Имом Фазлиддин Парпиев тезисдан чиққани учун ишдан олинди

Имом Фазлиддин Парпиев тезисдан чиққани учун ишдан олинди
69 views
09 September 2018 - 12:45

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани «Омина» жоме масжиди Имом-хатиби Фазлиддин Парпиев ишдан олинди. «Элтуз»да мавжуд бўлган Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг 675-сонли буйруғига кўра 8-сентябр куни имом вазифасидан бўшатилган. Ҳужжатга кўра, имом «Одоб комиссияси»нинг йиғилиш мажлиси қарорига асосан бўшатилган.

Расмий буйруқда имомни ишдан олишга асос қилиб, Меҳнат кодексининг 100-моддаси, 2 қисми тўртинчи банди, яъни «ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши» қайд этилган.

32 яшар имом-хатиб 7-сентябр жума куни, соқол ва ҳижоб масаласида чекловларни қоралаб, мулозимларни президент қарорларини изчил бажаришга чақирган эди.

Бунинг арафасида, Ўзбекистонда диний мавзуда тарғибот юритадиган ўнга яқин блогерлар қамоққа олинганди. Лекин имом ўзининг жума ваъзида блогерларнинг қамоққа олиш мавзусига айнан тўхталмаган. Бу чиқишидан кейин имом ДХХ ва Диний идора мулозимлари билан суҳбатдан ўтказилган эди. Жума ваъзидан бир кун олдин имом Парпиев ўз яқинларига ва журналистларга дин билан боғлиқ Ўзбекистондаги мавжуд сиёсатни танқид қилиш режаси борлигини билдирган эди.

«Омина» масжиди имоми Парпиев 7 сентябр кунги видеомурожаати ҳукуматнинг ягона мактаб формасини жорий этиши ва ҳижобга қўйилган чекловларга норозиликлар кучайган пайтга тўғри келди.

Унинг Тошкентдаги “Омина” жоме масжидига имом этиб тайинланганига бир ой бўлган эди.

Фазлиддин Парпиев 2011 йилгача Мадина шаҳридаги Ислом универститетида ўқиган, 2016 йили эса Тошкентдаги Имом Бухорий Ислом институтини тугатган эди.

Манба: Eltuz.com