Агарда ўзбек шоирлари орасида кибру-хаводан,  шуҳратпарастликдан озод биргина инсон бор бўлган эса – у Рауф Парфидир

Агарда ўзбек шоирлари орасида кибру-хаводан,  шуҳратпарастликдан озод биргина инсон бор бўлган эса – у Рауф Парфидир
81 views
21 September 2018 - 18:03

Тўйга тугун билан келгандек, мен ҳам жичча улушимни қўшай.  Кўп йиллар аввал Рауф Парфининг асарлари Ўзбекистонда таъқиқ остидалигида Муҳаммад Солиҳ унинг “Имон асири” шеърий китобини чет элда чиқармоқчи бўлиб унга сўз боши ёзишни мендан сўраганди.  Мана ўша китобдан Рауф-ака ҳақидаги сўзбоши.

Брр!  Абдулҳамид Исмоил

Сўзбоши

Марҳум Рауф Парфи ҳақида неки ёзмай – хато қилишга маҳкумман,  янглишишга мўтодман,  чунки мен унинг на дўсти,  на устози,  на шогирди бўлганман.  Ўнлаб бошқа одам мендан тузукроқ нарсаларни ёза олиши ҳам тайин:  унинг икки дунёлик дўсти Дадахон Ҳасан бўладими,  ёки ҳозир ҳам кўз олдимда у билан ёнма-ён,  иккиси оқ суруп яхтак кия,  Москвадами,  Болтиқ бўйида кетаётган Муҳаммад Солиҳми,  ва ё Тошкентга сўнгги кез борганимда,  кўнглим,  Навоий таъбирича,  “камрак” инсоннинг суҳбатини қумсаб,  аммо Рауф Парфига аржуманд бўлганида,  аллақайси шаробхонами ҳакимхонадан топдириб,  ўзининг радиодаги идорасига тезкор еткизган Фаҳриддин Низомми,  қолаверса шоирнинг юрагию жигарини бўлишган қаро кўз севгилилари мендан юз ҳисса илиқроқ сўзларни топишса керак.  Бироқ бутун юртдаю юртга ўзини бегонасираган шоир ҳақида эмасми бу сўз? Бироқ шеърият ҳам бегоналикни енгишга эгиз чорлов эмасми? Шунинг учун менинг ҳам Рауф Парфи ҳақида бегонаю ягона айтар сўзим бор.

Хато

Менинг бу шоир ҳақидаги илк хатом –етмишинчи йилларнинг бошида эндигина аскардан қайтиб келган замонларимда адашиб қолган.  Тошкентга келишим биланоқ дўконлардан ўша замоннинг энг олд шеъриятини сотиб олганман.  Табиийки,  бошқалар қатори Рауф Парфининг “Ленин комсомоли мукофоти совриндори” тамғаси остидаги китобчасини ҳам бошдан оёқ бир кечада ўқиб чиққанман.  Ростини айцам,  роса чўчиганман.  У пайт мен,  Қодирий сўзи билан айтганда “йиғлоқироқ” бир ёш шоир бўлиб,  наҳотки мен хам уруш тўғрисидаю,  Виктор Харалар ҳақида бу каби шеърларни ёзишни ўргана олсам,  деган хаёлда бошим чакана оғримаган.  Устига устак китобнинг кет муқовасида росмана чиройли йигитнинг расми бўлиб:  “Рауф Парфи 1943 йилда фалон жойда туғилган” деган сўзлар уни урушга бевосита боғлагану,  менинг бутун дунёдан яширган носовет эксиклигим бу китоб ўнгида фошу аппа-аён бўлган-қўйган.  Аскарликнинг қоронғу ўрис ўрмонларида ўзимни овутишу кўнглимни илитиш учун тун бўйи ҳиргойи қилиб юрган Дадахоннинг «Лайло”сини ҳам мана шу Рауф Парфи ёзганини кошки ўшанда билсам эди!

