди-ю, аслида уч-тўртта ғазалидан иқтибос келтиришдан нарига ўта олмайди. Улуғларнинг руҳидан ҳозирги маддоҳчаларда ном-нишон йўқ. Ғафур Ғулом эса бизгача улуғларимизнинг руҳини олиб келди. “Алишер” деган шеърини эслайсизми?

Юксак тоғ оралаб ўкирган шернинг Наърасига тенгдир акси садоси, Беш юз йил янгради тоғдай ватанда Буюк Алишернинг асрий нидоси…

Ғафур Ғулом шеъридаги “буюк Алишернинг асрий нидоси” сизни ўрнингиздан турғазиб юборади. Ҳазрат Навоийни ичидан билмаган, ичидан англай олмаган шоир бундай ёза олмайди, бундай гапни айта олмайди.

Бу ерда анъаналарга қараш ҳақида гап кетаяпти. Абдулла Орипов авлодида анъаналарга қараш Ғафур Ғуломга нисбатан яқинроқ. Эркин Воҳидовлар Шайхзода мактабини, Ойбек мактабини, Миртемир мактабини, Ғафур Ғулом мактабини давом эттирган.

“Биз Абдулла Ориповга шогирдмиз, у кишининг этагидан тутдик!” ёки “Биз Эркин Воҳидовга шогирд тушдик, у киши оғзимизга тупуриб қўйди!” деб кариллайдиган кейинги авлод шоирлари классик меросимизни деярли билмайди. Ёшлар корчалонлик ва маддоҳлик бўйича шогирд бўлган, меросхўр бўлган, холос.

Устоз Шайхзода ҳам, Миртемир домла ва Ғафур Ғулом ҳам классик адабиётимизни, дунё адабиёти тажрибаларини жуда яхши билар эди.

T24: Ҳозирги ёш шоир-ёзувчилар билан сизнинг авлодингизга мансуб ижодкорлар орасида қандай фарқлар бор? Ўхшаш томонлари йўқми?

И.Ҳ.: Энди тасаввур қилинг: мана бу ерда Рауф Парфи бор, сал нарида Омон Матжон бор. Сал нарида Муҳаммад Юсуф билан Сирожиддин Саййидни тасаввур қилайлик. Ва икки авлод вакилларининг классик адабиёт билан жаҳон адабиёти тажрибасини ўрганганлик даражасини қиёслаб кўринг-чи! Мутлақо бошқа-бошқа манзараларга дуч келасиз, ер билан осмонча фарқни кўрасиз.

Кейинги пайтларда чуқур билим, мустақил фикр талаб қилинмади. Ҳатто шу нарсалар халақит бера бошлади. Энди шахсият керак бўлмади. Агар шахсият кўзга кўринса, у эркинликни намойиш қилиши керак, у ҳақиқатни айтиши керак, у “лаббай!” деб таъзим бажо келтирмаслиги керак, инкорчилиги ҳам бўлиши керак ва ҳоказо. Шунинг учун бу ерда силлиқлаш ва силлиқланиш бошқача жараёнда кетди.

Биласиз, биз кўп йиллар давомида Рауф Парфи билан ёнма-ён яшадик, адабиёт тўғрисида кўп суҳбатлашганмиз. У кишининг адабиёт ҳақида бир гапи бўларди, ундан: “Нега кам ёзасиз? Дангаса бўлсангиз керак-а?”, — деб сўрасам, “Тўғри-тўғри, кам ёзаман, дангаса бўлсам керак”, — дер эди. Бирпас сукут сақлаб турарди-да, давом этарди: “Ҳар қандай зўр шоирдан ҳам фақат битта китоб қолади, ҳамма Алишер Ғиёсиддинович бўлавермайди, шуни билиб қўйинг!” (Яъни, ҳамма Алишер Навоий каби кўплаб дурдона асарлар ёза олмайди), — дер эди. Шеърларини қайта-қайта таҳрир қилаверарди: газета-журналда чоп этилганидан кейин ҳам, китобида чиқиб кетганидан кейин ҳам шеърларини таҳрир қилиб чарчамасди. Менда қайта-қайта таҳрир қилган кўплаб шеърларининг вариантлари сақланиб қолган. Қолаверса, агар дунёда иккита ҳақиқий китобхон бўлса, биттаси Рауф ака эди. Агар битта чинакам китобхон бўлса, шак-шубҳасиз, у ҳам Рауф ака бўлади. У китоб ўқишдан чарчамасди. Китоб варақласа ҳам албатта бирорта янгиликни топиб оларди. Доим янгиликка интиларди. Дунё адабиётида нима бўлаяпти? Миллий адабиётимизни қандай қилиб янгилаш мумкин? Шеър олдидаги масъулият нима? Сўз олдидаги масъулият нима?.. Мана шундай масалалар устидан доим бош қотирарди устоз Рауф Парфи. Шоир сифатида зиммасида бўлган масъулиятни ҳеч қачон эсидан чиқармасди.

Бугун шоирман деб кариллаб юрган бирорта қаламкашда ундай масъулият йўқ.

Мустақиллик даврида кўп нарсаларга эришилди. Лекин адабиёт соҳасида, санъат соҳасида, маънавият соҳасида кўп нарсалар бой берилди.

Баъзан Ёзувчилар уюшмасида думбул шоирлар ёшларга сабоқ берди деган хабарларни эшитиб қоламан. Ажаб-ажаб, ўзлари чаласавод бўлса-ю, қандай қилиб ёшларга сабоқ бериши мумкин? Кулгим қистайди. Ёшларнинг маслаги, дунёқараши ёшликдан покланмаса, тозаланмаса, кейин кеч бўлади. Эътиқоди, дунёқараши бир кирланган ёшларни кейин тўғри йўлга солиб бўлмайди.

