Қийноққа солинган тадбиркор озодликка чиқди

Қийноққа солинган тадбиркор озодликка чиқди
19 views
20 September 2018 - 23:14

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, ИИВ оперлари томонидан наркотик ташлаб қўйилганини даъво қилган тадбиркор Жаҳонгир Умаров озодликка чиқган. 5 йилга қамалган тадбиркор суд қарори билан 3,5 йил аҳлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.

5 йил манзил колониясига ҳукм қилинган тадбиркорнинг 14 мартдаги суд қарори билан белгиланган жаримани тўлаганлиги 400 кун қамоқ муддатига тенглаштирилган. Ундан ташқари 5 ой тергов ва суд жараёнида қамоқда ўтирганлари ҳам ҳисобланиб Умаров 3,5 йил аҳлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш ҳақида ҳукм чиққан.

12 сентябр куни озодликка чиққан тадбиркор иш ҳақининг 15 фоизини давлатга ўтказиб боради.

“Ҳали кураш тугагани йўқ. Тўлиқ оқлангунимча курашишда давом этаман”, деди Би-би-си билан суҳбатда Жаҳонгир Умаров.

Тадбиркор ўзига нисбатан чиқарилган ҳукмдан касацион тартибда шикоят қилиши мумкинлигини билдирди.

“Интеграл-инвест” ширкати раҳбари Жаҳонгир Умаров бизнеси жойида эканлигини ва уни ҳозир ўзи юритаётганини айтди.

25 август куни тадбиркорнинг қийноқ ҳақидаги даъволари ва гувоҳларнинг тадбиркор фойдасига берган кўрсатмалари инобатга олинмаган.

Тошкентнинг жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди “Интеграл-инвест” ширкати раҳбари Жаҳонгир Умаровни гиёҳвандлик воситаларини сақлаш ва сотишда айбдор, деб топиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этган эди.

Маҳкамани кузатган ҳуқуқ фаоллари ва журналистларга кўра, Умаровга гиёҳванд модда тезкор ходим томонидан ташлаб қўйилгани ўз исботини топган.

Тадбиркор Тошкент ИИББ тергов ҳисбсхонасида қийноққа солингани айтилган.

Ҳуқуқ фаоллари суд жараёнида Жаҳонгир Умаровнинг айбсизлиги ва жиноят иши “буюртма” экани гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиғини топганини айтишмоқда.

51 ёшли Жаҳонгир Умаров 2018 йилнинг 22 январ куни Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув бошқармаси уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ўта муҳим ишлар бўйича катта тезкор ходими Фатҳиддин Нуритдинов бошчилигида қўлга олинган.

Умаров бошқарган ширкат 1,5 минг кишини иш билан таъминлаган.

Наркотик ташлаш саҳнаси

14 март куни бўлиб ўтган биринчи маҳкамада тадбиркор 35 миллион сўм жариманга тортилган ва озодликка чиқарилган.

Бироқ Бош прокуратура ушбу ҳукмдан норози бўлиб, протест киритган ва иш қайта терговга юбрилган.

Жаҳонгир Умаров опиум моддасини истеъмол қилмагани, балки ушбу модда Тошкент ИИББ катта техкор ходими Фатҳиддин Нуритдинов томонидан ташлаб қўйилганини билдирган.

Тадбиркорнинг айтишича, бунинг ҳаммаси унинг бизнесини тортиб олиш учун уюштирилган.

Тадбиркорнинг қариндошлари судга тақдим қилинган аудио файл жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида ашёвий далил сифатида тингланган.

Суҳбатнинг сўнггида Фатҳиддин Нурутдинов наркотикни гумондорлар ерга қаратиб ётқизилган вақти катта тезликда солиб қўйганини айтган.

“Ҳамма ерда ётган бўлган. Момент, секундда уриб ташлаганман. Даже улар (шериклари) кўрмаган, шунақанги тез бўлганки, ҳеч ким кўрмаган”, деб эътироф этади Фатҳиддин Нурутдиновга тегишли экани айтилган овоз эгаси.

‘Буюртма’

Жаҳонгир Умаровнинг судда гувоҳлик беришича, уни биринчи марта МХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломовга алоқаси бўлган Абдушукур Абдуллаев исмли шахснинг буюртмаси билан ҳибсга олишган.

Унинг сўзларига кўра, тадбиркорнинг бизнесига уюштирилган рейдан сўнг бизнеснинг ярми Абдулаевга ўтган.

Аммо 2017 йилда қудратли генералнинг умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилиши ортидан Умаров бизнесининг бир қисмини қайтариб олишга муваффақ бўлган.

Шундан сўнг Абдуллаев Тошкент ИИББ тезкор ходими ёрдамида тадбиркорга гиёҳванд модда ташлаб қўйиш амалиётини уюштиргани айтилади.

Судда гувоҳлиек берган Нозим Ғофуржонов тадбиркор Жаҳонгир Умаровни “чиқариб” олиш учун милиция томонидан 150 минг долларга наркотик ташловчи ролини ўйнаш таклиф қилинганини айтиб берган.

13 август куни собиқ катта тезкор ходим Фатхиддин Нуритдинов билан судда юзлаштирилган Жаҳонгир Умаров опер уни столга ётқизиб қўйиб оёқларига занжир билан урганини айтган.

Умаров катта тезкор ходим бу занжирни кейин унга олиб келиб берганини ва ундаги бармоқ изларини солиштириб аниқлаш мумкинлигини билдирган.

Судда иштирок этган Фатхиддин Нуритдинов ўзига нисбатан айтилган барча айблов оҳангидаги эътирозларни рад этган.

У Нозим Ғофуржонов иштирокида видео олганини тан олган. Бироқ бу видеони жарима тўлаб қамоқдан чиқган Жаҳонгир Умаровнинг “қудалари олдида ўзини оқлаб олиш учун шундай саҳна уюштириб бериш”, илтимосидан сўнг олганини айтган.

Қийноқлар

Жаҳонгир Умаровнинг судда маълум қилишича, уни Тошкент милиция идорасида аёвсиз калтаклашган, натижада бир қовурғаси синиб кетган.

Суд-тиббий экспертиза Умаровнинг бир қовурғаси синганини тасдиқлаган.

ИИББ собиқ тезкор ходими тадбиркорни қийнаганини ҳам рад этган.

Адвокатлар қийноқ идаолари юзасидан текширув ўтказишни талаб қилишган.

Тошкент ИИББ хизмат текшируви ўтказган ва тезкор ходимни ишдан бўшатган.

Яна бир неча ходимга интизомий чора кўрилган.

Аммо расман ходимларга қийноқлар учун эмас, балки “терговда хатога йўл қўйгани учун” чора кўрилгани билдирилган.

Тадбиркорни ҳибсга олишга буюртма бергани иддао қилинган Абдуллаевнинг ҳозирда Шуҳрат Ғуломов иши бўйича қамоққа олингани айтилади.

ЎХҲ ахборот бўлими