Тилланисо Эшбоева. Шеърлар

Тилланисо Эшбоева. Шеърлар
39 views
03 September 2018 - 22:31

Тилланисо Эшбоева 1993-йилда Бухоро вилояти Қоракўл туманида туғилган. “Дилхат” шеърий тўплами муаллифи. Шеърлари “Сизга шеър айтгим келади” ёшлар баёзида, туман, вилоят ва республика газета-журналларида ёритилган. Шу йил Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлади («Уч илдиз» веб-саҳифасидан юборилган маълумот. Пастда ёзилган изоҳга қаранг).

 Яқинда унинг яқин дўстларидан бири — Бахтинисо почтамга Тилланисонинг шеърларини юборибди. Ўқиб кўриб, ёш шоира ўзига хос дунё яратишга интилаётганини кўрдим.  Шеърлари кўпроқ сочма йўлида ёзилган. Тизгинсиз сочма худдики бўронда қутирган, ой остида сокин мавжланган қалб денгизининг ойнасига ўхшайди.  Бир қарашда осон кўринса-да, сочма ижодкордан етарли тажриба ва маҳорат талаб қилади. Жуда содда тарзда айтсам, сочма  эркин ифода (ростгўйлик) ва фикрий оҳангдорлик (тажриба) дан туғилади. Тўғри, ростгўйлик болаликдан келади, тажриба эса вақт билан етилади. Тилланисонинг шеърларини ўқиб, шоира ўз изланишларида намоён бўлаётган ростгўйлик ва тиришқоқликни давом эттирса, келгусида ўзига хос оламини ярата олишига ишонгим келди.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

06
Тилланисо Эшбоева
ШЕЪРЛАР
045

* * *

Келманг, менда ҳеч нарса йўқ,
Топа олмайсиз…
Руҳимда фақат хазонларнинг шитирлашлари…

Мен шундай мавҳумман, хаёлдай мавҳум
Кўнглингизга ураман бирдан.
Азобман, ўзига сиғмаган лаҳза
Сочилиб кетаман оғриққа, шеърга.

Туннингизни барибир қилмайман хушбахт,
Кунингизда қуёшдек жарангламасман.
Азобга сочрилиб сокин тортган дунёман,
Ёдингизни кезиб юрган хаёлпарастман.

Келманг, менда ҳеч нарса йўқ ,
Топа олмайсиз,
Руҳимда фақат хазонларнинг шитирлашлари.

Тўкилиб-тўкилиб сокин тортган дунёман.

 

САРОСИМА

Гўё кимдир келган мени сўроқлаб
Ёки кимдир кетган мангуга ташлаб.

Шундай саросима қўйнида бу тун
Ҳамма нарса остин-устун юрак ичида.
Ё сен келгансану кетгансан зумда.

Сен руҳимни ёққан мангу саросимасан.

Мен эса сиғиниб яшайман ойнинг нурига ,
Ва сенга дош бергум, эй саросима, шу хира ёруғнинг саботи билан.
Ва мен сени севарман шундоқ хатарли,
Ҳар лаҳза севарман
Қайғу ва қувончнинг  жуда узун ҳаёти билан.

****

Ичимга ютаман мудраб ботаётган шу маъюс шомни,
Ичимда йиғлар шомлар.
Ичимга ютаман йилларни.
(Қўлимдан келмас бошқаси.)
Ёлғизликнинг ҳайбатига айланади куй
Ва қоришар шомга,
ичда йиғига.
Ўз-ўзига сиғмай қилар шом.
Сочилиб кетаман йўлга, ҳавога
Юрагимни тирнаб ўтади олам.

Шу тиғли оламни ичга ютаман.

****
Мен азоб чекаман сўнгсиз шубҳада…
Е.Евтушенко

 

Мен самимий, бўлолмасман, йўқ!
Ана, қуёш самимий, нурлари жаранглар дилда,
Самимий тун, бағрини ёритмас ёғду.
(Тун тунга ўхшайди, зулмат зулматга.)
Мен самимий бўлолмасдирман.

