Минорага мактуб

Минорага мактуб
79 views
15 September 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

МИНОРАГА МАКТУБ
                            Анвар Обиджонга

Ватандошмиз иккимиз, дўстим,
Шаклдошмиз, ҳатто, начора.
Фақат қисматимиз бошқача,
Мен мўриман, сен-чи минора.

Гарчи мен — тунд, гарчи мен — хунук,
Гарчи сен — кўрк, гарчи сен — мовий.
Менинг битта афзаллигим бор.
Сен кўҳнасан, мен — замонавий.

Юксалгансан сен ҳам самога,
Мен ҳам кўкка чўзгандирман бўй.
Иккимиз ҳам бўш вақтлар бирга
Ўй сурамиз, ўй сурамиз, ўй.

Дардларимни тўкиб солмоққа
Ушбу мактуб боис, баҳона.
Менинг ичим қоп-қора қурум,
Сенинг ичинг эса — поғона.

Темир менинг турган-битганим,
Сенинг эса борлиғинг — тошдан.
Сен мангусан, мен-чи — омонат,
Мен — сабрсизлик, сен — бардошдан.

Мендан аввал туғилган эдинг,
Мендан сўнг ҳам қолгунг бу ерда.
Эрта келдинг, кеч кетасан сен,
Кеч келгандим, кетаман эрта.

Кеча-кундуз меҳнат қиламан,
Кеча-кундуз қиласан тоқат.
Мени кўриб толиққан одам
Сени кўриб топади роҳат.

Туну кун сен дардга мубтало,
Туну кун мен меҳнат деб ҳалак.
Машғулотинг сенинг ҳам — осмон,
Машғулотим менинг ҳам — фалак.

Умид билан ёритар бизни
Меҳрибон тонг, мунис саҳарлар.
Таралади сендан ибодат,
Сочилади мендан заҳарлар.