Ярқ этган бирорта ёш шоир борми? Ярқ этган бирорта ёзувчи борми?

Ёшлар шунчаки ёзишни ўрганади. Дид ҳаминқадар. Савия ҳаминқадар. Яна адабиёт ҳақида оғиз тўлдириб уялмасдан гапираверишади! Ҳамма тараф ёлғонга тўлиб кетган. Ёлғон гуриллаб ётибди. Бугунги ҳаёт ҳақида ҳам, адабиёт ҳақида ҳам керакли гапни гапириш керак.

Ҳозир кераксиз гаплар жуда кўп гапирилаяпти. Агар фақат керакли гап гапирилиб, ҳар соҳанинг одами ўз ишини қилса, ҳокимиятга ялтоқилик қилмаса, ҳозирги ҳокимият ялтоқланишга муҳтож эмас, “Менга маддоҳлик қил!” демайди, шундагина ҳар соҳада ривожланиш бўлади. Маддоҳларни тузатиш қийин, улар барибир ўз билганидан қолмайди. Бизда чиркин бир мусобақа бор, бу жуда ёмон мусобақадир: бу мукофотбозлик! Хўп, моддий манфаатдорлик керак, аммо ғирромлик билан мукофот учун курашиб ётган кимсаларни кўриб одам ирганиб кетади. Яхши асар ёзишдан бошқа мукофот ҳам борлигини ўйламайдиган шоир-ёзувчиларимиз бармоқ билан санарлидир. Мана фожиамиз қаерда!

Яқинда Рауф Парфининг 75 йиллик таваллуд айёми бўлади. Менимча, “Рауф Парфининг санъаткорлик мактаби” барпо этилиши керак. Модомики, адабиёт сўз санъати бўлар экан, ёш ижодкорлар Рауф Парфининг санъаткорлик маҳоратини ўрганмасдан қаёққа бориши мумкин? Устоз Рауф Парфининг энг собит талантли шогирди, шубҳасиз, Муҳаммад Солиҳ эди.

T24: Рауф Парфи умрининг охирида ёзган шеърларида ҳаётининг концепсиясини тўла-тўкис очиб бергандай, адабий таҳлилчиларга иш қолдирмади гўё. Рауф Парфи сўнгги асарларида гўё ҳаётдаги миссиясини очиқлайди: Яссавий, Навоий метафизикаси, космогониясига уйғун келган янги ва оддий шаклда замон руҳи кайфиятини айтади. Сиз Муҳаммад Солиҳни “Рауф Парфининг энг собит талантли шогирди” деб айтдингиз, шу ўринда Муҳаммад Солиҳнинг, адашмасам, 1976 йили ёзган “Сен – қушсан, хабаринг йўқ бу сирдан…” деб бошланувчи катта бир шеъри мумтоз адабиёт анъанасини янги шаклда давом эттирганини ёдга солади. Узр, фикрингизни бўлганим учун.

И.Ҳ.: Солиҳ устозга тақлидчи шогирд даражасида қолиб кетмади, ўзи ҳам миллий адабиётимизга янгилик олиб кирди. Солиҳ шеърларида ўзига хос усулда халқ дардини баралла айта олди. “Ирония — заҳарханда” ифодалар орқали залворли миллий ғоялар, миллий дард зукко ўқувчига тақдим этилади.

Байт:

“Йўқолсин бойлар дедик, Йўқолди бойлар. Яшасин йўқсиллар дедик, Яшаяпти йўқсиллар.”

Қаранг, халқ қашшоқ бўлиб кетди деган маънони гўё шўро давлатининг қип-қизил ғоясини пропаганда қилаётгандек бир тарзда шеърга кўчиради.

Солиҳнинг яна бир заҳарханда шеърида “Тупурдим пайғамбарнинг ол соқолига” деган сатр бор. “Ие, Солиҳ шаккоклик қипти-ку!” деб тўполон қилади айрим дўстлар. Ваҳоланки, пайғамбар деганда у қизил (ол) соқолли Маркс-Энгельс-Ленин деган пролетарлар доҳийсини назарда тутади. Шўро сиёсатига астойдил хизмат қилиб юрган айрим танқидчилар “Шеърингизни тушунтириб беринг!” деган махсус мақола ёзиб Муҳаммад Солиҳ шеърларидаги миллий ғоялар ифодасини ошкор этиб шоирни фош қилмоқчи ҳам бўлади. Муҳаммад Солиҳ миллий адабиётимизда ўз ўрнига эга покиза шахсият.

Ҳозир адабиётимизнинг эгаси йўқ. Агар Абдулла Қаҳҳорга ўхшаган битта посбонимиз бўлганда борми, адабиёт атрофидаги вазият бирдан ўзгарар эди. Аммо талантсиз минглаб қаламкашлар Қаҳҳор домлага қарши дарров бир ёқадан бош чиқариб, бирлашиб олиб кураш бошлаб юборарди. Талантсизлар бирпасда бирлашади, талантли ижодкорларнинг бирлашиши қийин. Чунки талантли одам ўз ҳолича бир дунё бўлади.

“Адабиёт атомдан кучли, аммо унинг кучини ўтин ёришга сарфламаслик керак”, деган эди Абдулла Қаҳҳор. Афсуски, узоқ йиллар адабиётнинг кучи билан фақат ўтин ёрдик, холос.

Манба: turon24.uz