Беомон

Рауф Парфи хато қилишдан қўрқмаган камдан кам шоирлардан.  Зотан,  шоирликнинг хато билан уйғунлиги ояти карималарда бор эса-да,  кечаги ва бугунги шеъриятимизда шоир такаббур тарбиячи ўрнини анча мустаҳкам эгаллаб олган.  Хатоми,  гуноҳми,  гумроҳликми,  ожизликми,  армонми – булардан ҳақ томон тазарру ила йўл топиш кучинию умидини бизга Рауф Парфи ўз шеърларидаю ҳаётида кўрсата билди.

Шеърларида буни ўзингиз ҳам топа оларсиз,  бироқ ҳаёти ҳақида сўзларканман,  ўзбеклар оғзаки ижоди тугул,  Дина Рубина романларига–да у ҳақда кириб бўлган бир хусусиятни тилга олсам:  шоирнинг берўйхатлиги.  Чоир ўнлаб йилларча паспорциз яшаган.  Ушу бюрократик изоҳнинг ҳам ўзига яраша каромати бор.  Бу хусусиятнинг исми – бенишоналик.  Агарда ўзбек шоирлари орасида кибру-хаводан,  шуҳратпарастликдан озод биргина инсон бор бўлган эса – у Рауф Парфидир.  Умрининг сўнгги томон ҳокимият уни рўйхатлаб “Ўзбекистон халқ шоири” шаҳодатномасини тутқазганида ҳам,  шоир бу шаҳодатномадаги имзои хумоюнни фақат миршабларнинг исканжаларига қарши калит сифатида ишлатиб юргани эл орасида латифа бўлиб кетган.

Йўл

Рауф Парфи ҳақида мен икки дафъа ёзганман.  Саксонинчи йилларнинг сўнгида “Звезда Востока” журналида ўша пайт замонавий ўзбек шеъриятини Рауф Парфининг бир шеъридаги дорбозига қиёслаб,  тағин Рауф Парфи қатори Усмон Азим,  Муҳаммад Солиҳ,  Хуршид Даврон ва Шавкат Раҳмонларни Ҳазрати Навоийнинг “Ҳамса”ларига чоғлабу-боғлаб,  Рауф Парфини бу “Ҳамса”нинг “Ҳайратул аброри” деган эдим.  Чиндан ҳам бу икки сўз:  ҳайрату аброрлик шоирни бошқа замондош ҳамкасбларидан ажратиб туради эмасми? Қизиққан ўқувчи бу мақолани ва фикрлар исботини ўша журналдан топиб олар,  биз эса йўлдан қолмайлик.

Иккинчи маротаба Рауф Парфи ҳақида “Оҳ,  менинг ўзбаки юрагим ва ё Шўро шеърияти шароитида миллий онг” деган рисоламда алоҳида бир бобча ёзганман.  Рисола 20-нчи йиллардан 80-нчи йилларга довур ҳар бир ўн йилликнинг пешво шоири мисолида,  ва яна аниқроғи уларнинг юрак ҳақидаги шеърлари асосида ўзбек миллий онгининг ўзгаришини ўрганган.  Унда Чўлпоннинг “Кўнгул,  сен мунчалар нега”,  Усмон Носирнинг “Юрак,  сенсан менинг созим”,  Ҳамид Олимжоннинг “Ҳар юракнинг бир баҳори бор”,  Ғафур Ғуломнинг “Ақл ва қалам”,  Мақсуд Шайхзоданинг “Юрак қасами”,  Эркин Воҳидовнинг “Қалб шундай уммонки”,  Абдулла Ориповнинг “Инсон қалби”,  Рауф Парфининг “Бирга туғилдикку,  юрагим” ва Муҳаммад Солиҳнинг “Юрак” шеърлари астойдил таҳлил этилиб,  қизиқ-қизиқ хулосалар қилинган.  Кизиқувчан ўқувчи мақолани Интернетда топиб олару,  Рауф Парфи ҳақидаги бобчадан эса жўнгина бир иқтибос келтирсам.

Бирга туғилдик-ку,  юрагим,
Жаҳонни кезмакка пиёда
Одимларимиздир бирдир бизнинг,
Шу бахтли,  шу бадбахт дунёда
Одамларимиз бирдир бизнинг.

Бирга туғилдик-ку юрагим,
Насиб этганда ҳам мангулик
Сен яшайвер,  сен мени кутма,
Мен-ку исмингман холос,
ва лек,
Юрагим,  исмингни унутма.

