Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 15

Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 15
25 views
06 September 2018 - 8:00

15. ЗАМОНДОШЛАРИМГА МАДДОҲЛИКДАН ВОЗ КЕЧГАНИМ ҲАҚИДА

Шундай қилиб Президент И. Каримовга маддоҳлик йўлини танлаб режа туза бошладим. Шундай нозик йўл танлашим керакки, сих ҳам, кабоб ҳам куймаслиги керак. Очиқдан-очиқ мақтовни И.Каримов ёмон кўришини билардим, шунингдек президент амалдорларнинг маддоҳлигини хушламасди.

Маддоҳлик масаласида кўп изланганман. Айнан унинг формуласини топиш ёки ясаш учун эмас, маддоҳлик қилганларнинг қилиқларидан жирканиб, энсам қотганидан миямда кўп фикрлар ғужғон ўйнаган. Хулосам шуки бу иллатни енгишга кучимиз етмайди. Маддоҳликнинг турлариям кўп, унинг вируслари қон-қонимизгаям сингиб кетган.

Менга қолса мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида Маддоҳлик фани деган алоҳида ўқув Дастурини киритган бўлардим. Майли бошқа мамлакатлар бу фанга ола қарайверсинлар, ўзимизнинг касалликни ўзимиз даволамасак ким даволайди? Мустақилликдан кейинги ва ҳозирги пайтдаги жамиятимиздаги бу иллат бизнинг тараққиётимиз кишанидир.

Билмайман ҳадис-ми ёки бирон диний уламонинг гапими, жуда яхши ўхшатиш бор. Ширк дегани шундай кўринмас нарсаки, унинг мисоли қоронғи кечада қора қошлар орасида қора чумоли юргани каби уни илғаш мушкул экан.

Ким маддоҳдикдан манфаатдор?

Бирон-бир моддий бойлик ёки амал курсисини эгалловчи киши маддоҳликдан манфаатдор.

Совет маддоҳлик тизими бу масалада ўзига хос янгилик. Унга бор-йўғи юз йил бўляпти. Тўғрироғи саксон – тўқсон йил бўляпти.

Бухоро Амирлигидаги маддоҳлик ўзининг тубан талаблари билан эътиборли. Бу ерда Амирни ер-у кўкка кўтариб мақтайверинг, ҳеч ким эътибор бермайди. Чунки, ҳамма шу ишни одатий иш сифатида қабул қилади. Амирликда бирон-бир мансаб олишингиз учун, Амирни мақташ билан ниятингизга етолмайсиз. Баландпарвоз гаплар билан пора ҳам узатишингиз шарт бўлган.

Порахўрлик шу даражада эканлигини битта ҳаётий мисол билан тушунтириб бераман.

Шермуҳаммадбек Фарғона водийсида большовойлар билан курашиб, баъзида уларни енгиб, баъзида улардан енгилиб яхши тажриба орттиради. Амин бўладики, агар яхши қурол-аслаҳа бўлса большавойларни енгиш мумкин. Шунда у ўзининг ишончли кишиси орқали Бухоро Амирига хат юборади. Хатда моддий ёрдам сўраш билан биргаликда, “агар большавойлар бизни енгса, эртага сизга боради” деб огоҳлантиради ҳам.

Хўш, Бухоро Амирига яқин кишилар хатни киритиб беришдими? Йўқ. Аксинча улар хат олиб келган кишини зиндонга ташлайдилар. Агар Шермуҳаммадбек ўз хатига бирон-бир қимматлик совғани ҳам илова қилганида, порахўр вакил хатни Амирга киритган бўларди. Оқибатда большавойлар Бухорога ҳамла бошлайдилар. Шунда Амир Шнрмуҳаммадбекка одам юбориб уни Авғонистонга чиқиб кетишига ёрдам сўрайди.

Шермуҳаммадбек тажрибали 500 навкари билан Бухоро Амирини Авғонистонга ўтказдириб юборади. Йўлда жанг-у жадал ҳам бўлади. Оқибатда олтмиш фойтун қимматбаҳо юклар билан йўлга чиққан Амир карвони Авғонистонга келганда тўртдан бир қисмини йўқотган бўлади.

Амир Шермуҳаммадбекка холис хизмати учун ўзининг қиличи ва қимматбаҳо инъомлар беради.

Агар у Шермуҳаммадбекнинг хатини олиб ўша йўқолган 15 араванинг иккитаси миқдоридаги бойликни жасур ватандошимиз Шнрмуҳаммадбекка берганида бормиди, тарих умуман бошқа тарафга айланиб кетган бўларди. Аммо, мен ўйлайманки, хатни олганидаям зиқна, калтабин Амир унга қурол-аслаҳа учун пул беришига ишонч йўқ эди.

