Бу менталитет

Бу менталитет
45 views
18 September 2018 - 8:00

Бундан 10 йилча бурун ишдан уйга қайтаётиб, автобусга ўтирдим. Чиқишим билан автобус ўртасида тик туриб, ҳар кимга аланглаётган бир кекса кишига кўзим тушди. Юзи иссиқ, ўзимизга ўхшаган.

Турклигини дарров пайқадим.Ёрдамга эҳтиёжи борлиги билиниб турарди. Яқинроқ борсам, бир инглиздан, яна бир ҳинддан туркчалаб нимадир сўраётган экан. Улар туркчани тушунмагани учун елка қисиб турарди.

Мен туркчалаб “амаки, нима ёрдам керак?” деб сўрадим. Отахон туркчани эшитиб, мен томонга ўгирилди ва “Лондонга қизимникига келгандим, уйининг яқинида бир гараж бор эди, ўша ерда тушишим керак” деди. Айтган жойи мен тушадиган бекатдан битта олдин эди. “Мен ҳам ўша ерда тушаман, бирга тушамиз” дедим. Аммо отахон ҳали ҳам ўзига келмаган, нимадандир қаттиқ хафа бўлган эди.

“Тинчликми, нега зўриқдингиз?” деб сўрадим. У атрофдагиларга қараб, “мен бу одамларга ТУРК ТИЛИДА гапиряпман (урғу бериб), аммо улар мени тушунмаяпти”, деди ўпкаласи тўлиб кетган оҳангда.

Онадўлудан келган бу содда турк отахон Лондон автобусидаги одамларнинг туркча билмаслигидан даҳшатга тушган эди. У бутун дунё туркча гапиради, деб ўйларди. Ва бу фақат соддалик ёки дунё кўрмаганликданмас.

Турк дўкондори ёки сартароши Лондон марказида дўкон очса, кўпинча мижоз чақириш учун ҳам инглиз тилида ёзмайди дўкон пештоқига. Туркча ёзади. Бу кимгадир ёқиши, кимгадир ёқмаслиги мумкин, аммо бу менталитет.

Ўзбекларда эса аксини кузатаман – тилни билмаса ҳам, луғатидаги бор сўзлар билан чет элликнинг (фақат руслармас) тилида сўзлашишга ҳаракат қилади. Ва ҳатто автоматик тарзда ўша тилни мукаммалроқ билмаганидан ҳижолат ҳам чека бошлайди. Бу ҳам менталитет.

Менталитетни, кимдир “одамнинг ички тили” деб таърифлаганди. Ичкарида нима бўлса, ташқарига ҳам шу чиқади…

Паҳлавон Содиқ

facebook.com