Гулнора Каримовага $350 млн доллар пора берганликда айбланаëтганлар устидан суд бошланди

Гулнора Каримовага $350 млн доллар пора берганликда айбланаëтганлар устидан суд бошланди
45 views
04 September 2018 - 12:48

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, 4 сентябрь куни эрталаб Швеция пойтахти Стокҳольм шаҳар судида Ўзбекистон 1-президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 350 миллион АҚШ долларидан кўпроқ пора берганликда айбланаëтган уч шахс устидан маҳкама жараëни бошланган.

2012 йилнинг 19 сентябрь куни Швеция жамоатчилик телевидениеси суриштирув журналистлари TeliaSonera раҳбарларидан сўраган “Ўзбекистонга кириш учун Каримов режимига пора бердингизми?” деган саволга орадан олти йил ўтиб маҳкамада жавоб топиш фурсати келди.

Судланувчилар курсисида ўтирганлар акцияларининг учдан бир қисми швед ҳукуматига қарашли Telia (эски номи TeliaSonera – таҳр.) ширкатининг собиқ бош ижрочи директори Ларс Нюберг¸ ширкатнинг собиқ молиявий директори ва вице-президенти Теро Кивисаари ва Евроосиë фаолияти бўйича собиқ бош маслаҳатчи Ули Туимадир.

TeliaSonera ширкати бош ижроия директори Ларс Нюберг "ўзбек иши" жанжалидан кўп ўтмай¸ 2013 йилда истеъфога чиқишга мажбур бўлган эди.
TeliaSonera ширкати бош ижроия директори Ларс Нюберг “ўзбек иши” жанжалидан кўп ўтмай¸ 2013 йилда истеъфога чиқишга мажбур бўлган эди.

Учала судланувчи 2007-2010 йилар давомида Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш¸ 3G ва 4G лицензияларини сотиб олиш¸ қолаверса¸ махсус ҳимояга эга бўлиш учун турли молиявий схемалар орқали Гулнора Каримовага пора берганликда айбланмоқда.

Суд бошланди

Маҳкамага икки ҳакам Tomas Zander ва Anna Liljenberg Gullesjö раислик қилмоқда¸ уларга тўрт нафар жамоатчилик кенгаши вакили ҳамроҳлик қилмоқда.

Суд залида прокурорлар¸ судланувчилар ва уларнинг кўп сонли адвокатлари ва Telia намояндалари иштирок этмоқда.

Айтилишича¸ Telia собиқ раҳбарларини Швециядаги энг танилган¸ энг қиммат адвокатлар гуруҳи ҳимоя қилмоқда.

Суд очилишида прокурор ва ҳимоячилар айрим процессуал масалаларни муҳокама қилдилар.

Прокурор ва ҳимоячилар гуруҳи Telia ширкатининг ҳозирги бош ижроия директорини судда қайси мақомда сўроқ-жавоб қилиш масаласида тортишди.

Прокурорлар унинг қасамëд остида интервью қилинишини¸ ҳимоячилар эса¸ бунга ҳожат йўқлиги борасида тортишди ва ҳакамлар бу масалада қарор бериш учун танаффус эълон қилди.

Қисқа танаффусдан сўнг ҳакам прокурор сўровини қондирди ва Telia жорий раҳбарларини жараëнга бевосита алоқадор гуруҳ вакили сифатида қасамëд остида кўрсатма бериши ҳақида қарор чиқарди.

Прокурор айблови

2012 йил сентябрида TeliaSonera раҳбарларининг Ўзбекистонга кириши катта миқдордаги коррупция билан бошланганига оид гумонлар юзасидан жиноят иши очган Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси раҳбари Гуннар Стетлер биринчи гапиданоқ судланувчиларни Гулнора Каримовага пора берганликда айблади.

“Гулнора Каримова бевосита телекоммуникация расмийси бўлмаса-да¸ расмий мақоми Ташқи ишлар вазири ўринбосари¸ Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси бўлган Каримова мамлакатдаги аксар бизнес¸ хусусан телеком бозорини назорaт қилган”¸ деди жумладан прокурор ўз айбловида.

Ўз айбловини қувватлаш учун Стетлер¸ 2007 йил февраль-март ойларида Каримова томонидан тайинланган “ўзбек шерик” билан музокаралардан сўнг TeliaSonera бевосита Гулнора Каримовага қарашли деб ишониладиган Takilant ширкатига юзлаб миллион доллар пул ўтказганини тасдиқловчи фактларни тақдим этди.

