Шеърият виждони

Шеърият виждони
89 views
19 September 2018 - 11:03

ШЕЪРИЯТ ВИЖДОНИ

Рауф Парфи – 75 ёшда! Шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида айрим қайдлар

«Дунёмиздан жуда барвақт жирканган у руҳ,
У қўрқмас руҳ парвоз этди булутлар сари».

Шекспир, «Ромео ва Жулетта». 695-бет.

«Имон – фақат муайян диний таълимотларнинг маҳрига тушган фавқулодда бойлик эмас. Энг яхши имон – бўлиб ўтган, ҳозир мавжуд ва энди бўладиган нарсаларнинг ҳаммасида Камолотга интилувчи бир ирода мужассам эканига қатъий ишонч. Кимда-ким шу эътиқодга эга бўлса, у мукаммаллашиш жараёнида иштирок этади».

Жон Голсуорси

Рауф Парфи ижодида Бодлер шеърияти билан ҳамоҳанглик мавжуд: Бодлер: “Изтироб – мангу шуҳрат қасрига элтар ёлғиз йўл” деб таъкидласа, Рауф Парфи: “Шоирнинг онаси изтироб ахир” (“Сўнгги видо”, Навоий номидаги миллий кутубхона нашриёти, Т. 2006 йил., 128-бет.) дея ёзғиради. Икки хил ифода қилинган ягона шоирона фикр. Бодлер шоирона илҳом жазаваси, изтиробни йўлга қиёслайди. Рауф Парфи эса бу фикрни ривожлантиради, кучайтиради, изтиробни шоирнинг онаси деб таъкидлаш асносида, уни шоирлик исдеъдодининг тамал тоши сифатида талқин этади. …

Рауф Парфи бугунги кунда ҳолда руҳан-маънан мангуликка қадам қўйиб, бошимиз узра муқаддас каломи шариф, оташнафас шеърият, иймон-эътиқод яловига айланди.

Табиатан ижодкорни бошқа ҳунар билан шуғулланишга мажбурлаб бўлмайди. Шукур ака Холмирзаев ҳам, Рауф ака ҳам табиатан ижодкор. Шу боис улар умрини ижодга бахшида этди. Ёзувчилик ҳам касб-ҳунар эканини бизларга эслатиб туриш учун зориқиб яшадилар, тишини тишига қўйиб йўқчиликка, ҳақоратга, тана-маломатга чидадилар. Уларга осон бўлган эмас. Ҳатто мен ҳам Рауф акага «гадочилик қилиб кун кўрасиз» дея тана қилганман. «Амалпарастлар этагидан тутиб қаергача бормоқчисан», дея жуда қаттиқ танбеҳ берганда, чидай олмай шундай деганман. Шукур ака ҳам Дўрмондаги кулбасида умргузаронлик қилди. Рауф ака, миллат бахт-саодати, муқаддас калом учун толмас курашчи Тошкентдай шаҳри азимда уйсиз, дуч келган кулбаи вайронада яшаб ўтди. Сизни қаердан топамиз, деган саволга аксарият одам ишхонадан ёхуд уйимдан дея жавоб беради. Рауф аканинг тайинли ишхонаси ҳам йўқ эди. Дуч келган маҳкамада ишлар, бироқ қайсарлиги, эрксеварлиги, ҳақгўйлиги туфайли узоқ ишлай олмас; қолаверса Машрабдай девонасифат, жаҳонгашта, саргузаштталаб бўлгани боис бир жойда муқим яшай олмасди. Икки-уч йил ош-қатиқ, ҳамсуҳбат, шишадош бўлганимдан қатъий назар «Уйим» деган сўзни Рауф ака бирон марта тилга олганини хотирлай олмайман. «Қўнган жойимда» деб қўярди мийиғида кулиб. Умрининг сўнгги йилларини Сулҳида билан бирга ўтказгани ажабланарли. Рауф ака Сулҳидага боғланиб қолди. Сулҳида ҳам уни қўйиб юбормас, чиппа ёпишиб олганди. Сулҳида қатъиятли бўлмаганда Рауф ака у билан ҳам узоқ яшамаган бўларди.

Кант «талант стихиясини ҳам идрок ила бошқара билиш лозимлигини» уқтиради. Рауф ака устози Блок сингари «талант стихиясини бошқара оладиган» шоирлар сирасидан.

Рауф ака 2005 йил 27 мартда вафот этганда, «Ўз.А.С.» газетаси кичикроқ расми билан расмий таъзия эълон қилиш билан кифояланди. Бироқ қатор газеталар – «Оила ва жамият», «Моҳият», «Мулкдор», «Даракчи»да самимий дил изҳорлари чоп этилди. «Моҳият»да менинг мақолам босилди. «Оила ва Жамият»да Миразиз (Аъзам) аканинг мақоласи чоп этилганини эшитгандим.

Акамнинг жанозасини ўқишдан олдин «Минор» қабристонининг қоровулхонасида Миразиз ака билан елкама-елка пешин ўқиб, чин уйига шайланиб турган шоиримизнинг руҳи покига ибодат қилдик. Қиблага юзланиб, саждага бош қўйганлар орасида Йўлдош Эшбек, Азиз Саид, раҳматли Асқар Маҳкам ҳам бўлди.

«Оила ва Жамият»нинг 2005 йил 31 март сонида Миразиз аканинг мақоласига Рауф аканинг рангпар суврати илова қилинган, Хайр энди, шеъриятга кўмилган ҳаёт»… сатри эпиграф қилиб келтирилган, йирик қора ҳарфлар билан «ЖУДОЛИК» дея сарлавҳа қўйилганди. Миразиз ака ўзидан ёши бироз кичик салафдоши, сафдоши ҳақида ёзади:

«Рауф Парфи сатрлари заргарона ва табиий, ҳар бир жумласи қалбга таъсирчан мусиқа парчаларидай урилар, мазмунан теран бўлар, реалистик сувратлари қалбга қанот бахш этарди.

Рауф Парфининг ижодкор сифатидаги энг гўзал томонларидан бири унинг чинакам комил шахс эканлигидадир. Унинг сўзи билан иши ҳеч қачон икки томонга қараган эмас. У маддоҳлик ва ялтоқлик нима эканини билмас эди.

Шахсан мен уни ўзбек шеъриятининг ор-номуси деб биламан. Ва у жаҳоннинг истаган бурчагида жаҳоншумул шоирлар даврасида типпа-тик тура оладиган шоиримиз эди.

Оллоҳ охиратингизни обод қилсин, Рауфбек!»

Тошкент. Ғариб майхоналарда,
Кезиб юрар девона шоир.
Ҳар аъмоли, эй Ҳамид Парда,
Эътиқоду имонга доир.

Эргашаман чопиб ортидан,
Гар талпиниб ета олмайман;
Вале эзгу орзу юртидан,
Кечиб, олис кета олмайман…

Тошкент. Ғариб майхоналарда,
Рауф Парфи саргардон кезиб…
«Сипқор! – дея, – эй Ҳамид Парда!» –
Тутар қайноқ бағрини эзиб!

