Турон24 қуёши ҳали порламай ботмоқдами?

Турон24 қуёши ҳали порламай ботмоқдами?
46 views
20 September 2018 - 16:20

Турон24 очилиш маросими мисли кўрилмаган бўлди. Муболаға эмас. Агентлик журналистлари ва муҳаррирларининг очилиш маросимида чиқишларию ваъдалари самимий эди. Бу самимийликка ҳеч ким шубҳа қилгани йўқ.

Аммо шубҳа бор эди.

Шубҳа 26 йилдан бери эркин матбуотни ўзига хавф деб кўриб келган эски, аммо ҳамон қудратли шахслар-мулозимларга қаратилганди.

Шубҳаларда жон бор бўлиб чиқди.

Чунки кейинги кунларда агентлик сайтида эълон қилинган танқидий руҳдаги мақолалар ғойиб бўлишни бошлади.

Биринчилардан бўлиб адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул билан адабиёт ҳақидаги дадил суҳбат бўлди.

Бу ахборот воситаси бошида қора булутлар айланаётганига далолат қиладиган билгилардан бири.

Бу суҳбатнинг манзили турибди, ўзи йўқ. (https://turon24.com/sections/interview/cdetv3jiaoqh-ibroim-aul-izhtimoij-sisij-manawij-ikkizlamachilik-ng-katta-kulfatlardan-biridir)

Суҳбатда танқиддан ташқари собиқ президент ўзининг ашаддий душмани деб билган шоир Муҳаммад Солиҳ ҳақида ҳам сўз борган эди.

Турон24 қандай туғилган эди?

(Тошкентлик журналист ҳикояси)

Июл ойи ўрталарида Турон24 деган янги ахборот агентлиги очилаётган эмиш деган хабарлар тарқади.

Табиийки, бир журналист сифатида мени ҳам бу агентликни ким очяпти, мақсади нима, деган саволлар ўйлантира бошлади.

Орада Ўзбекистондаги энг оммабоп хабар сайтлари ёпилиб қолди-ю, Турон24 ҳақида миш-мишлар урчиди.

Эмишки, “Турон24 президент Мирзиёевнинг матбуот котиби Комил Алламжоновники…”

“Сайтларнинг ёпилиб қолиши эса Алламжоновнинг иши…”

Очиғи шу гапларни эшитдим-у, ғирром йўл билан ахборот майдонига кириб келаётган Турон24дан ҳафсалам пир бўлди.

Аммо…

Агентлик интернетда фаол, мустақил фикрли блогерларни ишга жалб қилаётганини эшитиб, эҳтимол шунга яраша иш кўрсатишига умид қилдим.

Ва ниҳоят 8 сентябь куни Турон24нинг очилиш маросими бўлди.

Бунақаси бўлмаган!

Маросимга дипломатик корпус вакиллари, ҳукумат аъзолари таклиф қилинганидан билса бўладирдики, агентлик тўғридан-тўғри ҳукуматга алоқаси бор бир шахсники.

Аммо барча гумону шубҳаларнинг марказида бўлган Комил Алламжонов очилиш маросимига келмади.

Журналистлардан бири “энди шу келмагани билан ортиқча гап-сўзларнинг олдини олмоқчи”, деб тахминни айтди.

Очилиш маросимидан олган таассуротим жуда илиқ, жуда оптимистик эди.

Агентлик ҳақида қўйилган видеороликда айтилган гаплар замонавий ахборот агентлиги талабларига айнан мос эди.

Тан олиш керак, рақобатчи хабар сайтларида ҳадик пайдо бўлгани рост.

Айни пайтда Турон24 президент Мирзиёев даврида Ўзбекистон ахборот макони янгича, очиқроқ тус олаётгани нишонасидек туюларди.

Ўша онда агентликнинг келажаги қандай бўлиши ҳақида турлича фикрлар айтилди.

Лекин умумий кайфият оптимистик эди деса бўлади.

Очилиш маросимидан сўнг агентлик сайтини синчиклаб кузата бошладим.

Хабарларнинг ифода услуби шундай эдики, агентлик ҳукуматга алоқадор одамга қарашлилигига ишонгим келмасди.

Камига жиддий танқидий руҳдаги мақола ва суҳбатлар бор эди. Шунақаси ҳам бўлар экан-да!

Турон24 ҳақида тарқалган аввалги миш-мишларни унутдим – унинг эгаси кимлигининг нима аҳамияти бор, муҳими қандай ишлаётгани-ку!

Агар бу чиндан ҳам Комил Алламжоновники бўлса ва у шундай мақолалар чиқишига йўл қўйиб бераётган бўлса, қандини урсин!

(Қандай қилиб “бўғилди”…)

Аммо орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас агентлик сайтидан танқидий, таҳлилий руҳдаги материаллар йўқола бошлади.

Ҳа, аввал эълон қилинган ва ижтимоий тармоқларда тарқатилган мақолалар йўқола бошлади. Аксига ҳукуматга қарашли идораларнинг матбуот хизматларига таяниб тайёрланган хабарлар сони кўпайиб қолди.

Бош қотди. Тушунмадим… Аниқ бир гап бўлган.

Шубҳамни кескин оширган нарса халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан бўлган суҳбат агентликнинг Facebook саҳифасидан ғойиб бўлгани бўлди. Оббоо!

Нега шундай бўлди? Агентлик аввалига омма эътиборини ўзига жалб қилиш, аудиториясини кенгайтириш учун ўзини эркин ахборот воситаси сифатида кўрсатдими?

Ёки агентликнинг ўз ичида зиддиятли қарашдаги одамлар йиғилиб қолганми? Эҳтимол давлатга ёқмагани учун шундай бўлгандир?

Биринчиси бўлиши эҳтимоли оз. Чунки мен ижтимоий тармоқлар орқали танийдиган ва агентликда ишлайдиган одамлар ўзининг “қитмирлиги” билан танилган.

Улардан силлиқ хабар кутиш, сигирдан тухум қўйишни кутишдек гап.

Тахминимча, агентлик ўз ичида мухбирлар ва раҳбарият ўртасида зиддият бор ёки агентлик ҳукуматга ёқмай қолган. Президент матбуот котиби ва маъмурияти раҳбари ўринбосари бўлмиш Комил Алламжоновникилиги ишонилган бир ахборот агентлиги босимда қолган бўлса, бунинг яна бир сабаби бўлиши мумкин: ҳукуматда ЎзА стилидаги ахборот воситаларига хайрихоҳ эскилик тарафдорлари ва Турон24га хайрихоҳ янгилик тарафдорлари ўртасида зиддият бор.

Турон24 эса шу гуруҳлар ўртасида ўйинчоқ бўляпти.

Агентлик ишидан хабари бор ва тепадагиларнинг ҳам “боғига кўз ташлаб турадиган” журналистлардан бири эса ҳамма айбни …эски командага ағдарди.

“Ишлагани қўйишмаяпти, ҳали ҳам тирик булар…”

Хуллас, шунақа гаплар.

Балки бошидаёқ шаффофлик билан бино бўлмаган агентликни мавҳ қилиш осонроқдир?

Балки президентнинг кўзини бўяш учун “эркин матбуот яратамиз” деган ҳаракатлар самарасини бериб бўлгандир?

Манба: Би-Би-Си Ўзбек