Бойлар таланиб, ҳамма бир хил камбағал бўлгач, Русиядан янги ғоядаги рағбатланиш пайдо бўлди. Бу рағбатланиш мансаб пиллапояларидан кўтарилишни таъминларди.

Бунга эриши учун хўжайинларга яхши кўриниш зарур эди. Россиядан келган маддоҳликнинг энг қулай тури – Душман топиш эди!

«Фалончи партия душмани» деб гапирган киши олқиш оларди. «Фалончи ўша куни чойхонада, тўйда, таъзияда фалон нарса деб совет Ҳукуматини ёмонлади»- деган гапни очиқ айтган кишиям, юмалоқ хат сифатида ёзган кишиям рағбатлантириларди. Ўзбекистондаги маддоҳликнинг бу тури сотқинлик билан аралашиб кетган эди. Буни руслар аввало Россия – Кавказ урушида қўллаганлар. Улар энг биринчи навбатда дин вакиллари муллаларни қўлга олганлар. Бу муллалар авом халқни турли туман ривоятлар билан маҳлиё қилиб, Россияга кишанлаб топширган. Руслар муллаларга давлат хазинасидан пул бериб турганлар-у, уларни «Золотой мул» -яъни «Олтин хачир» дея устидан кулганлар.

Бу услуб совет замонидаям қўлланилган. Бироқ, Худога ишонмайдиган большавойлар уларнинг ҳам таъзирини берган.

Шундан сўнг, маддоҳликнинг анъанавий турига қайтилган. Бухоро Амирлиги давридаги Душанбе шаҳрининг Сталинободга алмаштирилиши анъанавий маддоҳлик қайтадан бошланганлигининг исботи.

Сталинга бағишлаб ёзилган ашъорлар, мақолалар осиёча услубда ривожлана бошлаган. Аммо, Россияда Кавказ маддоҳлик мактаби илдамлаб кетган.

Бунинг ёрқин мисоли Лаврентий Берия билан боғлиқ. Аввалбошда бу одам ўқитувчи бўлган. Бу такаббур киши «Закавказьеда революцион ҳаракат»га бағишлаб асар ёзади-ю, Чор Россиясида қамоқхонама-қамоқхона юрган Сталинни Закавказьеда большевистик ҳаракатнинг ёрқин сиймоси сифатида тасвирлаб беради. Унинг асари ғоясига кўра большевизмни Кавказ коммунистлари амалга оширганган. Кўп ўтмай Л.Берия Грузия Компартияси Биринчи котиби бўлган, кейинчалик Сталин бутун куч ишлатар тизимлар НКВДни унинг қўлига бериб қўйган.

Маддоҳликнинг рағбатлантирилиши маддоҳлар мусобақасини бошлаб берган. Натижа 1937 йилги репрессиялар.

ОГПУ, кейинчалик КГБнинг бошлиғи Абакумовнинг мансаб пиллапоясидан кўтарилиши ҳам маддоҳликнинг жирканч услуби орқали бўлган экан.

Сталиндан бошқа каттаконлар иштирокида йиғилиш бўлаётган пайтда бир неча дақиқалик танаффус эълон қилинади.

Шу пайт мажлис иштирокчилари фойеда бачир-чақир бўлаётганини эшитиб қоладилар. Марказқўмнинг катталари ҳам ўша ёққа йўл оладилар.

У ерда бир Ички ишлар ходими жанжал қилаётган экан.

–Нима гап? –деб сўрайди Л.Берия.

–Бу киши сизнинг портретингиз устидан норозилик билдиряпти,- дейишади унга жавобан.

Бу гапдан ҳайрони ошган Берия ўша йигитнинг ёнига борса, у революциянинг ёрқин курашчиси Лаврентий Бериянинг портрети олдинроқда туриши кераклигини талаб қилаётган экан!

–Менинг портретим бошқа революция курашчилариникидан орқароқда турсаям майли,-дейди-ю, жилмайган ҳолда Л.Берия, йигитнинг фамилияси, исми, иш жойини суриштириб олади. Кўп ўтмай Абакумов мансаб пиллапояларидан фантастик тарзда кўтарила бошлайди. Сталиннинг кўнглини қандай олган билмайман-у, охирида Абакумов, ОГПУнинг Раҳбари бўлгач Л.Бериянинг энг ашаддий рақибига айлангани факт.

Ижод аҳлининг маддоҳлиги азал Фиръавн давридан бор.

Сталинизм давридаги ижод аҳлининг маддоҳлигига битта ёрқин мисол.

Айтишларича маддоҳларнинг бири шоир, бири ёзувчи, бири кинорежессёр бўлган. Сталинга, тузумга маддоҳлиги учун Сталин уларни тақдирлаш учун уларни ёнига чақиради.

