ЎЗБЕГИМ
Бизларга ош бўлса бас ва қаламқош бўлса бас,
Отарга тош бўлса бас, бетайин жон ўзбегим.
Тўғри гапга тоқат йўқ, Тангрига садоқат йўқ,
Уйқудай фароғат йўқ – танбалистон ўзбегим.
Қочармиз гар иш деса, чопармиз миш-миш деса,
Холимиз танг қиш кеса – хонавайрон ўзбегим.
Ёнида бир чақа йўқ, эшагида тақа йўқ,
Ариғида бақа йўқ – бироқ хоқон ўзбегим.
Соқолин кўрким дейди, салласин бўрким дейди,
Кеккайиб: “Зўр – ким?!” дейди ҳамон нодон ўзбегим.
Бойлар пойида гадо, балиқдай чиқмас садо,
Ҳануз гадодай адо – юраги қон ўзбегим.
Кўтариб бор нозини, семиртириб ғозини,
“Отам!” дейсан қозини – ёвга қурбон ўзбегим!
Устамиз май ичишга, Машрабларни бичишга,
Кўп еб ҳам кўп чи*ишга – моҳир мастон ўзбегим.
Топгани тўйга кетар, теракдай бўйга кетар,
Хўкиз ва қўйга кетар – қассоб-деҳқон ўзбегим.
Бисёр тилло-кумушинг, бироқ ғариб турмушинг,
Унмас сира юмушинг – мулки толон ўзбегим.
Амал бериб ўғрига, кун бермайсан тўғрига,
Замоннинг тўриғига – дону сомон ўзбегим.
Эртаю кеч пул дейсан, пулдан ўзга кул дейсан,
Қачон илм – гул дейсан, сароб сарсон ўзбегим.
Хитой ёқар газингни, ўрис ейди қазингни,
Кетингга сур мазингни – бахти гумон ўзбегим.
Гар метиндан эшигинг, ҳамон толдан бешигинг,
Ёпилмас ҳеч тешигинг – нафси ўпқон ўзбегим.
Далангни пахта босган, юртингни ахта босган,
Босқинчи вахта босган – қадди камон ўзбегим.
Билмайсан ҳеч бўлишни, ой сингари тўлишни,
Ўйламайсан ўлишни – шайтонсимон ўзбегим.
Сенга тўртта хотин кам, ҳатто тўртта отин кам,
Билар хотин зотин кам – йиртиқ иштон ўзбегим.
Порахўр – балохўрсан, йиртқич ҳирсдан ҳам зўрсан,
Сўлақмон сўқир кўрсан – қонхўр сиртлон ўзбегим.
Қонинг ичар султонлар, балогардон ултонлар,
Ғафлатга ботган онлар – лолу ҳайрон ўзбегим.
Сендан ортиқми фаранг, япон – бахти ранг-баранг,
Қозонинг қайнар аранг – ранги сомон ўзбегим.
Тобакай хароб холинг, ким ўйламас иқболинг,
Тутсин, халқим, уволинг – шоҳу султон ўзбегим!
Дини ислом дастур далқ, сен ҳам қаддинг кўтар, балқ,
Сен ҳам ахир бўлгин халқ, эй, онажон ўзбегим!