Фуқаролик тўғрисида

Фуқаролик тўғрисида
23 views
22 September 2018 - 22:52

ФУҚАРОЛИК тўғрисида

Ўзбекистонда тушунчалар бўҳрони, асос тушунчаларда чуқур чалкашлик ҳукм сурмоқда. Масалан, Каримов ДУНЁҚАРАШ (МИРОВОЗЗРЕНИЕ) билан КЎЗҚАРАШ (КРУГОЗОР)ни, ТУЗИЛМА (СТРУКТУРА) билан ТАРКИБ (СОСТАВ)ни фарқига бормай ҳаётни тарк этди. Фуқаролар аудиториясига Каримов кўпинча подшоҳ ўз табаалари каби мурожаат қиларди. ФУҚАРОЛИК тушунчаси энг чалкаш тушунчалардан биридир. ЎзР Конституциясида ФУҚАРОЛИК олишнинг табиатан узвий асослари йўқ, ФУҚАРОЛИК дейилган тўла-тўкис бир боб бўлишига қарамасдан. Аммо лекин, «ЎзР фуқаролиги тўғрисида» ЎзР Қонуни «Фуқароликни йўқотиш» дейилган 21-моддаси талаб қўядики, «чет элда доимий яшаётган киши беш йил давомида консуллик ҳисобига узрли сабабларсиз кирмаган» бўлса фуқароликни, уни олишдаги асослардан қатъий назар, йўқотади. Мана сизга узвийлик. Демак, унинг конституцияда йўқлиги бекорга эмас. Тушунчалар бўҳронининг чуқурлашуви исламкаримовшина клептократиясини мустаҳкамлайди. Ўзбекистонлик қочқин “ЎзР фуқаролиги тўғрисида” ЎзР Қонуни 21-моддасига биноан унинг фуқаролиги йўқлигини сабаб қилиб кўрсатиб европа фуқаролигини олган ҳоллар ҳам бўлган. Ўзбекистон Конституцияси 1992-йил июнида парламентга Эрк партияси тақдим этган Муқобил лойиҳа 5 – моддаси бугунги кунда ҳам амалдаги конституциянинг 21 – моддасини муваффаққиятли тарзда алмаштирган бўларди. Пастда бу модданинг матнини 21 – модда янги таҳрири сифатида келтираман:

ЎзР Конституцияси 21–модда ЯНГИ ТАҲРИРИ (таклиф)

1-банд. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилган ёки бу ҳудуддан ташқарида туғилган вақтда отаси ва онаси Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигида турган ёки отаси ва онаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилган ёки Ўзбекистон Республикасида аслийлаштиралган (натурализация қилинган) ёки миллий-ҳудудий чегаралаш натижалари бўйича ўз эркини билдирган ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига бўйсунган ҳар бир киши Ўзбекистон Республикаси фуқаросидир.

2-банд. Қонуний судловсиз ҳеч бир фуқаро ҳаётдан, эрк ва мулк эгалигидан маҳрум қилиниши мумкин эмас; эвазига адолатли ҳақ тўламасдан ҳеч қандай хусусий мулк ўз эгасидан умумҳалқ эгалигига тортиб олинмаслиги керак; ҳеч бир киши жиноий ишда ўзига қарши гувоҳлик беришга мажбур қилинмаслиги керак; ҳеч бир киши бир жиноят учун икки марта жавобгарликка тортилмаслиги керак.

3-банд. Кишиларнинг шахсий ҳаёти, турар жойи, ўзаро суҳбатлари, ёзувлари ва мол-мулкларининг дахлсизлиги, далилсиз тинтув ёки тутқин ёки ҳибслар билан бузилиши таъқиқланади; тинтув ёки тутқин ёки ҳибсга ҳакамлик рухсатномаси етарли далилларсиз ҳамда ёзма қасамсиз берилмаслиги керак; бундай рухсатномаларда ҳибсга ёки тутқинликка олинадиган кишилар ёки мол-мулкларнинг ҳамда тинтув қилинадиган жойларнинг тўлиқ тафсилоти берилиши керак.

4-банд. Ҳокимият суистеъмол қилинишига норозолик билдириш, давлатни яхшироқ идора қилиш талабини қўйиш учун йиғилган тинч юриш, йиғилиш ёки намойишни тўхтатиб қўйиш ёки тарқатиб юбориш таъқиқланади; жамоат хавфсизлигини бузиши мумкин бўлган исён ёки ҳужум қилиш ҳоллари бундан истисно.

5-банд. Ҳар бир фуқаро барчага баробар одил судлов ҳуқуқига эга; ҳеч бир кишига судлов тартиби кафолатлари тўла риоя қилинмасдан айблов ҳукми чиқариш мумкин эмас; ҳеч бир кишига нисбатан ғайриинсоний, одатдан ташқари, беҳаёларча ва ваҳшиёна муносабат ёки жазо ишлатилмаслиги лозим.

6-банд. Оғир ва шармандали жиноят учун ҳеч ким холис фуқаролар ҳакамлиги чиқарган айблов ҳукми ёки қарорисиз жавобгарликка тортилмайди; фақат ҳарбий ҳакамликларда кўриладиган жиноятлар бундан истисно; жиноий ишларнинг барча ҳолларида айбдор жиноят юз берган вилоятда холис фуқаролар ҳакамлигининг тез ва очиқ оммавий судлови ҳуқуқига эга; айбдор ўз гувоҳларини мажбурий чақиртиришни ва ҳимоя учун оқловчи (адвокат) ёрдамидан фойдаланишни талаб қилиши мумкин.

7-банд. Ҳар бир киши ўз дунёқарашлари, жамият ҳаётининг ҳар қандай масаласига тегишли фикр-мулоҳазалари ва ахборотларини оғзаки ёки ёзма сўз орқали изҳор қилиш эркига эга; бу эрк давлат томонидан ҳимоя қилинади ва бирон-бир тарзда чекланиши таъқиқланади; матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг бошқа турларига нисбатан эгалик мунособотларида ягона эгалик ёки яккаҳокимликка йўл қўйилмайди.

8-банд. Бирон-бир таълимотга, маслакка ёки динга эътиқод қилиш-қилмаслик ҳар бир кишининг фақат ўз эркидир. Бу эрк ёки виждон эркинлиги давлат томонидан ҳимоя қилинади ва уни одил судлов йўлидан ташқари бирон-бир тарзда чекланиши таъқиқланади; ҳар хил таълимотлар ёки маслаклар, динлар орасидаги мунособатларда зўравонлик ва зўрликка йўл қўйилмайди.

9-банд. Ҳар бир киши ўз хусусий мулкига асосланган уни ривожлантириш ва кўпайтиришга қаратилган ўз тадбирига эга бўлиш ҳуқуқига эга; бу эрк ёки тадбиркорлик эркинлиги давлат томонидан қонун билан ҳимоя қилинади ва одил судлов йўлидан бошқа бирон-бир йўл билан чекланмайди.

Отаназар Орифов

facebook.com