Шеърнинг қайси қатламини олмайлик,  унда оддий,  анъанавий унсурлардан тамоман янги ва мукаммал яхлитлик касб этиладики,  қиёс жоиз бўлса,  Бухорои шарифда Исмоил Сомоний мақбарасининг мўжизавий сурати оддий ва бир хил ғиштдан яратилганлигини эслатиш кифоя.

Умуман,  сўзлар сифатини текширсак,  уларнинг аксари – от,  эга тоифасидан:  жаҳон – одим – дунё – одам – мангулик – исм.  Феъллар ҳам ранг-баранг бўлган ҳолда,  ҳаётнинг энг асосий феълларидандир:  туғилмоқ – кезмак – насиб этмак – яшамоқ – унутмамоқ.  Сифатлар сони атиги иккита,  улар ҳам бўлса:  бахтли ва бадбахт.  Оқу-қора.  (Чиндан ҳам бу шеърда бирорта бўлса-да ранг учрамайди).  Лекин қора қаламу оқ қоғоз ила бўёқу матоларникидан таъсирлироқ ва бой сурат чизиш мумкинки,  Рауф Парфи худди буни исботлашга қўл ургандек.

Энди мантиқий тажаллиёт ҳақида икки оғиз сўз.  Шеър бошида мен ва юрак ҳали бир-биридан ажратилмаган,  улар бирга туғилган ҳамқадамларки,  иккисининг одимларию одамлари бирдир.  Бироқ шартли мангулик насиб этар экан,  бу йўлда мен ва юрак бир-биридан ажралади,  сен бу йўлда мени кутма дейди шоир,  чунки мен сенинг исмингман,  дейди у,  ва бунда ким абадий эканлигини:  исмми,  жисмми,  англатмайди-да,  аммо:  юрагим,  исмингни унутма дея хитоб қилади.  Демак мангулик йўлида ажралган исм ва жисм хотирада – бу дегани шеъриятнинг энг асл майдонида яна бир бор мангу бирлашишади.

Туғилишда мавжуд бирлик ўлимдан кейин ҳам абадий бўлиб қолади,  яъни ўлимдан ҳам устун чиқадики,  бунда Рауф Парфи юрак хотираси ила ўзбек шўро шеъриятининг илк кўнгул булоқларига қондошдир.

Бу шеърни ёзувчи онгда юз берган энг асосий ўзгариш – кўриниб турибдики,  60-нчи йилларга хос:  дунё атамаларини ўзгартириб,  дунёнинг ўзини ўзгартирамиз деган истак эмас,  юрак билан шахснинг,  шахс билан онгнинг,  виждоннинг,  эътиқоднинг бирлиги,  ҳамисмлиги,  тенглиги ҳақидаги умид ва қайғу.  Дунё атамаларини ўзгартириш эмас,  бу нисбий дунёда мўтадил ўзлик оламини белгилаб,  ундаги исму-жисмнинг мутаносиблиги,  яхлитлиги,  ҳамқадамлиги устида қайғуриш – мана бу онгнинг ўта шахсий муддаоси.

Келтирилган иқтибос чиндан ҳам жўнгина.  Унинг тепасидаги инжу нукталарни ўқиган Рауф Парфи:  “Шеъримнинг шунчалик мушкул эканлигига ақлим етмаган экан” – деб муғомбирона кулиб қўйганида,  мен ҳам:  “Биз уриниб-суриниб ақл билан зўрға етиб борган еримизга Сизни аллақачон юрагингиз элтиб бўлган” – дея бир пайтлар аскиялашган эдик…

Гул

Осип Манделштамнинг Рауф Парфи ҳам ёзиши мумкин бўлган бир шеъри бор.  Шеър қарийб таржимада бундай бошланади:

Оғирлик ва Нозлик – опа-сингиллар,  нишонангиз бир,
Оғир гул қаъридан арилар эмганда нек тарлар,
Ҳаётдан кўз юмар бир инсон,  илиган қум совир,
Ва тунги қуёшни қоп-қора совутда манзилга элтарлар. . .

