Бухорода яқинлари хорижда бўлганлар рўйхатга олинмоқда

Бухорода яқинлари хорижда бўлганлар рўйхатга олинмоқда
22 views
06 September 2018 - 9:46

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Бухоро шаҳри марказидаги бир неча маҳаллада Ички ишлар ва ДХХ ходимларидан иборат гуруҳ яқинлари чет элда юрганлар ва бўлганларнинг уйига бориб маълумот тўпламоқда.

Бухоро марказидаги маҳалла фаолининг 5 сентябрь куни Озодликка билдиришича, “асосан яқинлари Туркия¸ Сурия ва Афғонистонда бўлганлар савол-сўроқ қилинмоқда”.

Бухоро вилоят ИИБ расмийси Озодлик билан суҳбатда бу текширувлар мустақиллик байрами кунлари бўладиган профилактика эканлигини айтди.

Ўзини “милиция майори Ҳамза Тўйев”, деб таништирган зобит бундай деди:

“Нохуш ҳолатлар юзага келишига йўл қўймаслик, хавфсизликни таъминлаш юзасидан одатий профилактик рейдлар ўтказилмоқда”.

ИИБ ходимининг таъкидича¸ “рейд пайтида одамларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланмоқда ҳамда орган ходимлари уларга яхши муомалада бўлган”.

Бухоро шаҳридаги Олим Хўжаев номли маҳаллада фаррош бўлиб ишлайдиган 27 яшар Зуҳриддин Рашидов Озодлик билан суҳбатда “текширувчиларнинг дағал муомаласидан” шикоят қилди:

– Милиция¸ маҳалла оқсоқоли ва ДХХ (Давлат Миллий Хавфсизлик Хизмати) ходимиман деб айтган тўрт киши уйма-уй юриб, одамларнинг “Уй дафтари”, паспорт серияси маълумотларни мажбурлаб талаб қилиб, рангли ксеронухса чиқариш керак¸ деб ўз телефонларига расмга олишди.

Рашидовнинг яна айтишича, текширувчилар асосан яқинлари хорижда бўлганларнинг эшигини тақиллатишган:

– Уйимга келиб сенинг яқин қариндошинг чет элда экан¸ унинг телефон рақамини бизга бер дейишди. Уларни Украина, Туркия, Сурия, Судан, Ливан ва Авфғонистонда қариндоши бўлганлар қизиқтирар экан. Билишимча, ҳамма маълумотлар уларда бор. Шуни айтсам, дағал қилиб¸ “саволим ëқмаса ватанингни сотиб, йўқолиб кет” деб бақирди.

Бухоро марказидаги яна бир маҳаллада яшовчи ўзини Асад Саломов деб таништирган 43 яшар ҳунарманд йигит эса, текширувлар чоғида яқинда чет элдан келганлар диққаат марказида бўлганини айтди:

-Улар эшикни қоқаëтганда “ваҳобий уста, яқинда Туркиядан келди” деб ўзаро гаплашишди. Мен ëғоч ўймакориман. Туркияга бориб келдим¸ ўша ердаги магазинларга китоб қўйгич нақшин тахталарни элтган эдим. Шунга мени текшириб расмга олиб кетишди.

Бухоро шаҳар ИИБ ходими Ҳамза Тўйев хорижда бўлиб қайтган ватандошлар мавжуд қоидалар асосида профилактик назорат остида эканлигини тасдиқлади.

Суҳбатдошга кўра¸ “хорижга узоқ муддатга чиққанлар ва қайтганлар ҳақида маълумот тўплаш қонун доирасида” олиб борилмоқда.

Озодликка маълум бўлишича¸ бундай текширувлар вилоятнинг бошқа туманлари ва бошқа вилоятларда ҳам август охири ва сентябрь бошида ўтказилган.

Озодлик суҳбатлашган бухоролик фаррош йигит Зуҳриддин Рашидовнинг айтишича¸ “бу текширувлар одамлар орасида ваҳиманинг кучайишига сабаб бўлмоқда”:

– Худди уруш даврига ўхшайди. Киноларда немис гестапо полицайлар билан кириб текширгандек. Сал эътироз билдирсанг¸ телефон номер бермасанг “Сен тизимга қаршимисан” дея дағдаға қилишмоқда.

Сўнгги 15 кун давомида, Ўзбекистоннинг қатор шаҳарларида аҳоли паспорт текширувидан ўтказилаётгани, ижарага берилаётган хонадонлар рўйхатга олинаётгани, хориждан қайтган ватандошлар ва диний қарашлари учун рўйхатга олинганлар сўроққа чақирилаётгани, айримлари маҳалла қўмитасидаги суҳбат чоғидаёқ ҳибсга олинаётгани тўғрисидаги ҳолатларни Озодлик ёритди.

ЎХҲ ахборот бўлими