Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 14

Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 14
66 views
05 September 2018 - 8:00

14. ЗАМОНДОШЛАРИМГА МАДДОҲЛИКДАН ВОЗ КЕЧГАНИМ ҲАҚИДА

Миллий энциклопедиядаги маълумотларни мактабларга тарқатиш фикридан қайтдим. Менимча Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асарида шундай эътироф бор эди:

Мен ёввойилашиб кетган туркий сўзларни тутиб келдим деган. Чор Россияси юртимизга бостириб келганидан сўнг, Оқ пошшо, генарал Скобелев шундай деб ёзган эди: «Маҳаллий халқ биз ўйлагандан кўра маданиятли экан. Уларни бўйсундира олмаяпмиз. Бу халқнинг ўтмишда яратилган барча осори атиқаларини, масжиду мадрасаларини, диний китобларини ер билан яксон қилибгина, уларнинг маънавиятини сўндирибгина ўз қанотимиз остига олишимиз мумкин”.

Бир юз эллик йил давомида мана шу ғоя устувор бўлиб, ўзбек-туркий сўзлар дашт-у-саҳро,тоғ-у – тошга дарё-ю, океанга улоқтириб ташланди.

Юсуф Хос Ҳожибнинг ишини энди ким қайтаради???!!!

Ўзбек сўзининг шунақанги улуғвор сўз эканлигини бутун дунёга билдириш нарёғда турсин, ўзингнинг она Ватанингда исботлаш чунонам мушкуллигини мен билмас, Аллоҳ эса бу ишларнинг барчасидан Хабардор эканлигини мана саккиз йил ўтиб энди англаб етяпман.

Бу ишларни мен бошламасам ким қилади?

Мана сизга савол?

Юртимизда неча филология ва тарих факультетлари бор-у, уларнинг битирганларнинг сони нечта? Юз минглар мутахассис бор-ов. Лекин, ўзбекнинг кимлиги нега уларни қизиқтирмайди?

Ўзбек деган сўзнинг маъносини билиш фақатгина тилшунос ҳамда тарихшуносларнинг ишими?

Ҳар бир ўзбекман деган кишининг иши эмасми?

Агар ўша 2010 йилда «Ўзбек атамасининг келиб чиқиши ҳақида»ги рисоламни ўзбек зиёлилари ура-ура тарзида қабул қилганида нима бўларди?

Рисола чиққанидан сўнг бу фикрни бошқа зиёлиларимиз мендан ҳам олдин айтганлиги маълум бўларди. Мен уларнинг фикрини жон-жон деб асаримнинг иккинчи нашрига қўшардим. Шу билан ўзбек тилшунослари, тарихчилари ўртасида ҳозиргача сир, жумбоқ бўлиб келаётган бир атаманинг қандай пайдо бўлганлиги ечими оламга сочиларди.

Мен ўзимнинг маблағим эвазига қимтиниб, уриниб-суриниб бу китобчадан 200 дона чиқармасдим-да, биронта бир иймонли, инсофли, хусусий нашриёт билан шартнома тузардим. Аввалбошда нашриёт ҳисобидан минг дона китоб чиқарардик, кейин қарасак, миллатнинг талаби кўпайиб боряпти. Ўн мингта тиражни ҳам аҳолимиз ҳеч нарса демай олиб қўйди, дейлик.

Ҳа, ўн мингта нусха нима бўпти?

Ахир мамлакатимизда ўрта мактабларнинг сони ўн мингта-ю!

Энди тарихчи ва тилшунослар сони нечта? Эҳ-е, жуда кўп!

Қисқаси, Ўзбекистон шароити учун бир миллион нусха китобим бемалол тарқалиши мумкин.

Тўғри, баъзи бир ўғри ноширлар ҳам бор. Улар сизнинг китобингизни ўз нашриётларида чиқариб, бировники сифатида бемалол сотиб юборишади. Ҳисобда йўқ бу камёб мол учун солиқ ҳам тўлашмайди, сизга бир мири ҳам беришмайди.

Ўзбекистон шароитини айтдим. Қўшни мамлакатлардаги тўғридан – тўғри ўзбек қариндошларнинг сонини биламизми?

Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Авғонистон, Россияда қанча ўзбек бор? Эллик миллонга етиб қолади-ёв!

Энди ана шу эллик миллион ўзбекларга бир миллион нусхадаги китобча етарлими?

Тўғри топдингиз етарли эмас!!!

Хўш, нима қилиш керак?

Яна тўппа-тўғри топдингиз китобни яна нашрдан чиқариш керак.