Агарда Рауф Парфининг шеъриятидан ана ўша нек тарини,  қиёмини чиқариб бер дейишса,  мана шу икки таъбир:  вазмин зиё ва нафосат деган бўлардим.  Нуронийлик бизда нуқул чолларга нисабатан ишлатилади,  бироқ Рауф Парфида бу нуронийлик,  бу ич-ичидан таралган зиё ёшлигидан бор эди.  Айни шу хусусият боис,  агарда бугун “жаҳон шоирларининг энг сараси ўнгига ўзбеклардан кимни вакил қилган бўлардинг?” – деб сўрашса,  мен Рауф Парфини раво кўрган бўлардим.  Агарда бугун “Ҳазрати Навоийнинг суҳбатларига ким муносиб?” – деб сўрашса ҳам,  мен Рауф Парфини атардим.  Бошқаларни тўғотмаганимдан эмас,  ана шу ички зиё боис.

Бу зиё эса Рауф Парфининг энг оғир,  энг зўраки шеърларига ҳам аллақандай нафислик бахш этган.  Гўёки Рауф Парфи ҳеч қачон “Рауп Парпи”га айланаолмайдиган бир гапдек:  руҳнинг эсинти йўллари ҳамиша ташқарига очиқ. . .

Хазон

Бу шамолнинг ўз олдига солиб қувалаган хазони – табиат учун балки чиқинтидир.  Бунга тейиш яқинда менга бир ҳодисани айтиб бердилар.  Эмишки ўтган йили Рауф Парфини ўзининг лаллайган ёшлигида дўст тутган бир номдору амалдор касбдоши учратиб қолибдию,  “Рауп,  юр,  идорамда қиттай-қиттай қилиб ҳасратлашайлик”,  – деб ўз мошинасига таклиф этибди.  Идорада ичилибди,  ҳасратлашилибди,  орадан кўп гаплар ўтибди.  Бир пайт мезбон бир баҳонада хонадан чиқиб кетибдию,  бироз ўтгач хонага жон ҳолатда унинг котибаси чопиб кирибди:  “Рауф-ака,  қочинг,  оғайнингиз мелисага сим қоқиб,  “идорамга бир исқирт харип кирвоган,  йўқотинглар уни! ” – деяпти, ” – дермиш.  Хўбки,  дераза очиқ экан,  шоир тап тортмасдан ўзини унга отибдию,  қочибди. . .

Албатта,  бу каби ҳодисалар улуғ шоирлар хақидаги тазкираларга киритилмаса керак,  бироқ мен учун бунда ҳам ўрнак бор.  Қафас ичида қолган қуш табиийки,  ўзини очиқ қолган дарчага уради.  Уни бу учун айблаш ҳеч кимнинг миясига келмайди,  чунки эрк томон бу талпиниш табиий. . .  Қаҳрамонлар Ўзбекистонда бугун бошқалардир,  лекин эркин қуш – Рауф Парфи. . .

Суйиш

Рауф Парфини одам сифатида суймаслик мумкин эмасди.  Буни ўз тажрибамдан эмас,  бошқаларнинг муносабатларидан биламан.  Бирон-бир инсондан у ҳақда ёмон сўз эшитмаганман.  У ҳақда энг қаттиқ айтилган сўзлар – кўпроқ латифанамо бўлиб,  узоғи билан табассумга арзирди.  Арзанда одам эди Рауф Парфи.  Уни кўрган одам унга яхшилик қилгиси келарди.  Устоз Азизхон Қаюмов бир баҳонада Рауф Парфини Қўлёзмалар институтига илмий ходим қилиб тайинлаб қўйганларини биламан.  Устоз Озод Шарафутдинов Рауф Парфини “Жаҳон адабиёти” журналига ходим қилиб олганини ҳам ўзларидан эшитганман.  Табиийки,  берўйхат шоир бу лавозимларда ҳам бирон-бир жонбозлик кўрсатмаган.  Аксинча,  дейлик,  “Жаҳон адабиёти”нинг 3-4 минг сонини Фарғона водийсида тарқатиб,  тушган пулларни мажолисун-нафоисларга совурганлари ҳақида марҳум Озод-муаллимдан “Чўрт пабири! ”лари билан эшитгандим.  Лекин қизиғи шуки,  Рауф Парфининг эркатойлиги бундан на зарар кўрган,  на камайган.