Рауф ака ҳақида турли одамлардан турли қарама-қарши фикр-мулоҳазаларни эшитганман. Бироқ шахсан мен Рауф акадан ёмонлик кўрмадим, шаънига доғ туширадиган бирон аъмолини ҳам эслай олмайман. Бахтим шундаки, бир ярим-икки йилга яқин бирга ишладик. Улфатчилик қилдик, замона зўрларидан шикоят қилдик, уларга таъна тошларини отдик. «Таъма адабиёти» вакилларини – ялтоқхўр маддоҳларни масхараладик. Ижод; етук ижодкорлар ҳақида баҳслашдик. Буюк ижодкорлар руҳидан мадад сўрадик, асрий даъватларини тинглашга, эзгу тилакларига амал қилишга уриндик. Имонсизларга имон, қашшоқларга молу дунё, яланғочларга кийим-кечак, очларга нон, золимларга инсофу диёнат, мазлумларга рўшнолик, ватанимиз Ўзбекистонга чинакам ҳуррият тиладик. Қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар инсон қандай яшамоғи керак деган саволга Рауф ака билан биргаликда, Рауф Парфининг мардона ҳаёти ва ижодидан ибрат олган ҳолда жавоб топишга уриндик.

Рауф Парфи вафотидан кейин кўп ўтмай «Мулкдор» газетасида Маҳмуд Сатторовнинг «Ёмғир ёғди юзларни ювиб» сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Янглишмасам, сарлавҳа акамнинг шеърий сатрларидан бири.

Маҳмуд ака устознинг курсдоши. У акамни «улкан шоир» дея улуғлайди:

«Рауф Парфида Машрабнинг саркашлиги, Ғафур Ғуломнинг шогирдпарварлиги, Хэменгуэйнинг иродаси, Нозим Ҳикматнинг ҳур фикри, Мақсуд Шайхзоданинг бағрикенглиги мужассам. Улфатлари, шогирдлари, ижодий меҳнатидан ортиб, қачон китоб ўқирди, буни ҳеч ким билмасди. Бироқ унинг атрофидагилар ўзбек ва жаҳон шеъриятидаги барча янгиликларни, адабий жараёну мумтоз адабиёт намуналарини Рауф Парфи орқали билиб, эшитиб, ўқишарди…

Рауф Парфи ўзбек адабиётини жаҳон модерн шеъриятига боғлаш билан ўзига, ўзбек адабиётига янги йўл очиб, унинг асосчиси бўла олди. Асқад Мухтор бошлаган «эксперимент»ларни чинакам санъат, бутун, яхлит адабиёт даражасига кўтара билди.

Маъракадан паришон тарқаган барча ижодкорлар чуқур ўйларга толдилар. Ҳамманинг юз-кўзида айрилиқ, ҳижрон дарди, содиқ дўстдан ажралиш ҳасрати сезилиб турарди» («Мулкдор», 15-сон, 2005 йил 8 апрель).

Газетада Маҳмуд аканинг жудолик қайғуси ила йўғрилган аламангиз мақоласи ёнида Рауф аканинг «Хайрлашдик», «Ёшлик зангор фасл. Кечди. Сарғарди…» шеърларини ҳам босишганди.

Рауф ака хотирасига бағишланган Иброҳим Ҳаққулнинг дастлабки аламли сатрларини Озод аканинг вафоти муносабати билан «Ҳаёт» ҳафталигида босилган «Хотирага кўчган умр» мақоласида ўқидим:

«Адабиёт ва илм аҳли учун оғир жудоликлар йили бўлди. Улкан шоиримиз Рауф Парфи эрта баҳорда вафот этди. Рауф ака бизни бунчалик эрта ташлаб кетиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди».

Эвоҳ! Бу аламли-армонли сатрлар акамнинг кутилмаганда вафот этишидан Иброҳим Ҳаққул ҳам довдираб, акам билан видолаша олмай ғафлатда қолганидан азбаройи пушаймон эканидан далолат. Ҳолбуки, улар бир пайтлар девор-дармиён қўшни яшаб,туғишгандан ҳам яқин бўлган.

Рауф ака 1998 йилнинг янги йили арафасидами, Дўрмонда, Ёзувчилар боғидан бошпана топди. Қайсидир газетаданми, радиоданми унинг қалам ҳақини олиб, Амир Файзулла билан кўргани бордик. Кольбаса, бир шиша ароқ олдик. Ҳаммаси Рауф аканинг қалам ҳақи ҳисобига – ўзи менга шундай дея буюрганди. Акам иккинчими-учинчи қаватда яшаётган экан. «Тагорнинг шеърига, у Тхакур дерди, назира ёздим» дея янги шеър ўқиб берди. Бу шеърни кейинчалик ўз овозида «Би-Би-Си» ўзбек хизматидан эшитдим. Видо шеъри бўлган экан, афсус… икки-уч соат гаплашиб ўтирдик. Нималар ҳақида гаплашганимиз эсимда йўқ. Хайрлашиб қайтаётганимизда Рауф ака бизни дарвозагача кузатиб чиқди. Мен «Ёшлик зангор фасл. Кечди. Сарғарди» дея шеър ўқий бошладим. Қиш эмас, кеч куз экан. Чунки боғнинг ҳовлисидаги хазонрезги манзара шундай кайфиятни юзага келтирганди. Рауф ака кулди:

– Рауф Парфини ўқияпсизми, аҳмоқ бўлиб-а?!

Ҳаётимнинг энг бахтли лаҳзалари!

Рауф аканинг «Оғриқ» шеъри қайсидир газетада босилгач, у пайтда талаба эдик, шов-шув бўлганди. Мен ҳам ўқиганману афсуски, уқмаганман. Университетда ҳам домлалар Рауф Парфи шеъриятининг асил моҳиятини очиб бермаган, аксинча ўшандаёқ Рауф аканинг этагидан маҳкам тутган бўлардим. Мен Ғафур Ғулом, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовнинг публицистик-романтик шеърияти руҳида тарбия топганман. Бунга, албатта, афсусланмайман. Бироқ токи тирик эканмиз, мукаммалликка интиламиз ва мана шу интилишимизда восита-зина бўлувчи омиллардан ғоят самарали фойдаланишнинг аҳамияти беқиёс. Бу борада Рауф аканинг шеърияти, унинг шеърияти орқали эса жаҳон шеърияти, лоақал Блок, Тагор шеърияти билан нисбатан аввалроқ яқиндан танишган бўлардим.

Юра-юра «Жаҳон адабиёти» журналида энг сара асарларни ўқиб, қисман таржима қилиб, Рауф ака сингари чинакам адиб-шоирларнинг риндона суҳбатларидан баҳраманд бўлдиму кўзим сал очилгандай бўлди.

Умарали Норматов Рауф Парфининг шеъриятига ҳамиша катта хайрихоҳлик билан ҳайратланиб қараган. «Ўз. А.С.» газетасининг 2005 йил 22-апрел 17-сонидаги давра суҳбатида Рауф Парфининг қуйидаги сонетини шарҳлайди:

Меҳрибоним, изингиздан борамен,
Шивирлайдир руҳим. Бу қайси оят?
Бу дунёда қирқ Мажнуннинг бири мен,
Ўлимга чап бериб келдим ниҳоят.

Юрагим зиндони. Бир яланғоч дор,
Солланиб турадир фақат мен учун.
Бунда бир муҳаббат заҳри қотил бор.
Бу зиндонда бир Лайло бор, бир Мажнун.