Совуқдан титрагандек маъюс ой кўкда
Шубҳа оловида титрайман бедор.
Парчаланиб-парчаланиб ҳар лаҳза ичда
Кўзингизга парчаланиб боқишларим бор.
Самимий дарахтларнинг ёдида сингиган ўйлар,
Келажакка бемақсад чопган бу йўллар,
Ёдингизда тўлғонган ул дамлар самимий,
Самимий, кўксимдаги мангу ғамлар самимий.
Самимийдир ойлар, йиллар, шубҳалар,
Мен самимий бўлолмасдирман!

****

Зулматга қоришиб ёришади тонг,
Оғриққа қоришган севинчим…

Қабрнинг ичида йиғлар аллаким,
Келганидан хурсанд балки йиғлаш фурсати.
Оғир-оғир ҳансираб қуёш чиқар самога
Оғир-оғир ҳансирар дилда
Қабрда йиғланар оғриқ, милдираган кўз ёш қисмати.

***

Онажон, мен шаҳардан бораман сизга ,
Ўйларим ичидан келаман елиб,
Мен сизга бир сокин дунё элтаман,
Қуёшлар, дарё , тўфонлар
Ул сокин дунёга урилган келиб.
Ул дарёга оққан аччиқ ёшингиз,
Ул тўфонда менинг қаҳрим, курашим,
Бир қуёш сизга ҳеч элтмаган қуёшим.

Мен сизга бир сокин дунё элтаман.

* * *

Мен бормидим шамолнинг маъюс хаёлларида
Дунёдан олдин?
Мени босиб ўтган фано ғамида
Ғамлардан олдин—
Бормидим?
Мен келдим!
Гувоҳ олиб келдим дунёга—
Барча гуноҳимнинг шаҳодатини.
Япроқлар кўзида мен деб йиғлаган,
Ҳайқириғин руҳимга ютган гувоҳ.
Бормидим дунёнинг ёдида
Ҳаётдан олдин?
Гуноҳ олиб келдим дунёга
Дунёнинг ёдида бўлмаган гуноҳ!

1.Бори шу, қолгани абас:
Тепада осмон, соғинчингда Худо,
Бир чеккада куй ва изтироб
Ва уларнинг сочилган ёдида сен борсан холос.

* * *

Мен зангор сув — шовуллаб оқаман кунлардан,
Нурман — заминдан йиғиб олган шомнинг ранглари.
Хоксорман, булутдай парқу, дилга тўлган ҳавоман.
Азобман,
Руҳимни айтиб-айтиб йиғлар сукунат.
Сизга эса одамман, одамман фақат
Кўзларида ғичирлатган тош,
Дўстим, одамман, одамман фақат,
Ўз овозига қамалган ўзи…
Мени айтиб-айтиб йиғлар сукунат.

* * *

Дарвешу, хирқамас ҳаётнинг оти,
Маю гулоб ҳам эмас бу ҳаёт.
Одатий бўлгандек қуёшнинг нури
Ҳаёт ҳам бир одат, яшаш шарт бўлган одат.

* * *

Суратлар рангига кириб йиғладим, кўрмадингиз сиз,
Бўлганича бўлди Парвардигор ҳам,
Бўлганича бўлди энди ҳаммаси.

Сўнг оқдим суратлар рангига тўлиб,
Оқиб боравердим беҳис, беҳадик.
Етмаган нафаслар, келмаган кунлар,
Қоларму суратлар ёдида тирик?

Оқиб борармикан келажакка то,
Нурнинг олдидаги висол лаҳаси,
Ўйнинг олдидаги висол лаҳзаси?
Суратлар ёдида қоларму мангу
Юрак ҳовучланган лаҳза ларзаси?

Бўлганича бўлди Парвардигор  ҳам,
Бўлганича бўлди, энди ҳаммаси.

* * *

Тонг қўйнида йиғлар булбули,
Тонг қўйнида йиғлайди бир қиз.
Қаттиқ йиғламоқда силкиниб,
О, нега келганди бу йўлларга у ?
У қаттиқ соғинган туғилмаслик эркини.

Манба: kh-davron.uz