Чунки айни шу тарзда Рауф Парфи бошқаларга нисбатан ўзи ҳам ғараздан холис муносабатда бўлган.  Сўнгги қирқ йил давомидаги тетапоя шоирларнинг илк шеърий китобларни оласизми,  журналлардаги “Булоқ кўз очди” қабилидаги манзумаларними – деярли барига фотиҳа берган Рауф Парфи бўлиб чиқади.  “Йозманг! ” – деган сўз эшитмаганман ундан,  ҳаттоки Шўролар даврида бир шўрлик мақоламни ҳеч қаерда бостира олмай юрган пайтларим,  унга шикоятланганимда,  “Йозиб қўяверинг,  тортмада тураверсин! ” дегани эсимда.  Қўлингиздаги бу китоб ҳам мана шу ишончгаю суйишга суғорилган бир асар.  Бу шеърларнинг деярли бари ҳам тортма маҳбуслигидан эндигина озод бўлган қушчалардир.  Йо-да,  юлдуз ўчса-да ундан қолган нурнинг биз томон абадий саёҳатидир улар. . .

Куйиш

Бу китобни шоирнинг ўзи умрининг сўнгги йилларида тузиб,  Муҳаммад Солиҳга,  ўз юртида босилмаса-да ўзга юртларда чоп этилиши умидида жўнатганини биламан.  Китобни таҳлил этадиган замонлар ҳам,  инсонлар ҳам келар,  иншааллоҳ,  бироқ фақат биргина ўй:  китобнинг уч инсонга бағишланиши.  Қамоқда шаҳид бўлган Эмин Усмон,  ҳали ҳам қамоқда ётган Мамадали Маҳмуд,  мусофирчиликка ҳайдалган Муҳаммад Солиҳ.  Шу билан бирга тайинки,  китоб Рауф Парфининг ўзи ҳақида.  Бугунги Ўзбекистонда ўзини қамоқда шаҳид этган,  бугунги Ўзбекистонда ҳали ҳам қамоқда ётган,  бугунги Ўзбекистондан ҳижратга ҳайдалган Рауф Парфи ҳақида.  Йигитлари – қамалмаса,  қишлоқ-қишлоқ Россиями Қозоқстонда саргардон бўлиб бирини икки қилиш ғамида тўзиб юрган,  жувонлари касбию туққан болаларини сотиб бозорда эмаса,  танасини савдога солиб чет элларда фаҳш ила шуҳрат қозонган,  кампирлари ўқу таёқ остида қолмаса,  мардикор бозорларида мўлтайган бугунги Ўзбекистоннинг қонга аралаш озод овози – Рауф Парфи ҳақидадир бу китоб.  Зиё ҳақида,  нафосат ҳақида айтган эдим бояда.  Балки,  биз ўйлагандек кун ботиш эмас,  шафақ китобидир бу китоб…

Ўлим

Марҳум Рауф Парфи деб бошладим бу сўзимни мен.  Қўлингиздаги китобни сиз билан биз кўрдик,  у кўрмади.  Йўлимдан адашмаслик учун Рауф Парфининг энг суюкли сўзларини бобчалар бошига бирма-бир тизиб чиқдим.  Бир пайт улардан шеър ёзмоқчи бўлдим,  лекин кўрсам,  бунда-да хато қилибман,  бу шеърни ҳам аллақачон Рауф Парфи ёзиб бўлган экан.  Мана у:

Хато қилдим севгилим,
Хато қилдим беомон.
Йўқ энди борар йўлим,
Боғимда сўлди гулим,
Бағримга тўлди хазон.

Хато қилдим севгилим,
Хато қилдим билмасдан,
Қани ютилса тилим,
Қалтираб турар қўлим,
Жигаримни юлмасдан.

Хато қилдим севгилим,
Хато қилдим билмасдан,
Мен суйиб хато қилдим,
Мен куйиб хато қилдим,
Ўлиб хато қилмасман. . .

Хато қилдим севгилим. . .

Абдулҳамид Исмоил

facebook.com