Меҳрибоним, хуним, мен сизни топдим,
Қоним бердим бу сирли хаёлларга.
Сўйдим юрагимни, кўксимни чопдим,

Ай, совурдим мен совуқ шамолларга,
Ҳукм қилдим ўзимни. Тонг чоғи отдим.
Нуқта қўйдим жавобсиз саволларга.

«Бу сатрларни бизда урф тусини олган илмий мезонлар орқали таҳлил этиш, маъносини очиш асло мумкин эмас! Унда биз ўрганган, ҳар бир ата-кичик асардан талаб этиладиган изчил мантиқ йўқ (бироқ бу гапи таажжубланарли!). у диалектик тафаккур қолипига сиғмайди; ҳозир фанда кенг расм бўлиб бораётган ягона чизиқсиз, бир қарашда бир-бирига қовушмайдиган тасодифий ҳолату ўй-кечинмалар – онг оқими силсиласидан иборат. Қаршингизда чин маънодаги полифония – фикрлар, туйғулар, ўй-мушоҳадалар камалаги пайдо бўлади. Ниҳоятда сержило, мураккаб, зиддиятли руҳий ҳолат; ақл-идрокка тутқич бермайдиган асов мушоҳадалар уммони: ҳам ожиз, мунгли, ҳам мардона, нурли, ҳам исёнкорона, ҳам итоаткорона туйғу-кайфиятларнинг ғаройиб уйғунлиги. Анънавий ва янгича – модерн поэтик усулларнинг синтези…» («Мустақиллик даври шеърияти: таҳлил ва талқинлар». Давра суҳбати. «Ўзб. Адабиёти ва санъ.» газетаси, 2005 йил, 22-апрел, 17-сон).

Рауф Парфи ичкиликбоз бўлмаган. Аксинча!

Лирик чекиниш

Сигарета чекмайман. Лекин бир пайтлар тузуккина ичкиликбозлик қилганман. Талабалик пайтимизда Набижон Боқий қишлоғига, синфдош дўстиникига тўйга олиб борган. Ёз. Тўкинчилик замонлари. Зиёрат зўр бўлган. Кўнглим бўшлик қилиб, мезбонлар қўлини қайтармай олаверибман. Тўйдан кейин тунда, Серова темир йўл бекатига келганимиз ёдимда. Вокзалда сал енгил тортай деб крандан оқаётган муздай сувга бошимни тутганимни ҳам эслайман. Бир пайт кўзимни очсам купеда учинчи полкада ётибман. Ёнимда Рўзимбой Ҳасан “ундай қилма, бундай қилма” деб у ёқ-бу ёғимни эпақага келтираётир… Бу илк қаттиқ маст бўлганим. Асосан ичкиликдан, бемаъни ишлардан йироқ дўстлар даврасида бўлганим фойда берган – бундай ишлардан ҳамиша йироқ бўлганман.

Иккинчими-учинчи курсда ўқиётганимда Чуқурсойдаги руҳий касаллар шифохонасига –тушиб қолдим. Энди ўйласам, зиқна бўлганим боис ҳатто еб-ичишдан ҳам пулни қизғанганим саломатлигимга жиддий путур етказган экан. Балки бошқа сабаб бўлгандир – айниган егуликдан заҳарланган бўлишим ҳам мумкин. Уч ойдан ортиқ даволаниб зўрға ўзимга келдим. Шундан кейин мутлақо ичмайдиган бўлиб қолдим – жон ширин. Бироқ 1997 йилда “Жаҳон адабиёти”га ишга киргач, яна зўр бериб ичишни бошлаб юбордим. Мўминхонада ярим кечагача қолиб, таъбир жоиз бўлса, маишат қилардик. Қиш кунларидан бирида меъёрни унутиб яна қаттиқ маст бўлиб қолдим. Ким таксига ўтқазиб юборганини билмайман. Таксида рулда бир йигит, ёнида ҳам кимдир бор эди. Уларга “уйимга олиб бориб қўйинглар, йўлкира ҳақини тўлайман”, деб ялиндим. Билмадим, таксида қайт қилиб юбордимми, хуллас, Чилонзорда мен билмайдиган жойга ташлаб кетишди. Бироз ўзимни қўлга олиб атрофга алангладим. Милиция ўн беш суткага олиб кетиб қолмасин, дея йўл бўйидаги буталар ортига ўтиб ўтирдим. Шу ўтирганимча икки соатдан кўпроқ мизғиб қолибман. Бошимда талпагим ҳам йўқ. Кўча чиққан эдим, бир тез ёрдам машинаси келиб қолди. Тўхтатдим. Уйимга олиб бориб қўйинг, деб илтимос қилдим. “Уйинг узоқда, Сергелида экан. Сергелининг йўлига олиб чиқиб қўяман. Бирорта машинага ўтириб етиб оласан”, деди ҳайдовчи…

Шу-шу Рауф аканинг даврасида эҳтиёт бўлиб, кам-камдан ичадиган бўлдим. Кейин билсам “мўминхона”да илгари бўладиган ашаддий улфатчилик айрим истеъдодли одамларнинг бошига ҳам етган экан.

Рауф ака улфатчилик қилишда кўп овқат емасди. Ароқни, муғомбирлик қилгандай, асосан жуда майда хўплаб ичарди. Рауф ака билан 1997 йилдан жуда яқин бўлганман ва унинг кайфи ошиб қолиб, йиқилиб қолгани ёки ким биландир жанжаллашгани каби салбий ҳолатларни эслай олмайман. Рауф ака ҳеч қачон эс-ҳушини йўқотмасди. Энгил-бошига гард ҳам юқтирмасди – ҳамиша покиза юрарди. Кейин улфатларини ичгин деб мажбурламасди. Рауф ака улфатчиликни дардлашиш, фикрлашиш, имкони бўлса ҳақиқатни топиш воситаси биларди. Кайфи ошиб, масту аласт бўлиб айний бошлаган даврани “валдиризм бошланди!” деб дарҳол тарк этарди. Энди ўйласам, биз каби ғофиллар эса улфатчилик – ичкиликбозлик, деган шиорга амал қилиб, молдай ичишга, маст-аласт тўнғизга айланишга зўр берган эканмиз.

Рауф Парфи шеъриятида кўплаб теша тегмаган ташбеҳларга дуч келамиз. Шоир шеъриятининг хусусияти ҳақида турлича талқинлар мавжуд. Бу шеъриятга хос жиҳатлардан бири – лирик қаҳрамон юксак ахлоқий мезонлар билан фикр юритади, шундай мезонлар билан даврга, ён-атрофидаги замондошларига, шеъриятнинг мангу мавзуларига ёндошади.

Рауф ака: «Инсон ўзлигига, эътиқодига хиёнат қилмаслиги керак» дея таъкидлаганди. Бу – шоир иймон-эътиқодининг тамал тоши.

Ор-номус, имон-эътиқод, виждон сингари олий қадриятлар шоир шеърларида қайта-қайта тилга олинади.

“Виждон шеваси” иборасига шоир ижодининг илк даврига мансуб шеър-сонетларда ҳам, кейинчалик яратган асарларида ҳам дуч келамиз.

