“Ўзбекистонда энг тепадагиларга пора бермасдан бизнес қилиб бўлмайди!”

“Ўзбекистонда энг тепадагиларга пора бермасдан бизнес қилиб бўлмайди!”
54 views
05 September 2018 - 11:37

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, 4 сентябрь куни Швеция пойтахти Стокҳольм шаҳар судида бошланган маҳкаманинг иккинчи кунида ҳам прокурор Гуннар Стетлернинг TeliaSonera (ҳозирги номи Telia) ширкати уч собиқ бошқарувчисининг Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун кимга¸ қанча ва қандай қилиб пора берганига оид фактларни тақдим қилишни давом эттирган.

Суд мажлисининг биринчи кунида ўқиб эшиттирилган айблов хулосасига кўра¸ 2007-2010 йилларда жами қиймати 400 миллион АҚШ долларига яқин бу порани TeliaSonera бошқарувчилари олдиндан билиб¸ ўз розиликлари билан ўшандаги Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага берганлар.

Айбловга асос бўлган факт ва далиллар судланувчиларнинг 2007 йилдан бошлаб Ўзбекистонга кириш режасига оид ўзаро ëзишмалари¸ Ҳолландия¸ Швейцария ва АҚШ прокурорлари швед ҳамкасбларига тақдим этган банк ўтказмалари¸ Гулнора Каримованинг Швейцария банкида сақланган қутиларидан чиққан ҳужжатлардир.

Судга тақдим этилган ички ëзишмалар

2012 йил сентябрида TeliaSonera ва унинг ўзбек шериклари устида жиноят иши очган прокурор Гуннар Стетлер 4 ва 5 сентябрь куни судга тақдим қилган факт ва далилларнинг каттагина қисми судланувчиларнинг Ўзбекистонга кириш масаласида ўз ораларида¸ шунингдек бу жараëнда швед ширкатига воситачи ва консультантлик қилган шахслар билан электрон ëзишмаларидан иборат.

Прокурорга кўра¸ TeliaSonera Ўзбекистондан чиқиб кетиш ҳаракатини бошлаган АҚШнинг MCT (COSCOM акцияларининг эгаси) акцияларини сотиб олиш орқали ўзбек телеком бозорига кириш уринишини 2007 йил февралида бошлайди.

Ўзбекистонга кириш шарт-шароитларини ўрганиш 58 фоизидан ортиғи швед ширкатига тегишли Fintur Holdingsнинг ўшандаги бош ижрочи директори Серкан Элденга топширилади.

Элденнинг TeliaSonera мутасаддилари¸ хусусан судланувчилардан бири – TeliaSoneraнинг Евроосиë бўйича вице-президенти¸ молиявий директори Теро Кивисаари билан ëзишмаларидан швед ширкатининг Ўзбекистонга кириш учун “энг тепадан¸ хусусан¸ президент Каримов ва унинг оиласидан ҳомий қидиргани” кўрилади.

Маслаҳат жараëнидаги ëзишмаларда “энг тепадагилар “дуосини олмагунча”¸ Ўзбекистонда бизнес қилиб бўлмаслиги¸ MCT акцияларини сотиб олишга “рухсат берилиши учун” ҳукумат амалдорлари¸хусусан¸ Ахборот технологиялари агентлиги директорига пора бериш шартлиги айтилади.

“Энг тепадагилар¸ хусусан¸ вазирнинг ўзига бир нарса бермай туриб¸ Ўзбекистон телеком бозорига ккириб бўлмайди”¸ дейилади ички ëзишмалардан бирида.

“No 2 ҳам қизиқмоқда”

Стокҳольм судига судланувчиларнинг била туриб катта миқдорда пора берганини исботлаш учун прокурор тақдим этган ëзишмаларда¸ президент Каримовнинг ўзига йўл топа олмаган швед ширкати “совчилари”нинг унинг қизларига йўл қидириш жараëни акс этади.

Ëзишмаларда “G, Lady, the Daugter” деган номлар билан тилга олинган Гулнора Каримова телеком бозорига кириш учун яшил чироқ ëқиб берадиган энг қудратли шахс сифатида тасвирланади.

Ëзишмаларда унинг “отасининг ўнг қўли” ва унинг “вориси” экани айтилади.

Айни пайтда¸ швед ширкатининг ўзбек бозорига кириш уринишлари чоғида Каримовнинг 2-қизи ҳам тилга олинади.

“Одамларимизга No 2 (Лола Каримова назарда тутилмоқда)нинг биз билан гаплашишга қизиқаëтганини етказишди. Буни ўрганиб кўриш керак”¸ дейилади судда прокурор тақдим этган электрон ëзишмаларда.

Кўп ўтмай¸ иккинчи эмас¸ Биринчи қизга йўл топган TeliaSonera Лола Каримова билан “бизнес қилиш” истиқболидан воз кечади.

Гуннар Стетлернинг таъкидича¸ TeliaSoneraнинг Каримовлар оиласига чиқиш ҳаракатлари 2007 йилнинг март ойига келиб натижасини берган ва бу майдондаги энг қудратли шахс деб кўрилган Гулнора Каримова МТС бош ижроия директори Беҳзод Аҳмедовга ўзининг бош музокарачиси сифатида швед ширкати билан музокара бошлаш ваколатини берган.

ЎХҲ ахборот бўлими