Мирзиёев “адашганлар”га амнистия эълон қилдими?

Мирзиёев “адашганлар”га амнистия эълон қилдими?
24 views
21 September 2018 - 9:08

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ўзбекистонда шу йилнинг 1 ноябридан бошлаб террористик ва экстремистик ташкилот аъзолари жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев бу каби ташкилот ва гуруҳларга “адашиб кириб қолган” фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш бўйича махсус ҳукумат комиссиясини тузишга буйруқ берган.

19 сентябрда эълон қилинган фармон фуқароларнинг жиноий жавобгарликдан озод этилиш шартларини белгилаб беради.

Жумладан, фуқаро айбини бўйнига олиши, чин кўнгилдан пушаймон бўлиши ва тузалиш йўлига ўтган бўлиши керак.

Шунингдек, жанговар ва қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этмаган бўлиши талаб этилади.

Фуқаро тақиқланган материалларни тарқатишга қасд қилмаган ҳолда сақлаган бўлса ҳам жавобгарликдан озод қилиниши кўзда тутилган.

Фармон бу каби гуруҳларга алдов йўли билан жалб этилмаган шахслар ва уларнинг ғоявий ёки маънавий раҳнамоларини жиноий жавобгарликдан озод қилмайди.

Бундай ҳолатларда фуқарога нисбатан “қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда” чора кўрилиши мумкин.

Ватанга қайтиш чақириғи

Фармон хориждаги ўзбек фуқароларининг мамлакатга киришини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириши айтилган.

Хориждаги фуқаролар “қилмишига пушаймонлик ва айбини бўйнига олиш тўғрисидаги ариза билан Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига мурожаат қиладилар.

Фармонда 2017 йилда 18 мингдан зиёд “қилмишига пушаймон бўлган” фуқароларнинг қора рўйхатдан чиқарилгани ва уларнинг 10 минг нафари иш билан таъминлангани таъкидланган.

Ўзбекистон ичкарисидаги айрим таҳлилчилар фармонни “умуммиллий амнистия” деб таърифлашган, аммо инсон ҳақлари фаоли Сурат Икромовнинг айтишича, ҳужжат кенгроқ миқёсдаги амнистия томон қўйилган қадам бўлиши мумкин, аммо амнистия ҳақида гапиришга ҳали эрта.

“20 йилдан буён судларни мониторинг қилаётган бўлсак, ҳозиргача биронтасининг айби исботланмаган – қамоқдагилар бўладими, хорижга чиқиб кетганларми, уларнинг ҳаммаси ё қийноққа солинган ёки қийноқлардан қочишга мажбур бўлган одамлар. Ёки жанговар ҳаракатларда иштирок этмаган бўлса, дейилади. Уларнинг бўйнига қўядид-да иштирок этганини. Ё-да “халқаро терроризмни молиялаштирмаган бўлса” деган банд. Мен ўзим бир-икки одамга моддий ёрдам бергани учун “халқаро терроризмни молиялаштирди” деган айб билан узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинганларни биламан”, – дейди Сурат Икромов.

У фармон хорижда юрганларни ватанга қайтишга ишонтира олишига шубҳа қилади.

“Шу кеча-кундузда Тошкент шаҳрида Туркиядан келган ака-ука ишбилармон Дўстмуҳамедовларнинг суд жараёни давом этяпти. Уларни аэропортдаёқ ҳибсга олишган. Ватанига қайтгач, аллақачон узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилганлар бор. Бу хабарларни эшитган бошқа ўзбеклар Ўзбекистонга қайтиш хавфсиз эмас, деган хулосага келади”.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, фармон кучишлатар тизимларнинг терроризм ва экстремизмда гумон қилинганларга нисбатан қийноқ қўлламаслигини кафолатламайди. Шунингдек, ноқонуний ҳибсга олишлар ва бошқа ҳолатлар бўйича ҳам аниқ аниқ чорчўбалар ишлаб чиқилмаган. Бу эса, Сурат Икромовга кўра, ҳали қама-қамалар давом этиши мумкинлигини билдиради.

Ўтган йил сентябрида Туркиядан қайтган таниқли адиб Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Тошкент аэропортида ҳибсга олинган ва экстремизмда айбланганди.

Орадан 5 кун ўтиб, ёзувчи Тоштурмадан озодликка чиқарилган, аммо унга нисбатан жиноят иши ҳалигача расман тўхтатилмаган.

Ёзувчи Каримов даври қораланган “Бу кунлар” романида “экстремистик ғояларни тарғиб қилгани” даъво қилинган.

Охирги фармон Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ишига қандай таъсир қилиши маълум эмас.

Ўтмишда Ўзбекистон ҳукумати “адашганларни кечириш” амалиётини қўллаб келган.

Хусусан, 1999 йилдаги Тошкент портлашлари ҳамда 2000-йилларда Афғонистондан жангариларнинг сизиб киришига қарши амалиётлар манзарасида бу каби амнистиялар эълон қилинган.

Аммо ҳибсга олиш ва қама-қамалар тўхтамаган.

Сўнгги фармон АҚШнинг халқаро диний эркинликлар бўйича махсус элчиси Самуэл Браунбэкнинг Ўзбекистонга ташрифидан бир кун ўтиб ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга сафари арафасида эълон қилинмоқда.

ЎХҲ ахборот бўлими