Бу дунё барчадин қолур бегумон,
Армон саҳроси бу, алам чўли бу.
Руҳингни сўндирма, Аллоҳга инон,
Мадад бер ўзингга, иймон йўли бу.
(“Мунажжим” 1994 й.)

Дастлабки шеърларида ҳам Рауф ака табиат манзаралари орқали руҳий ҳолатларни тасвирлашга уринади. Ва бунга имкон даражасида эришади:

Талпинади, шундай кулади
Кўм-кўк ўрмон ва тиниқ дарё.
Дарё узра ой ҳам қулади,
Ер ҳуснига бўлиб маҳлиё.

Талпинади яшил далалар –
Совутади асов отини.
Қуёш ширин ўйларга толар,
Бугун ёзар гул ижодини.

Совуқ юракларга ўт қалаб
Ўзи бериб ўзига баҳо,
Мангуликнинг нағмаси ила
Талпинади ўлкада баҳор.

Шоир ижодининг илк кезларида, 1962 йилда ёзган бу шеърида “кўм-кўк ўрмон ва тиниқ дарёни” шунчаки шеърга солмайди. Бошловчи ҳаваскор табиатдан нўноқларча нусха кўчириш билан кифояланади. Ҳолбуки, инсон табиатга назар ташлаш асносида муайян хаёллар оғушида, муайян кайфият таъсирида бўлади. Шоир табиатдан, ҳаётдан нусха кўчирувчи эмас, балки ҳаётга қайтадан ҳаёт бағишловчи сўз сеҳргари.

Рауф ака ижодининг дастлабки кезларида яратган шеърларида ҳам нусха кўчирувчи ҳаваскор шоир сифатида эмас, балки табиатни жонлантирувчи, унга руҳ, қанот бахш этувчи сўз афсунгари сифатида қалам тебратади. Парвардигори олам биргина “Бўл!” деган каломи шариф ила бутун оламни яратгани каби шоир ҳам сеҳрли-афсунгар каломи шарифлар воситасида табиат ичра, сизу бизнинг ҳаётимиз ичра янги ҳаёт кашф этади, яратади. Рауф аканинг истеъдоди лирик шоир истеъдодидан ҳам, романтик-публицист шоир ижодидан ҳам мураккаб ва шу мураккаблиги билан юксак.

Юқорида келтирилган шеърида “яшил далалар ҳам талпиниб, асов отини совутади”; «Ер ҳуснига маҳлиё Ой дарёга қулайди»; “Қуёш ширин ўйларга толар, Бугун ёзар гул ижодини”. Шеърда шоир “совуқ юраклар”ни тилга олади. Нима учун “совуқ юраклар”?

Бу шеър яратилган 60-йилларнинг бошларида шеъриятимизда, умуман ҳаётда ҳам коммунистик баландпарвозлик ҳукмрон эди. Ҳатто “совуқ юраклар” иборасини қўллашдан шоирлар чўчиган. Чунки шўро кишисининг, яъни лирик қаҳрамоннинг “юраги совуқ”, бинобарин кайфияти тушкун бўлиши мумкин эмас, деган ақида ёзилмаган қонун-қоида тусини олган бир пайтда бундай тушкунликка берилиш аёвсиз қораланган, жазоланган бўларди. Бироқ “мафкуравий жабҳада” ҳам илиқлик шабадалари эса бошлаган, 53-йилда “халқлар отаси” вафот этгандан кейин бутун салтанат енгил тин ола бошлаган, машҳур ХХ съезддан кейин, ниҳоят, эл-юрт кайфиятидаги, руҳиятидаги ҳуррият шеъриятда ҳам акс эта бошлаганди. Қаранг, Сталин вафотидан кейин салкам ўн йил ўтгач, ҳатто машҳур ХХ съезддан кейин ҳам беш-олти йил ўтгандан кейингина адабиётда кишанлардан озод бўла бошлаган ҳур руҳнинг товланишларига кўзимиз тушиб, илиқ тоза нафасини ҳис қиламиз. Бу шуни билдирадики, инсон озодликка чиққан лаҳзадаёқ руҳан озод бўла олмайди. Сиртдан озод бўлгани ҳолда дастлабки кезларда руҳияти ҳамон тутқунликда қолаверади. Инсоннинг кайфияти, руҳияти ўзгариши учун муайян муддат – йиллар талаб қилинади. Шу боис Сталин вафот этган заҳоти эмас, ёҳуд дабдурустдан ХХ съезддан кейиноқ Рауф Парфи каби сўз афсунгарлари майдонга келмаган.

Рауф ака юқорида келтирилган шеърида баҳор “мангулик нағмасини” чалаётир дейди. Бу шеърни 1962 йилда, ўн тўққиз ёшида ёзган. Унинг йигирма бир ёшида ёзган навбатдаги шеърида навқирон, ошуфта юракнинг ёр васлини қумсаб орзиқиши муҳрланган:

Мудрар ярим кеча уйқуда,
Булут сузар ва ойни ёпар.
Ойни ёпар, лекин беҳуда,
Яна бир он ўтмасдан ёнар.

Кеча олар уйқусида дам.
Кеча узра посбон – Чирой…
Сени кўргим келди жуда ҳам,
Ажиб қўшиқ айтган чоғи ой.
1964

Шоирнинг маҳоратига тан бериш керак. Шу маънодаки, у ойни шунчаки кузатаётгани йўқ, аксинча ойнинг “ажиб қўшиғи”ни тинглаётир. Ой кеча узра посбон чиройга, бинобарин навқирон қалб соҳибининг наздида ёрга айланаяпти.

Рауф ака Блок шеъриятини севар, нақ ёстиқдай шеърий тўпламини ҳамиша олиб юрарди. Блокнинг дастлабки шеърларида ҳам мана шундай руҳий ҳолат тасвирларига дуч келамиз. Рауф Парфи, ҳақиқатдан ҳам, ҳиссий тафаккур шоири. Ҳаётий беқарорликни тафаккур тарозосига солиб қайта-қайта ўлчашдан чарчамайдиган, зерикмайдиган, қўрқмайдиган, ҳайиқмайдиган, чўчимайдиган Иймон, Эътиқод, Виждон, Ҳақиқат шоири, жарчиси, даъватчиси!

Профессор Ботирхон Акрам Рауф Парфининг ижодини «Шеъриятнинг ҳуррият буржи» дея таърифлаб, унинг:

Нечук қисмат эрур шоир қисмати?
Тушларимни бузар ҳазрат Алишер!..
сатрлари ҳақида шундай ёзади:

«Мен ҳайратимни яширолмайман: «Ҳазрат Алишер»га меҳр-ихлосим жуда баланд бўлганиданми, келтирилган байтдан англашилган маъно миқёсини шунчаки шарҳлаб ё кенгроқ таҳлил қилиб, борингки, таҳқиқ этиб, интиҳосига етолмасам керак…»

Улуғбек Ҳамдам Рауф парфи ижодини «забт этилмаган чўққи» дея таърифласа, адабиёт, шеърият билимдонлари сифатида танилган Умарали Норматов, Ботирхон Акрам сингари олимларимиз Рауф Парфи шеърлари «маъно миқёсининг интиҳосига етиш» мушкуллигини ошкора айтадилар.

