Tashkent City – “Сирли” инвесторлар кимлар?

Tashkent City – “Сирли” инвесторлар кимлар?
68 views
19 September 2018 - 15:49

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Лондонда эълон қилинган тадқиқот Tashkent City қурилиши билан боғлиқ қатор саволларни ўртага чиқарган.

Тадқиқот муаллифи, Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари Университетидан Алишер Илҳомовнинг ёзишича, 1.3 миллиард долларлик лойиҳага жалб этилган хорижлик инвесторлар ва тендерлар борасида етарли маълумотнинг йўқлиги лойиҳа қанчалик шаффоф, деган саволни пайдо қилган.

Муаллиф mytashkent.uz сайтидаги маълумотга таяниб, Tashkent City қурилиши борасидаги принципиал қарор ҳали 2015 йилдаёқ қабул қилингани ҳақида ёзади.

Сайтдаги маълумотга кўра, Тошкент марказидаги 80 гектарга яқин майдонда қурилиши режаланган мажмуа доирасида пойтахтнинг “Олмазор” ва “Ўқчи” маҳаллаларидаги ҳовли-жой ва нотурар жой иншоотларини бузиш ишлари Тошкент шаҳар ҳокимининг 07.01.2015 йилда қабул қилинган 5-сонли қарорида белгиланган.

Ўша йилнинг баҳорида ушбу ҳудуддаги аҳолини кўчириш ишлари бошлаб юборилган ва 12 та ҳовли тўла, яна 88 та ҳовли қисман бузилган.

Тадқиқотдан маълум бўлишича, Tashkent Cityни қуриш бўйича ҳукумат қарори бузиш ишларидан бир йил ўтиб, 2016 йилда қабул қилинган.

Бироқ қарор лойиҳаси интернетда мавжуд эмас.

Алишер Илҳомов пойтахт ҳокимининг 07.01.2015 йилда имзоланган 5-сонли қарори ҳам биронта ҳам ҳуқуқий маълумотлар базасида мавжуд эмаслигига эътибор қаратади ва ” бу маълумот қасддан олиб қўйилмаганмикан?” деган саволни қўяди.

Аммо бу Tashkent City лойиҳасини тадқиқ қилиш жараёнида пайдо бўлган ягона савол эмас.

“Сирли” инвесторлар

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июлида қабул қилинган 559-сонли қарорида “Tashkent city” қурилишини хайрия жамғармалари, инвесторларнинг маблағлари, кредит ва қонунда тақиқланмаган бошқа манбаълар ҳисобидан молиялаш кўзда тутилган.

Буларнинг ичига ҳовлиларни бузиш ва аҳолини янги уйларга кўчириш харажатлари ҳам киради.

Ҳукумат қарори билан бу харажатларни қоплайдиган инвесторлар ва бошқа манбаъларни топиш “Tashkent city” давлат унитар корхонаси зиммасига юкланган.

Корхона “Tashkent city” ҳудудидаги турли катталикда бўлган 8 та майдончани инвесторлар ўртасида тақсимлашдан аввал лойиҳа бош режасини тасдиқлаган.

Тадқиқотда лойиҳанинг ушбу босқичи танлов асосида амалга оширилгани ва 8 та режадан Туркиянинг Tabanlıoğlu Architects ширкати тақдим этган бош режа танлаб олинганига эътибор қаратилади.

Бу Туркиянинг йирик иншоот ширкати, аммо Илҳомовнинг айтишича, Tabanlıoğlu “Tashkent city”да инвесторми ёки пудратчи сифатида қатнашиши маълум эмас.

“Биз очиқ манбаъларда бу ширкат билан шартнома қандай шартларда тузилгани, у инвесторми ёки пудратчими, шунингдек, унинг иштироки бош режани ишлаб чиқиш билан чекланганми ё-да қурилиш ишларида ҳам қатнашадими, деган саволларга жавоб тополмадик. Ҳеч қандай тафсилот йўқ”, – деб ёзади муаллиф.

Лойиҳанинг бошқа иштирокчилари ҳам лондонлик тадқиқотчида саволларни уйғотган.

Жумладан, 3- майдонча (лот) бўйича инвестор сифатида қайд этилган Германиянинг Hyper Partners GmbH ширкати атиги бундан икки йил аввал рўйхатдан ўтган ва бор-йўғи уч ходими бор ва ўзининг веб-сайтига ҳам эга эмас.

Ширкатнинг Низом Жамғармасида атиги 25 минг евро маблағ бор.

“Бу ширкат инвестицияни қаердан олади? Агар банкдан кредит оладиган бўлса, бу низом жамғармаси билан жиддий маблағ олинишига шубҳамиз бор”, – дейди Алишер Илҳомов.

У лойиҳага жалб этилган яна бир инвестор-Британиянинг Corso Solutions LP ширкати борасида ҳам худди шундай саволларга дуч келган.

2017 йилда рўйхатдан ўтган бу ширкат ҳам ўзининг веб-сайтига эга эмас ва унинг таъсисчиларидан бири низом жамғармасига бор-йўғи 99 фунт стерлинг ёки 130 АҚШ доллари миқдорида взнос киритган.

Илҳомовнинг айтишича, Британия реестрида Corso Solutions LP ширкатига оид биронта ҳам молиявий ҳисобот ёки ходимлар сони борасида маълумот топилмаган.

Бошқа инвесторларнинг ҳам қанча ва қандай шартларда инвестиция киритаётганлари ҳам номаълум.

“Лойиҳа мўлжалланган 2021 йилда қуриб битказилгани тақдирда ҳам, уни амалга ошириш йўсини, шаффолик андозаларининг таъминланиши, тендерлар, рақобатбардошлик ва очиқлик борасида кўплаб саволлар жавобсиз қолмоқда. Бу каби саволлар хойнаҳой, халқаро кузатувачилар, жиддий сармоядорлар ва уларга маслаҳат берадиган сиёсий рискларни баҳоловчи консалтинг ширкатларида ҳам пайдо бўлади”, – дея хулоса қилган Алишер Илҳомов.

Унинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, юқоридаги ҳолатлар ушбу хорижий ширкатлар ортида бутунлай бошқа шахслар турмаяптимикан, деган саволни пайдо қилган.

“Агар шундай бўлса, нега улар ўзини очиқламаяпти?”, – дея савол қўяди Алишер Илҳомов.

Би-би-си тадқиқотда кўтарилган саволлар юзасидан “Tashkent city”маъмуриятига мурожаат қилди.

Маъмурият вакили инвесторлар бўйича маълумотлар етарли эканини айтиб, саволларга энг қисқа муддатда жавоб беришни ваъда қилди, аммо Би-би-си ҳозирга қадар жавоб олгани йўқ.

ЎХҲ ахборот бўлими