Учовлан биргаликда доҳий олдига киришади. Маддоҳона суҳбат охирида Сталин уларга «нима ёрдам берай?» – деб сўрайди.

Бири Сталиндан машина сўрайди. Сталин унга машина беради

Иккинчиси дала ҳовли (дача) сўрайди. Сталин унга дала ҳовли беради.

Учинчиси эса Сталиндан Доҳий ёзган охирги китобга автограф ёзиб беришни сўрайди. Сталин ўзининг китобига автограф ёзиб бериб уни кузатади ва унга машинаям, дала ҳовлиям қўшиб беради.

Подшонинг кўнглини топишнинг ажойиб услуби ҳалиям эскиргани йўқ.

Аслидачи, аслида маддоҳлик советлар империясида авж олиб ётган пайтда ҳақиқий истеъдод эгалари ракета кашфиётчиси Королёв, Ту самолетлари ихтирочиси Туполевлар қамалиб ётишарди. СССРнинг барча халқлари ичидан чиққан миллионлаб зиёлиларнинг отилиши, қувилиши, қамалишига мана ўу жирканч иллат – маддоҳлик сабабчи!

Иван Павловнинг битта гапи бор.

«Киши янгиликни қабул қилиши учун, миясидаги эски фикрлардан тозаланиши керак».

Яъни, киши ўз ишини чиройли бажариши учун бутун вужуди билан ўша иши билан маш-ул бщлиши керак. Шунинг учун истеъдодлар иғво, ғийбат, фисқ-фасод, ёлғон гап-у, ялтоқилик, маддоҳлик каби майда-чуйдаларга берилганларида ўзларининг ижодлари билан шуғуллана олмайдилар? Шуғуллансалар уларни Кузатиб турган Зотдан таъқиқ қўйиб қўйилади. Истеъдодли рус ёзувчиси М.Булгаков (совет тизиминининг жирканч қиёфасини «Ит юрак» асарида Шариков образида моҳирона чизиб берган, шунингдек Уста ва Маргарита романи муаллифи) бир марта ялтоқилик қилиб Сталин ҳақида маддоҳона асар ёзади. Аммо, шундан сўнг кўп яшамайди. Чунки, Яратган Зот ҳақиқатни гапирувчи суюкли бандаларининг тўғри йўлдан адашиб кетишига рухсат бермайди.

Кўряпсизми маддоҳликнинг жамият ва давлат учун, ҳатто, одамнинг ўзи учун қандай хавфли иллат эканлигини. Шунинг учун айтяпманда МАДДОҲЛИК ФАНИни ўқув курсларига киритиш керак деб.

Иймон ва ҳасад бир қалбга жойлашмагани каби, Истеъдод ва Ёлғон бир қалбга сиғмайди! Шунинг учун соддадил, соф истеъдодли дўстларим дунё тан оладиган асарлар ёзинг! Чалғиманг!!! Мен ишонаман, сиз дунё прогрессив қатлами онги-шуурини эгаллаб оладиган асарлар ёзишга қодирсиз!

Айтишларича, истеъдодли ёзувчимиз Одил Ёқубовга ўзимизда тазийқ бўлаверган пайтда, Чингиз Айтматов унга далда бериб. «Хафа бўлма, Одил! Президентлар ўтаверади, лекин сен билан бизнинг асарларимиз қолади», – деган экан. Энди тафаккур қилиб Одил Ёқубовдан қолган асарларни санаб чиқинг. Тазийққа учрашига сабаб бўлган нарса, телевидение орқали «Демократия дегани, уйда соф ҳавони сақлаб туриш учун, заҳарли моддаларни печкага ташлаб, унинг тутунини чиқариб юборишга мўлжалланган мўри ясаб қўйиш керак» деган гапи бўлган дейишади. Устознинг бу гапи ошкора фикрлар алмашинуви учун минбар ОАВ эркинлаштириб қўйиш керак дегани эди. Лекин, бу гап нотўғри тушунилди. Устоз Одил Ёқубовнинг жасур гражданлик позицияси, у кишининг публицистик мақолалари, гдлян-ивановчиларни юртимиздан қувган шахс сифатида қилган ишлари ҳали очилгани йўқ.

Шоир билиб айтган: «Умр ўтар, вақт ўтар, Хонлар ўтар, тахт ўтар»…лекин асар абадий қолади.

Мен бир марта маддоҳлик қилмоқчи бўлиб адабимни едим. Сизларга бу ишни қилишни маслаҳат бермайман. Мақтов ва маддоҳлик фақатгина Битта Зот учундир. Ишонинг мақтовнинг юкини бандаси кўтара олмайди!!!

Анвар Шукуров

facebook.com