Рауф аканинг “Сув остида ялтирайди тош” мисраси билан бошланадиган гўзал шеъридаги руҳий ҳолат эзгулиги билан диққатига сазавор.

Тўлқинлар устида паришон,
Севинчларим, чекилган оҳим.

Борини чекаман асабий,
Имонимда аллақандай куч.
Аллақандай қудрат бесабр,
Аллақандай шаклсиз севинч.

Шоир “имон шеваси”ни ўша кўкрагига эндигина илиқлик шабадалари уфурган, озод руҳ эндигина тетапоя бўлаётган олтмишинчи йилларнинг ўрталарида тилга олишида ҳам катта ҳикмат бор. Тўғри, Абдулла ака “Биринчи муҳаббатим”да муҳаббатни “ёлғиз Оллоҳим” дея алқаган, севгига сиғинган. Бироқ шоир ёлғиз севгисига сиғиниш билан кифояланиб қолганини ҳам унутмаслик керак. Рауф ака эса “имонимда аллақандай куч” дер экан, шўровий мафкурабозларни, «эркин сўз, илҳом, даҳоларнинг қотил-жаллодларини» (М. Лермонтов) сескантирадиган собит иймон-эътиқоди ҳақида ҳайқиряпти. “Аллақандай қудрат бесабр” сатри ҳам салтанат, тожу тахт соқчи-қўриқчи-шотирларини хушёрликка чақирадиган қайсар ғайрат-шижоатга, жўмардликка, баҳодирликка ишора-шаъмагина эмас, айни шу хислатлар шоирнинг қалбида етилиб келаётгани, жўш ураётгани; шеърларида, аъмолида шиддатли чақмоқ-чақиндай рўй-рост ошкора акс этиш учун йўл ахтариб, талпинаётганидан далолат.

Иймон, Эътиқод, Виждон эркинлиги сингари каломи шарифларни бугун эмин-зркин тилга оляпмиз, бугун деярли ҳар бир маҳалланинг масжиди бор, бугун жума номозлари, ҳайит номозларига ўсмир болаларни ҳам етаклаб, етти ёшдан етмиш ёшгача барча ҳеч бир хадик-хавотирсиз қатнашяпмиз. Биз ўсмирлик, йигитлик, талабалик йилларимизда масжидга боришни хаёлимизга ҳам келтира олмасдик. Бугун жоме масжидларида жума номозларида кексалар қатори навқирон йигит-ўсмирлар ҳам саждага бош қўйганини кўриб қувонаман. Илло, Парвардигорни танимаган банда ўзлигини таний олмайди.

Шўролар даврида наинки масжидга бориш, ҳатто том маънодаги имон-эътиқод хусусида оғиз очиб бўлмасди. Фақат “коммунистик эътиқод”, “коммунистик идеалларга садоқат” ҳақида гапириладиган, шеър айтиладиган шароитда Рауф ака иймон-эътиқод ҳақида жар сола билган:

Майлига, ҳайқирай имоним ҳаққи,
Кўкларга термилиб солайин уввос.
“Юрак” шеъридан, 1967 йил.

Рауф Парфининг шоирона нигоҳи ўткир, шоирона идроки теран. Шоирона мулоҳаза-мушоҳадаси, таҳлили теран. Шоирона амр-фармони қақшатқич беаёв!

Осмон юзи шундайин сариқ,
Совуқликни қайлардан олган?

Кулар-да ва қалқиб борар ой,
Ул ҳаёсиз шундоқ яланғоч.
Кимни алдаб балқиб борар ой –
Теваракда кеча қорасоч.

“Ҳаёсиз яланғоч ой”, “қорасоч кеча” ташбеҳлари гўзаллиги билан мафтун этади. Ҳақиқий шеър ҳамиша шундай сирли, айни пайтда жуда содда, ҳаётий.

Рауф ака ижодининг илк давридан Чўлпонга эргашди. Унинг қўлма-қўл ўқиладиган шеърларини ёд олиш билан кифояланмасдан қалб сардафтарига тоабад муҳрлади. Рауф Парфи Чўлпонни устоз билгани, унинг шонли йўлини давом эттириш ниятида эканини йигирма беш ёшида 1968 йили чоп этилган “Карвон йўли” илк шеърий мажмуасининг дастлабки шеъри – сонетдаёқ баралла овоза қилган. Унда Чўлпоннинг “Кишан кийма, бўйин эгма, ки сен ҳам ҳур туғилғонсан” даъватига ҳамоҳанг, чўлпонона, бироқ Рауф Парфи қалби қозонида қайнаган даъваткор ҳайқириқ янграйди:

Эй само, эй замин, эй инсон – қодир,
Гуллар, чечакларга тўлсин ойдин йўл,
Нафосатга ахир чидамли одам.

Бу кун Сен бошқасан, дунё бошқадир…
Сен-да ҳур туғилдинг, бир куйла, бир ўл,
Ва билгил қайларда сарсондир алам…
Шоир 1980 йилда ёзилган машҳур «Оғриқ» сонетлар туркумида:
Руҳга имон бергил, эй қодир ҳаёт.

дея ҳайқиради.

«Ижодкор эътиқодига хиёнат қилмаслиги керак» деган қоидани умрбод шиор қилган Рауф Парфининг бундай имон-эътиқодталаблиги ажаблантирмайди. Бироқ «қизил мафкура» ҳукмронлиги шароитида мана шундай мардона иймонталаблик ҳайратга солади.

Рауф ака устози Абдураҳмон Водилийдан таҳсил олгани ҳақида кўп гапирган. Устози бошлаган озарбойжон шоири Муҳаммад Ходийнинг йирик шеърининг таржимасини ниҳоясига етказган. Ҳодийнинг бу шеъри «Жаҳон адабиёти»да чоп этилган. «Ёзувчи» нашриётида чоп қилинган шеърий тўпламга Водилийнинг бошқа асарлари билан бирга киритилган.

Рауф ака “Тавба” тўпламига (“Ёзувчи” нашриёти, 2000 йил) Баҳоуддин Нақшбанднинг “Ишқда ақлу тану дилу жон бўлмас” ҳикматини эпиграф қилиб келтирган. “Ақлу тану дилу жон”дан ҳоли ишқ – Аллоҳнинг даргоҳига бошлайдиган “Руҳнинг абадий ҳурриятга қайтиши”га тайёргарлик эканини ўшанда шахсан мен бандаи ғофил, минг афсус, фаҳмламабман. Аксинча, акамга бошқачароқ муносабатда бўлардим.

Башарти фаҳмлаганимда, Рауф акадан: бизни ташлаб қаёққа кетмоқчисиз, дея гина қилган бўлардим. Эҳтимол, кимлардир буни пайқагандир. Бироқ улар акамнинг кўнглига қараб, очиқ айтмаган бўлишлари турган гап.

Ҳатто ашаддий ғанимлари ҳам Рауф аканинг буюклиги қаршисида таъзим қилишига шубҳам йўқ. Чунки унинг ғанимлари ҳам ўзи сингари буюк шахслар бўлиб, аслида қандай жасоратли қалб соҳиби ила қасдлашганларини жуда яхши билишарди.

Тўплам “Тавба” сонетлар туркуми билан очилади. Аксарият сонетлардан иборат бу тўпламда шоир асосан тавба-тазарру қилади.