Прокурорга кўра¸ 2007 йилдан 2010 йиллар оралиғида Telia Takilant ширкатининг Швейцариядаги банк ҳисобларига Латвия¸ БАА ва Ҳонг-Конгдаги банклар орқали жами 350 миллион доллар пул ўтказган. Бу¸ айблов таъкидича¸ аввалдан келишилган откат ва пора бўлган.

“Теро Кивисаари Гулнора Каримова тайинлаган “ўзбек шерик” билан бевосита музокара қилганлик ва бу пора миқдорини¸ унинг қандай тўланишини муҳокама қилган бўлса¸ TeliaSoneraнинг ўша пайтдаги бош ижроия директори Ларс Нюберг¸ бу ишни тўхтатиши мумкин бўлгани ҳолда¸ уни тўхтатмаган”¸ деди прокурор Стетлер.

Адвокатлар жавоби

Гуннар Стетлернинг бу айбловига жавоб бериш сўралган Теро Кивисаари адвокати Leif Gustafson¸ ўз чиқишини мижозининг ўзига қўйилаëтган бирорта айбни бўйнига олмаслигини қатъий туриб таъкидлашдан бошлади.

“Кивисаари ҳеч қандай пора бериш жараëнида қатнашмаган. Кивисаарида бунча катта миқдордаги пулни пора сифатида тўлаш ваколати бўлмаган. Бундай ваколат TeliaSonera бошқарув кенгашидадир”¸ деди Кивисаари адвокати.

“Гулнора Каримова¸ номи келтирилмаган “ўзбек расмийси” ва Беҳзод Аҳмедов¸ айблов хулосасига кўра¸ порани олган шахслардир. Жаноб Кивисаари бу айбловни на тасдиқлаш¸ на инкор этиш имконига эга эмас¸ чунки у ҳеч кимга пора беришда қатнашмаган”¸ деди адвокат жумладан.

Адвокат¸ шунингдек¸ Гулнора Каримованинг расман юқори даражали давлат расмийси бўлмагани¸ хусусан¸ телекоммуникация соҳасига оид қарор қабул қилиш ваколатига эга шахс бўлмаганини таъкидлаб¸ прокурор айбловига эътироз билдирди.

Бу – судланувчилар адвокатлари урғу бераëтган асосий жиҳатдир. Зотан¸ 2012 йилга қадар амалда бўлиб келган Швеция қонунчилигига кўра¸ махсус имтиëзлар учун фақат уларни тақдим қилиш ваколатига эга давлат расмийсига пул беришгина пора ҳисобланади. Шунинг учун адвокатлар зўр бериб Гулнора Каримованинг телекоммуникация соҳасидаги шартномаларни имзолаш ваколатига эга расмий бўлмаганини таъкидламоқда.

“Кивисаари бирор давлат расмийси билан музокара қилмади¸ улардан бирортасига пора бермади. У фақат телеком соҳасидаги бизнес намояндалари билангина музокара қилди”¸деди жумладан Кивиссари адвокати.

TeliaSonera ширкатининг Евроосиë фаолияти бўйича собиқ бош маслаҳатчи Ули Туима адвокати Hans Strandberg ҳам ўз мижозининг “Ўзбекистондаги бирор давлат расмийсига пора бермагани”ни¸ Гулнора Каримованинг давлат амалдори бўлмаганини таъкидлади¸ айни ҳимоя концепциясини давом эттирди.

“Бу келишув матнини менинг мижозим тайëрламади. Боз устига¸ айбловда Takilant ҳисобига ўтказилган пулларнинг бевосита Каримовага берилганини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ. Takilant эгаси Гаяне Авакян¸ айблов томонида Авакян ва Каримова ўртасида қандайдир келишув бўлганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмади”¸ деди Туима адвокати.

Журналистик суриштирув прокуратура терговига айланди

2012 йилнинг 19 сентябрь куни SVT – Швеция жамоатчилик телевидениеси “TeliaSonera – ўзбек иши” деб номланган ҳужжатли фильмни намойиш этди.

Бир неча ойлик журналистик суриштирув асосида ҳозирланган мазкур фильмда учдан бир қисм акциялари Стокҳолм ҳукуматига қарашли бўлган TeliaSonera ширкати 2007 йилда ўзбек мобиль алоқа бозорига кириб¸ UCell корхонасини очиш учун Гулнора Каримовага 2 миллиард 200 миллион швед кронаси (ўша пайтдаги ҳисоб-китоб бўйича 337 миллион АҚШ доллари) миқдорида “откат” берганликда айбланди. Фильмда Гибралтарда Гаяне Авакян номига рўйхатдан ўтган Takilant ширкатининг асл эгаси Каримова экани¸ швед ширкатидан олинган пора ва откатнинг ҳар хил ўртакашлар орқали Каримованики айтилган банк ҳисобларига бориб ўрнашиш схемаси кўрсатилди.