Беш миллион нусхада! Розимисиз?

Розиман, дейди иймонли ва инсофли ношир.

Биз ишга киришамиз. Энди китобча янада қалинроқ, қаттиқ муқовада, қадимги битиклар акс эттирилган расмлар билан безатилган нусхада яна чоп этилади.

Мен эса қарзларимдан қутилиб, моддий аҳволимни яхшилаб оламан. Америкалик оддий одамлар орзуси каби Тошкентдан шаҳрида гаражи бор ҳовли ва автомобиль сотиб оламан.

Умуман кўчага чиқишга вақтим йўқ бўлади ўшанда, чунки уйимга узоқ-яқиндан китобхонлар ташриф буюришиб, сотиб олган китобларини менга тақдим этиб «биттагина автограф беринг» деб туришади. Агарда мен кеккайиб, нафс йўлига кириб кетган бўлсам ҳар бир автограф қўйишдан олдин, муштоқлик билан мени кутиб турган китобхонларга, маънодор қилиб дейман:

«Эшитишимга қараганда Майкл Жексоннинг битта автограф қўйиш юз доллар бўлган экан. У бировларнинг асарларини куйлаб, шунчалик баҳосини орттирган. Мен эса узун тунларни бир-бирига улаб, роса тер тўкканман»-дейман.

Тушунган тушунади.

Агар нафсга берилиб кетмай камтарликни сақлай билсам, жилмайибгина, автграф ёзаман-у, бу менинг ишим эмас, бу Аллоҳ менга берган туҳфа,-дея қоламан.

Мени турли-туман тадбирларга чақиришади.

Албатта, менинг вақтим йўқ.

Чунки, ижод билан бандман!

Жуда тиқилинч, бормаса иложи йўқ, баъзи бир анжуманларга боришга мажбурман. Бундай учрашувлар бир йилда бир марта ёки икки йилда бир марта бўлади. Бораман. Кириб келишим билан, йиғилганлар ўртасида шивир-шивир бошланади:

–Танийсизми?

–Йўқ.

–Танимайсизми? Бу киши неча юз йилдан буён ўзбек миллати орзу қилган, «Ўзбек» атамаси ҳақидаги жумбоқни ечган киши бўладилар.

–Э, шу кишими? Қачондан буён мен у кишини кўришни орзу қилиб юрардим,-дейди ва костюми ён чўнтагидан рўмолчаси ичига солинган китобчамни авайлаб очадида, битта имзо чектиришнинг иложи бўладимикин,-деб сўрайди.

Уйларда, чойхоналарда, ресторанларда иғво-ғийбатлар тақа-тақ тўхтайди. Ҳамма ўзбеклар ўзларининг ким эканликлари ҳақида баҳс юрита бошлайдилар.

Энди, буёғи янада қизиқарли. Чунки, Ўғузхон авлодлари бутун дунёда 200 миллионтадан кўп!!!

Санаймиз уйғурлар – ўғуз, туркманлар – ўғуз, туркия – ўғуз, озарбойжонларнинг ҳаммаси ўғуз. Булар ўзларининг Ўғузхон авлоди эканлигини биладиганлар.

Аслида бу таркибга туркий қавмлар – ўзбеклар, татарлар, қозоқлар, қирғизлар ҳам киради. Буларга тушунтириш орқали етказиш мумкин.

Энди ўғузлар Европадаям бор. Европанинг шоҳлар авлоди ҳисобланмиш Готлар ўғузлардир. Буни исботлаш машаққат талаб қилади. Лекин, ин ша Аллоҳ амалга оширса бўлади.

Бир ағанаб хаёл суриб кўрингчи? Тарихий битта сирнинг очилиши ҳақидаги асарим бутун дунё бўйлаб неча нусхада чоп этилиши керак? Ўзбекистондаги барча нашриётларга иш топилиб, миллионлаб доллар валюта юртимизга ва қисман менга оқиб келган бўларди.

Мана шу режани амалга ошириш учун, мен аввало бу гапни Ўзбекистонда тан олдиришим керак!

Бунинг мен билган энг осон йўли Президент И.Каримовнинг кўнглини олишим керак эди. Ниятимни амалга ошириш учун эса маддоҳликдан ўзга чорам йўқ эди!

Мен Президент И.Каримовга маддоҳлик қилиш йўлини танладим ва таъзиримни едим. Шунинг учун дўстларим маддоҳликни сизларга тавсия қилмайман..

Давоми бор

Анвар Шукуров

facebook.com