Имон бер руҳимга, жисмимга жон бер,
Лойимни қориштир, поклаб бер менга.
Ожиз томиримга покиза қон бер,
Равшан қил, қорамни оқлаб бер менга.
Охират илмидан қил мени огоҳ,
Муродим шаъмини сўндирма, Аллоҳ.

Ҳаммаси равшан. Рауф акага “Сиз ҳақингизда мақола ёзмоқчиман” десам, “Шеъримни шарҳлаб мақола ёзганингиз маъқул” дея маслаҳат берарди. “Муножот” (тўпламга бу сонетлар туркуми “Тавба” сарлавҳаси билан киритилган) сонетлар туркумини шарҳлаб ёзган мақолам “Моҳият” газетасида босилди, Рауф ака ўқиб хурсанд бўлди: “Шеърларим ҳақида лоақал ўнта шундай мақола ёзсангиз эди”, деганди майин жилмайиб.

Шеърияти тўғрисидаги мақолаларга Рауф ака бефарқ эмасди. Ботирхон Акрамовнинг “Моҳият”да босилган “Шеъриятнинг ҳуррият буржи” мақоласини ҳам, Улуғбек Ҳамдамнинг “Ёзувчи” газетасида чоп этилган “Тадриж” эссесини ҳам катта қизиқиш билан ўқиган. Ботирхон ака Рауф аканинг шеъриятига муносабатини билар, шеъриятига бағишланган салмоқли илмий асар ёзганидан ҳам хабардор эди. Улуғбек Ҳамдамнинг эссеси билан танишгач, “шеърларимга бағишланган катта илмий ишнинг бир қисми бўлса керагов” деганди умидворлик билан.

Рауф ака ашаддий китобсеварлар сирасидан бўлиб, танлаб, саралаб ўқирди. Шекспирнинг асарларидаги монологларни ёдлашни ҳам маслаҳат берарди.

“Тавба” сонетлар туркуми тўғрисидаги мақолам Рауф акага манзур бўлганидан қатъий назар асил-туб моҳиятини очиб беролмаганимни мени аябми, бошқа бирон мулоҳаза-андишага борибми, айтмаган. Ҳолбуки, айтса, яхши бўларди. Рауф ака деярли қаттиқ гапирмасди. Жуда гўзал шеърлар ёзгани ҳолда дуч келган шоирга кучлими-ўртамиёнами, танилганми-танилмаганми, бундан қатъий назар “сенинг ёзганларинг шеър эмас”, деган гапни айтмаган.

Дарвоқе, “Таҳаммул” тўпламим билан илк бора танишгач, “Бундай тўпламларнинг керак бўлса йигирматасини бир ўтиришда ёзиб ташлайман” деган бўлса ҳам “Муножот” қўлбола тўпламим билан танишгач, “Таҳаммул”ни бошқатдан ўқишим керак. Мана шундай олий покликни мўлжаллаган ҳолда шеърлар ёзаверинг”, – дея кўнглимни кўтарган. Шунинг учун ҳам уни шоҳу гадо баравар эъзозлар, ҳатто оёғига бош уришга тайёр турардик.

Рауф ака ноширлардан бири билан суҳбатда шеърий санъат ҳақида рисола ёзмоқчи эканини айтган. “Шеърий санъат” деганда нимани назарда тутган? Унинг шеърларидан шу саволга жавоб қидираман. Рауф аканинг шеърларида ҳис-туйғу, изтироб-алам, исён-ғалаён, ҳукмфармолик – замона устидан, замона иллатлари устидан аёвсиз хукм чиқаришни кўраман. Рауф ака шунчаки шеър ёзмайди, аксинча ҳар бир сатрида ўртанади, қийналади, изтиробларини шеърий мисраларга сингдиради. Кимлардир бирон-бир чиройли гап айтиш учун, бирон-бир ҳикматни, топилмани барчага ҳавола қилиш учун шеър айтса, Рауф ака фақат дардини шеърга солади. Рауф аканинг шеърлари ижтимоий лириканинг гўзал намуналари. Туғма истеъдод соҳиби эрмак учун эмас, балки булбулдай ёниб куйламаса, юраги ёрилиб ўлиши муқаррар экани учунгина қўлига қалам олади.

Рауф ака “Барно Бону” шеърида ёзади:

Сен қўрқмадинг ҳақиқатдан, бу ёвдан,
Хиёнатнинг ботқоғига санчилдинг.

Ҳақиқатдан қўрқиш керакми? Барчамиз ҳақиқат тарафдоримиз. Бироқ ҳақиқатнинг кўзига тик қараш керак бўлганида имкон борича чап беришга, бўйин товлашга уринамиз. Чунки ҳақиқат ўз оти ўзи билан ҳақиқат, рўй-ростлик, унинг зиёси, тафти бамисоли қуёш оташидан кўр қилиши ҳеч гап эмас. Шу боис, тўғри сўзнинг тўқмоғи бор, деган нақл юради.

Инсон ҳақиқатнинг кўзига тик қарашга кўникмагунча, иллатлардан, бинобарин кулфатлардан, бало-қазодан ҳоли яшай олмайди.

Рауф ака ижодининг сўнгги ўн йиллигига хос хусусиятлардан бири – умрининг сўнгги ўн йиллигида росмана муножот қилишга, тавба-тазарруга берилгани. Сиртдан майпарастдай кўрингани билан аслида росмана тақводорга айланганини қатор шеърлари исботлайди. Тўғри, Рауф ака масжидларга бориб, эл қатори тавба-тазарру қилиб, саждага бош қўйган мўмин эмас. Умуман, “мўмин” сифатловчиси Рауф ака билан мутлақо қовушмайди. Бироқ Рауф ака ботинан, сийратан шу даражада “мўмин” эдики, бундай покиза мўминлик, бундай покиза тақводорлик, бундай покиза таркидунёчилик, покиза дарвешлик мусулмонлик даъво қилувчи аксарият “мўминлар”нинг ҳатто етти ухлаб тушига ҳам кирмаслиги шубҳасиз. Шу боис шоир ёлғиз Аллоҳга қайта-қайта муножот қилганига шубҳа йўқ. Рауф ака ёлғиз кезларда ҳам, гавжум давраларда ҳам қалбан ҳамиша Аллоҳ билан бўлган.

Шоир 90-йилларда қатор шеърларида ўзига пайғамбарона ваҳий ингани ҳақида ёзади:
Тангритоғдан ваҳий келди, қайрилдим…

(“Барно Бону”.)

Ваҳий келди менга, чирпанди юрак

(“Сенсиз”.)

Рауф ака шўро мафкураси кучайган 80-йиллардаёқ иймон яловини кўтарганди. Машҳур (акамнинг машҳур бўлмаган шеърлари саноқли!) «Оғриқ» шеърида ёзади.

