Ватан

Ватан
40 views
22 September 2018 - 11:06

#parfiyona

ВАТАН

Рауф Парфи…Ҳар сафар унинг шеърларини ўқиганимда бундан 23 йил аввалги воқеа ёдимга тушади. Ўшанда Педиатрия Олийгоҳининг 2- босқичида ўқирдим. Устозим, шоира Кавсар Турдиева раҳбарлигида “Нишона” ижодкор ёшлар тўгараги фаолият кўрсатар, биз бир гуруҳ ҳаваскорлар унинг фаол аъзоси эдик.

Бир куни “Туркистон” рўзномаси муҳарририятига Рауф Парфи билан учрашувга борадиган бўлдик. Хаяжонимизни айтмайсизми! Адабиётга талпинган одам борки, шоир билан бир бор учрашишга, руҳиятини англашга ва ундан қувват олишга ташна эди.

..У кишининг хузурида биздан ташқари Дорилфунундан ташриф буюрган бир гуруҳ талабалар ҳам бор экан. Шеърхонлик бошланиб кетди….

Бизга ҳеч навбат тегай демасди. Сабаби, қалами анча чархланиб қолган ижодкорлар, жавдираб ўтирган бўлажак шифокорларни ошкора писанд қилишмагани шундоқ кўриниб турар, бири қўйиб бири тинмай шеър ўқишарди. Қораламаларини кўтариб келган “Нишоначи”ларнинг кайфиятлари тушиб, Рауф ака сўз берганида ҳеч ким ўз ўрнидан туришга журъат этмади. Нимагалигини билмайману, бир вақт у киши мени турғиздиларда , “Қани қизим, шифокор-шоиралардан бир эшитайлик ” деб қолдилар.

Мен ҳам профессионал сатрлар териб келган салкам машҳур шоирлар олдида бир оз ўзимни йўқотиб қўйдим, аммо устознинг кулиб қараб тургани далда бўлиб дафтаримнинг биринчи саҳифасида битилган шеъримни ўқий бошладим:

Ватан надир?
Шоҳимардон тоғларига чиқиб қара!
Увайсийнинг аноридек юрагимдан сизиб қара!
Бобурзодам армонида қолиб кетган Андижоним,
Боғишамол этагига Тож Маҳални чизиб қара!

Шеърнинг қолганини давом эттира олмадим. Рауф ака ўрниларидан туриб қарсак чалиб, ўзигагина хос овози билан атиги бир мисрани қайтардилар:

“Увайсийнинг аноридек юрагимдан сизиб қара! “

—Вох—вох—вох! Қани бўлажак адабиётчи, шоир ва журналистлар, шифокорнинг шу мисраларидан кейин ҳам уларга менсимай қарайсизларми?— деса бўладими.

Мана, орадан неча йиллар ўтиб кетди.

Юрт хақида, она тупроқ ҳақида кўплаб шеър, бадеъ, хикоялар ёздим, аммо Рауф ака завқланиб қарсак чалиб юборган “ВАТАН” имни бошқача яхши кўраман.

Муаззам Иброҳимова

facebook.com