Нишонда нима – диний эркинликми ёки сўз эркинлиги?

Нишонда нима – диний эркинликми ёки сўз эркинлиги?
29 views
16 September 2018 - 20:05

Кейинги бир ой давомида ижтимоий тармоқларда фаол блогерларга нисбатан босимлар, таҳдидлар кучайгани ҳақида хабарлар тарқалди. Уларнинг айримлари маъмурий жавобгарликка тортилиб, қамалиб ҳам чиқди. Гарчи бу блогерлар ёзганлари учунмас, ҳуқуқ-тартибот органи ходимининг “қонуний” талабларини бажармаганлик каби айбловлар билан жазолангани айтилса-да, уларнинг бир вақтда жазолангани, ҳаммаси ижтимоий тармоқларда фаоллиги ва асосан диний мазмунда ёзиши кўпчиликда турли хавотир ва шубҳаларни пайдо қилган. Камига 9 сентябр куни Президент Мирзиёевга мурожаат қилган имом Фазлиддин Парпиевга чора кўрилгани айнан диний эркинлик билан боғлиқ нимадир ўзгаргани ҳақида хавотирларга туртки берган. Бунинг устига ушбу ҳолат юзасидан расмий изоҳ берилмагани хавотирларни янада орттирган.

Бу ўзгаришлар нимани англатади? Ҳукуматнинг эркин фикрлиларга тоқатсизлигиними ёки диний қарашларни назоратда тутиш истагиними?

Таниқли блогерлардан бири Давронбек Тожиалиев Президент Мирзиёев ҳокимиятга келгач, давлатнинг диний сиёсатида кузатилган ўзгаришлар хронологиясини келтиради. Ушбу хронологияга назар ташласак, аввалига диний сиёсатда эркинлашув кузатилгани, 2018 йилнинг ёзидан бу жараён тўхтаб, аксинча, ортга кетиш бўлганини пайқаш қийин эмас.

Аммо хулоса чиқаришга шошилмайлик. Танганинг бошқа томони ҳам бор. 23 август куни журналист Никита Макаренконинг “Почему “маънавият” погубит Ташкент” сарлавҳали мақоласи чиқди. Мақола мутлақо либерал руҳда, шахсий эркинликларни ҳимоя қилиб ёзилган. Бошқача айтганда, жазоланган диндор блогерларнинг мавқеига тамоман тескари нуқтаи назар илгари сурилган. Ушбу мақола эълон қилингач, давлатнинг расмий ахборот агентлиги Макаренкони қоралаш “акция”сини бошлади. Бирин-кетин буюртма мақолалар бир-икки кун ичида эълон қилинди. Ҳатто давлатнинг отахон ТВ канали – “Ўзбекистон”да уни миллат хоинига ҳам чиқаришди. (“Маънавиятчи” опани кимдир бу ҳақорат учун огоҳлантирдимикан?) Агарки биз диндор блогерларнинг жазоланиши виждон эркинлиги масаласи билан боғлиқ, сўз эркинлигига алоқасиз десак, Макаренкога бўлган муносабатни қандай изоҳлаш мумкин?

26 август куни яна бир журналист Элдар Асановнинг “Осторожно, “маънавият”!” номли мақоласи чиқди. Муаллифга нима бўлди? Ҳеч нарса.

Макаренко ҳам, Асанов ҳам диндор журналистлар эмас. Диний экстремизмга мойиллик каби айбловларни уларга қўйиш ғирт абсурд айблов бўларди. Улар нафрат қўзғовчи, диний экстремизмни ёювчи, ижтимоий тартибсизликка чақирувчи, бир сўз билан, қонунни бузувчи бирор нарса айтдиларми?

12 сентябрь куни “Ўзбекистон24” телеканали орқали мактаб ўқувчи ва ўқитувчиларининг кийган “очиқ-сочиқ” либослари қаттиқ танқид қилинди. Камерага тушган, танқид қилинган ўқувчи ва ўқитувчилардан рухсат олмасдан улар оммага намойиш қилинган. Уларнинг жуда бўлмаганда юзини беркитишга ҳам ҳаракат қилинмаган. Эътибор берайлик улар ҳижоб ўрагани учунмас, замонавий кийингани учун танқид қилинган.

Айни шу кўрсатув эфирга узатилгани боис, либерал, дунёвий фикрловчи қатлам орасида норозиликлар пайдо бўлди, баҳслар қизиди. Аммо… Кўрсатув ижодкорларини танқид қилган айрим блогерларга яна босим бўлган. Айримлари ўз видеомурожаатларини олиб ташлашга мажбур бўлишган.

Жуда мураккаб вазият, шундай эмасми?

Ҳукумат нима истайди?

Ҳукумат нима истаяпти ўзи? Шу савол диндору дунёвий барча эркин фикрлиларнинг хаёлидан ўтган бўлса, ажаб эмас. Бир томондан ҳижоб кийганлар, бошқа томондан мини-юбка кийганлар қораланмоқда. Бир томондан, диний мавзуда ёзувчи блогерлар жазоланса, уларнинг “ақли киритиб қўйилса”, бошқа томондан, дунёвий фикр аҳлининг айримларига овозини ўчириб юриш “тавсия” қилинди. Ҳукумат нимани истаяпти ўзи? Қандай дин керак ўзи? Қандай эътиқод бўлсин? Сўз эркинлиги-чи? Агар сўз эркинлигига чеклов қўймоқчи бўлишса, нега аниқ бир қўлланма чиқариб қўйишмайди, мана буни гапирасан, бунисини гапирмайсан дея?

Блокланган сайтларга кирганлик учун жазо белгиловчи қонун лойиҳаси таклиф қилинди, “Бутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди, ўртада “Facebook” ижтимоий тармоғига киришда муаммолар юзага келди. Буларнинг ҳаммаси бирин-кетин, атиги бир ой ичида бўлгани ғалати эмасми? Иронияни қарангки, бу жараёнда “Ахборот технологияларни ривожлантириш ва коммуникациялар Вазирлиги” муҳим роль ўйнамоқда. Балки бу вазирлик номини бироз ўзгартириб, “Ахборот технологияларни жиловлаш ва коммуникацияни блоклаш Вазирлиги” деб қўйилса, исми жисмига муносиб бўлармиди?

Юз бераётган ўзгаришлар фақат бир нарсага ишора қилмоқда, сўз эркинлигига бўлган муносабат етарлича, кўпчилик умид қилганича ўзгарган эмас. Диндор блогерларнинг жазоланиши сўз эркинлигига бўлган тоқатсизликнинг бир манзараси, холос. Яъни бу тоқатсизлик, диндору атеист, либералу эскиликпарастларнинг барчасини нишонга олмоқда.

Булар ҳамма кўриб, билиб турган ҳолатдан чиқадиган хулосалар, саҳна ортида нима бўляпти – буниси бизга қоронғу. Балки Ахриман ва Ахурамазда кучлари беллашиб ётгандир.

Савол очиқ қолмоқда – ҳукумат нимани хоҳлаяпти? Эҳтимол умуман барчанинг овозини ўчириб юришини истаётгандир? Биз қаерга қараб кетяпмиз? Наҳотки жаноб Мирзиёевнинг сўз эркинлиги юзасидан берган ваъдалари шунчаки хўжакўрсинга, дейлик, инвесторларни кўпроқ жалб қилиш, халқаро ҳамжамият кўзига янгича либос кийган Ўзбекистонни намойиш қилиш бўлган?

Манба: Би-Би-Си радиоси