Рауф ПАРФИ:

Сўз менинг кўксимга санчилар, ҳайҳот,
Шовулла, гуркира, ҳаёт нафаси.
Руҳга иймон бергил, эй қодир ҳаёт,
Қизғонма сеҳрнинг самовий сасин…

Рауф ака наинки ҳақталаб, ҳақиқатталаб, балки иймон-эътиқод талаб шоир бўлгани шу мисранинг ўзидаёқ яққол кўзга ташланади. Коммунистик эътиқод, совет ватанпарварлиги, партиявийлик, коллективизм зўр бериб тарғиб қилинаётган, коммунистик эътиқод ҳатто илоҳийлаштирилган «қизиллар» замонасида, дин-диёнат сиқувга олинган, одамлар масжидларга қўрқа писа борадиган қалтис даврда иймон-эътиқодни шеърга солиш учун шоирдан жуда катта жасорат талаб қилинарди. Шукрлар бўлсинки, Рауф ака шоирликни қисмат деб билар, бошига қилич келса ҳам ҳақиқатни айтишдан қайтмайдиган собит эътиқодли шахс эди.

“Рауф Парфи метафораларининг ўзига хослиги уларнинг қамровида ва мавзуга майин, табиий романтик оҳангдошлигида. Шоирнинг илк шеърларидан бири чироқ ҳақида эди. У чироқни метафорага асос қилиб олиб, унинг ҳамма сифатларидан кенг қамровли фойдаланади.чиндан ҳам тунги чироқ кўп хилма-хил ҳисларнинг рамзидир: унда ҳасрат ҳам бор, ўйчан жимлик ҳам бор, ёниш ҳам бор, ёруғлик ҳам, дард, умид, ёлғизлик ҳам бор, бардош ҳам… у қуёш навбатни олгунча ёнади”.

Рауф аканинг бу метафора – ўхшатиши, муболағаси Асқад Мухторнинг ҳам ижодий тафаккурига туртки бергани юқоридаги мисолдан кўриниб турибди.

Бу шоир ижодий тафаккур соҳиби бўлиши зарурлигини кўрсатади. Аксарият омма учун шунчаки нур манбаи бўлган чироқда “дард, умид, ёлғизлик, ёруғлик, бардош ҳам бор” дейди Асқад Мухтор Рауф Парфининг “Чироқ” шеърини тавсифлаш асносида.

Асқад Мухтор Рауф Парфи шеърити ҳақида:

“Рауф Парфи поэзияда мураккаб ва динамик метафоралар усулини танлади”.

“Метафоралар шоирни мураккаб ассоциатив тафаккурга олиб келади. Шунинг учун баъзилар Рауф Парфини ўта мураккабликда айблайдилар. Менингча, муваффақиятли шеърларда мураккаблик ёмон эмас. Китобхонни ўйлатмайдиган, ҳаяжонга солмайдиган, осонгина ўқиладиган жўн шеъриятга ўргатиш ҳам ярамайди”

“Фикри ҳис билан йўғириб, сатрда унга шеърий ҳаёт бағишлашга интилади. Ўзи айтганидай, “ўйларини қийнаб ўйлайди”.

“Рауф Парфининг кўп шеърлари ўзига ва бошқаларга муросасиз маънавий айбномалардир. “Соя” шеърида виждонга хилоф қилинган ҳар қандай ишнинг бир умр одамнинг изидан соядек эргашиб юриши фожиий қисмат даражасига кўтарилади”.

“…энг эмоционал поэзия ҳам вазифа ва моҳият эътибори билан сиёсий масаладир, шеър – шоирнинг ижтимоий виждони”.

“Талант стихиясини ҳам идрок ила бошқара билиш лозим” (И.Кант).

“Традиция поэзияга четдан келиб қўшиладиган элемент эмас, у ҳар бир янги шеъриятнинг ич-ичига сингишган, унинг энг яхши хусусиятларини белгиловчи руҳиятдир. Шунинг учун шоирларни “Традицион шоир” ва “Новатор шоир” деб иккига ажратиш унча тўғри бўлмаса керак. Традициясиз ҳеч қанақа шоир, қеч қанақа изланиш, ҳеч қанақа новаторлик йўқ”.

“Рауф Парфи ҳиссиёт воситасида тафаккур қилувчи, кучли, беҳаловат шоир”.

“Поэзияда янгилик традицияларнинг тараққиётдаги кўринишидир ёки аниқроғи – традицияларни чуқур билиш мевасидир”.

«Муктибодҳ» манзумаси Рауф аканинг энг муваффақиятли чиққан манзумаларидан. Абдулла Ориповнинг «Арманистон»и билан беллаша оладиган сонетлар туркуми. Рауф аканинг, умуман, йирик шоирларнинг шоҳ асарлари даврнинг аёвсиз солномаси. «Муктибодҳ»да:

Тили кесилгандек чулдирар биров,
Суваб, чалпиб борар босган изини.
Унга одам зоти кела билмас дов,
Ғайри тилда айтар Ватан сўзини.

Шўролар даврида республикамизнинг наинки юксак минбарларидан, ҳатто кичик-кичик корхона, жамоаларида ҳам мажлислар рус тилида олиб борилар, маърузалар, мунозаралар рус тилида қилинарди. Рауф ака «Ватан сўзининг ғайри тилда айтилишига» қарши исён кўтаради.

-Наҳотки шу маломатингизни ўтказиб юборишган,- деб сўраганимда,

-Аввалига нимага шама қилганимни пайқашмаган, бироқ кейинчалик билиб қолишган, – деганди мамнун жилмайиб.

Бу «билиб қолиш» тагида нима ётганини, шоир шўроларнинг, бфори мансабдорларнинг шотирлари томонидан қанчалар сиқувга олинганини тасаввур қилаверасиз…

Бироқ рауфона шеърий тафаккурнинг теранлиги шундаки, «Ватан сўзини ғайри тилда айтиш» ёлғиз бегона миллат тилида маъруза қилиш билан чекланмайди. «Ватан сўзи» иборасининг мазмуни теран ва кенг қамровли. Бу ибора тилга олинганда, «иймон, эътиқод сўзини» ғайрича талқин қилувчилар ҳам беихтиёр кўз ўнгимизда гавдаланади.

Умуман, йирик ижодкорлар ҳамиша ҳукмрон доиралар билан келиша олмаган, муросасиз зиддиятда бўлган. Чунки замон ҳамиша ҳукмрон доираларнинг дастида, ҳукмифармонида.

Байроннинг:

Тождор маҳлуқларга емнинг ўзи кам,
Тишламоқ ва қопмоқ истайди улар,

айбномасини Рауф ака «Байроннинг сўнгги сафари» сонетлар туркумига сингдириб юборган. Бу мустабидлик, якка ҳокимлик зўравонлиги, жабр-зулмига қарши исён-ғалаён.

Рауф ака «Байроннинг сўнгги сафари» манзумасини ёзгани бежиз эмас. Олимжон Бўриев суҳбатлардан бирида Рауф акага мурожаат қилиб, янглишмасам «Дон Жуан»ни фақат сиз таржима қила оласиз», деганди. «Манфред» таржимаси ҳам чакки эмас. Бироқ бу таржимадан Рауф аканинг кўнгли тўлмасди.

-Имкон топиб, қайтадан кўриб чиқишим керак, -деганди шу хусусдаги суҳбатларимиздан бирида.

Рауф ака Абдураҳмон Водилийнинг «Ёзувчи» нашриётида чиққан китобига дастхат ёзиб бергани ёдимдан чиқибди. Шу китобчани варақлаётиб, акамнинг дастхатига кўзим тушдию кўнглим бузилди. «Дўстим, шоир Абдул Ҳамидга тузувчидан. Рауф Парфи» дея лотин алифбосида ёзилган дастхатига кўзим тушиб, ўзини кўргандай бўлдим. Ёзилган санаси кўрсатилмабди. Янглишмасам, Дўрмонда ёзиб берганди. Янаям, Валлоҳи аълам – Худо билади.