(TeliaSonerа 2007 йил июль ойида Ўзбекистондаги Coscom уяли алоқа оператори улушларининг 74 фоизини қарийб ярим миллиард АҚШ долларига сотиб олган. Кейинчалик Ucell дея номи ўзгартирилган ширкатнинг 26 фоизига эгалик қилган Takilant Ltd. ширкати яна 20 фоизлик улушни 2010 йилда 320 миллион АҚШ долларига сотган.)

Бу айблов¸ ўша куннинг ўзидаëқ мамлакатда шов-шувга сабаб бўлди ва ҳукумат ва TeliaSonera коридорларида жиддий можаро бошланишига асос бўлди.

Фильм намойиш қилиниши ортидан Жамоатчилик ҳолдинглари бўйича давлат вазири телевидениеда чиқиш қилиб¸ қўйилаëтган айбловларнинг ниҳоятда жиддий экани ва бу саволларга аниқ жавоб берилиши лозимлиги ҳақида баëнот берди. Айни пайтда¸ Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси раҳбари Гуннар Стетлер TeliaSoneraнинг Ўзбекистон ҳукуматидан қандай қилиб частота ва лизенцияни сотиб олгани юзасидан жиноят иши бошланганини эълон қилди.

TeliaSonera бошқарув кенгаши директори Ларс Нюберг бу айбловларни рад қилишга уринди ва улар тасдиқланган тақдирда¸ истеъфога кетишини билдирди.

Фильм намойишидан ўн кун ўтиб – 1 октябрь куни ГуннарСтетлер суддан Takilant ширкатининг Nordea банкидаги 30 миллион АҚШ долларини музлатишни сўради ва Стокҳольм суди бу сўровни қондирди.

2012 йилнинг 3 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда Стетлер¸ ўзи очган жиноят ишининг асосий фигурантлари Гаяне Авакян ва Алишер Собиров ва Беҳзод Аҳмедовлар эканини билдирди. Стетлер¸ 2014 йилга келиб Гулнора Каримованинг ўзи ҳам бевосита жиноят иши фигурантига айланганини билдирди.

Айни пайтда¸ Швецияда бошланган бу жанжал Тошкентда ҳам акс-садо берди. 2012 йилнинг 20 сентябрь куни Узметроном интернет нашри ҳукуматдаги ўз манбаларига таяниб¸ Ўзбекистон бош вазирининг собиқ ўринбосари, Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги собиқ раҳбари Абдулла Арипов (жорий Бош вазир -таҳр.) га нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида хабар тарқатди. Узметроном ўшанда Абдулла Ариповга, жумладан, “Ўздунробита” ширкатига қўшимча ретрансляторлар ўрнатиш учун ноқонуний рухсатномалар берганлик айби қўйилгани ва иш доирасида “Ўздунробита” ширкати мол-мулкинининг давлат фойдасига ўзлаштирилганини ëзган эди.

2012 йил декабрида швед журналистлари ўз суриштирувини давом эттириб¸ “TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи” номли яна бир ҳужжатли фильмни тақдим этди. Унда TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун катта миқдорда пора бергани билан боғлиқ жанжалга оид янги тафсилотлар берилди.

Бу фильмлар намойиши ортидан швед нашрлари 2012 йил декабрида Ўзбекистон ҳукуматининг Швеция Ташқи ишлар вазири номига норозилик нотаси йўллаб¸ Гулнора Каримовага қўйилган айбловларни “жанжалли ва провокацион” деб атаганини хабар қилди.

Швед прокуратураси сўровига 2012 йил декабрида Ўзбекистон Бош прокуратураси “Takilant ва Гаяне Авакяннинг TeliaSonera билан олди-бердиси рисоладагидек, Ўзбекистоннинг барча қонунларига мос равишда амалга оширилган”¸ деб жавоб қайтарди.

Аммо орадан икки йилча вақт ўтиб¸ 2014 йилнинг 18 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси жами 13 нафар шахс, жумладан, Гулнора Каримованинг фуқаровий эри бўлган Рустам Мадумаров ва унинг молиявий шериги Гаяне Авакянга нисбатан жиноят ишини Ўзбекистон Ҳарбий суди 24 май куни кўриб чиққани ва судланувчиларнинг узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилингани хабар қилди¸ аммо уларга айнан неча йил берилгани очиқламади.

ЎХҲ хабарлар бўлими