Шунқор

Шунқор
35 views
19 September 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

   ШУНҚОР

Жонзот борки, дуч келдим қарийб,
Бино бўлиб ҳамлакор умрим.
Лекин ҳеч вақт сенингдек ғариб,
Мунис бир қуш кўрмадим, қумрим.

Мажақланди не-не вужудлар
Қон қақшатқич зарбаларимдан.
Ўрмонларда тинди қий-чувлар
Элас-элас шарпаларимдан.

Яшасам-да дахлсиз, озод,
Чекдим парвоз озорларини.
Қилдим пароканда ва касод
Кўп қушларнинг бозорларини.

Кўлагамдан ёғдириб ғазаб,
Булутларни тўзғитиб ҳатто,
Даҳшатли бир айлана ясаб,
Ўлжаларга ташландим қаттол.

Осмон олди қудратимни тан,
Қабул этди хунхорлигимни.
Ор этмадим йиртқичлигимдан,
Авайладим шунқорлигимни.

Гарчи ётдир менга ўкинч, ғам,
Ҳасратларга душман мен гарчи.
Қаҳр қилсам ўз қавмимни ҳам,
Қиймалаган қушман мен гарчи.

Бу сафар ҳам гарчи мен жангга
Учган эдим қонлиғ ов учун.
Сени кўргач, ёзолмай чангал,
Довдирадим, жон ҳурковучим.

Дабдурустдан етмади фаҳмим,
Руҳда бу не ғолиб машаққат.
Устун келди нафсимдан раҳмим,
Шиддатимни енгди бир шафқат.

Аста майин тортиб қолдилар
Ҳалокатли чўнг панжаларим…
Сени эса чирмаб олдилар,
Юракдаги исканжаларим.