Ҳозир Рауф ака ёнимда бўлганида жуда кўп саволар берган бўлардим. Жумладан, шеърий санъат масаласидаги фикрларини билишга интилардим. Ҳаётий мавқеидан бохабарман: акам ҳеч кимга ихтиёрини топширмасди.

Жуда эркин фикрлайдиган, эркинликни хуш кўрадиган шоир – Рауф Парфи. Акам тинчгина қабрида ётибди деганлар янглишади. Унинг руҳи ҳам беором. Шоир наинки ҳаётлигида, ҳатто вафотидан кейин ҳам ҳаловат топа олмайди. Унинг бахти фожиасида. Шундай қисматнинг нима кераги бор дея савол бериш бамисоли ширк келтириш билан баробар. Ҳаловатсиз, ҳузурсиз, бирон бир имтиёзсиз, на тайинли бошпана, на тайинли маош, на бирон бир мансаб. Янглишмасам, Шайхзода сингари Рауф ака ҳам ҳукумат медаль-орденини олмаган. Гарчи турли мукофотлар лауреати бўлса ҳам. Бироқ на шўролар даври, на мустақил Ўзбекистоннинг медаль-ордени билан тақдирланмаган. Ўзбекистон халқ шоири унвони истисно, албатта. Бироқ бу унвонни ҳам ғайриихтиёрий тарзда олган. Унвон улашиш билан шуғулланувчи мутасадди расмий ташкилотларнинг карчалон-қарчиғай пешволари ғафлатда қолгани учун ҳам акам шу унвонни олишга сазовор бўлган. Аксинча дуч келган қофиябоз пешонасига ёпиштириб олган шу унвонни ҳам ололмай ўтиб кетарди.

Акам унвонлардан, медалу орденлардан жуда баланд Шахс. Устозлардан бири катта мукофот олганда ҳовлиқиб, Рауф аканинг гувоҳлигида:

-Тез табриклагани борайлик, – деб ҳовлиққаним учун ўзимни кечира олмайман. Рауф ака ўшанда «Намунча ҳовлиқмасанг! Баъзан қандай “хизматлар” эвазига бундай мукофотлар берилишини биласанми, галварс», дейиши мумкин эди. Ҳовлиқишимни кўриб, шу маънода ижирғанган. Ўшанда Рауф аканинг ўринли энсаси қотганини кўр-кўрона «кўролмасликка, ҳасадга» ҳам йўйгандим мен нодон. Ҳолбуки, айрим кимсалар эътиқодини, иймонини, истеъдодини, бинобарин халқини, охир-оқибат Худони сотиш ҳисобига аллақандай мансабларга, мукофотларга савзовор бўлишларини кейинчалик англадим.

Яшаш жуда оғир. Эътиқодингга, имонга доғ туширмасдан яшаш осон эмас. Бунинг учун кимнингдир қўлига муҳтож бўлмаслик чорасини кўриш, Худони унутмаслик керак, мансабга, шон-шуҳратга мутлақо учмаслик керак. Ялтоқиликдан ҳам сақланиш зарур. Токи беихтиёр шаънимизга тавқи лаънат тамғаси босилмаслиги учун. Жуда кўп майда-чуйдалардан воз кечиш, бутун диққат-эътиборни асосий фаолиятга бахшида этиш керак. Аксинча, жуда катта бой бериш бўлади. Спортчилар кунига саккиз-тўққиз соатлаб машқ қиладилар. Мен ҳам кунига камида беш-олти соат фақат бадиий ижод билан, бадиий ижодга кўмаклашадиган машҳулотлар билан шуғулланишим шарт.

Рауф аканинг «Байроннинг сўнгги сафари» туркум сонетларини қайта-қайта ўқиб, уқишга уриняпман ва илгари мен пайқамаган фазилатларини кашф этяпман.

Айни шу шеърда Рауф аканинг шоирона журъат-жаросати яққол кўзга ташланади. Сўнгги сонет гарчи шоирнинг ўз кучига ишончсизлик билан бошлангандай туюлса ҳам аслида кейинги мардона иэътирофлар бунинг аксини исботлайди:

Наҳот, ёвуз бўрон хасдек учиргай?
Қайнар томирида оташин қонлар.
Қаҳрим қуюнларнинг изин ўчиргай,
Пойимда ётурлар қора бўронлар.

Бу қаҳрли жасорат ила йўғрилган сатрлар гарчи Байрон тилида айтилган бўлса-да, Рауф Парфининг қалами ила битилган, унинг маънавий-руҳий олами, илҳомининг меваси, бинобарин, ижтимоий иллатларга муросасиз, адолатнинг ғалаба-тантанаси учун керак бўлса ҳатто бошини ҳам тикишга қодир, Ёвузлик ила басма-бас беллаша оладиган ва ҳатто уни адолатли равишгда топтай оладиган куч-қудрат соҳиби – Пойимда ётурлар қора бўронлар – бўлган шоир эканини эътироф этади.

Айни шу туркумнинг дастлабки сонетда шоир ўзини қийин-қистовга олиб, кескин саво л қўяди:

Қайда жасоратим, қайда журъатим,
Қайда у чексизлик, самовий ҳислар?!

Рауф ака мирбар шоир эмаслигидан қатъий назар даъваткор шоир:

Қани, эй, долғалар, қани, тўфонлар,
У каби ғазабга тўлингиз, ҳайҳот!

«Шоир – эрк ўғлони, номус сарвари» дея ҳайқиради Рауф Парфи. Рауф аканинг шеърларида «интиқом», «қасос» сингари, ғайрат-шижоат, жанговарлик, курашларга ташналик уфурадиган каломи шарифлар тез-тез учраши бежиз эмас. Бинобарин, шоир «хўрланган ҳамшираси» – мустамлака Ватани, икки томонлама эзилган-ҳақоратланган она халқининг қадр-қиммати учун, адолат тантанаси учун, Виждон, Имон, Эътиқод тушунчалари қарор топиши учун интиқом-қасосга шайланган. «Эрк ўғлони, номус сарвари»нинг бошқача йўл тутиши мумкин эмас.

Бу сонетлар туркумига Байроннинг:
Чўкиб бормоқдасан кўзим ўнгида,
Алвидо, алвидо, эй, она диёр,
сатрлари эпиграф қилиб олинган.

Юнон сари юзланган Байрон бу видо сатрларини кемада ёзганидан қатъий назар синчиклаб назар ташласак, янгидан-янги тагмаъноларни кашф қиламиз. Ёҳуд Рауф ака Байроннинг бу сатрларини сермаъно қилиб ўзбекчалаштирган. Сафарга отланган кишининг кўз ўнгидан ватани ғойиб бўлиши маъносидаги бу сатрларда она Ватаннинг ижтимоий адолатсизликлар чоҳи-ўпқонига, тубанликларига чўкиб, ғарқ бўла бориши маъноси ҳам мавжуд.

Абдуҳамид ПАРДАЕВ

facebook.com