Мерос

Мерос
22 views
26 September 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

МЕРОС

Докторлар чиқарди машъум ҳукмини…
Бермайлик деб хаста кўнглига озор,
Унга бир оғиз ҳам индамадилар.
Барибир пайқади,
Бу сўнгги баҳор.

У ҳовлига чиқди тўшакдан туриб,
Хира кўзларини тикди осмонга.
Назарида сўнгги бора турналар
Парвоз қилар эди бизлар томонга.

Новдаларга ҳолсиз термулди… сўнгра
Бирдан тўлқинланиб кетди жонсарак.
Ўғли, ёлғиз ўғли қувноқ қийқириб,
Илк дафъа учириб турарди варрак!