Тожик муҳолифати Европада миллий иттифоқ тузди

Тожик муҳолифати Европада миллий иттифоқ тузди
41 views
10 September 2018 - 22:38

9 сентябрь куни Варшавада тўрт тожик муҳолифат гуруҳлари Тожикистон миллий иттифоқини тузишди. Янги коалиция байроғи остида Тожикистонда тақиқланган Ислом уйғониш партияси (ТИУП), Ислоҳот ва тараққиёт ҳаракати, Тожикистон эркин тафаккур форуми ва Марказий Осиёдаги мигрантлар ассоциацияси бирлашди. Бу ҳақда Ахбор АА хабар беради.

Тожикистондаги муҳолифат кучлар коалициясини тузиш бўйича декларация тўрт гуруҳ раҳбарлари: Муҳиддин Кабири, Шарофиддин Гадоев, Алим Шерзамонов, Илхомжон Ёқубзода томонидан имзоланди.

Янги коалиция тузиш бўйича тожик муҳолифат кучлари бир йил давомида музокаралар олиб боришган. Миллий иттифоқ Тожикистон мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Польшада 10-21 сентябрь кунлари ўтадиган конфренцияси арафасида ўз ишини бошлади.

Янги коалиция раҳбари этиб ТИУП раҳбари Муҳиддин Кабири сайланди. Кабири коалиция бошқа сиёсий партиялар учун ҳам очиқ эканлигини маълум қилди.

Миллий Иттифоқ қабул қилган декларацияда Тожикистонда демократик, ҳуқуқий ва дунёвий давлат қуриш нияти билдирилган.

Додожон Отовуллаев бошқараётган “Конструктив кучлар конгресси” ва “Гуруҳ24” каби баъзи муҳолиф кучлар бу коалицияга қўшилишдан бош торган. Додожон Отовуллаев ҳар қандай диний тусдаги партия остида коалицияга киришишга қаътий қарши эканлигини таъкидлаган. “Гуруҳ24” эса 2018 йилнинг январидан ТИУП билан барча алоқаларни узган.

Манба: turon24.uz