Мамадали Маҳмуд тасдиқлашини кутаман

Мамадали Маҳмуд тасдиқлашини кутаман
49 views
24 September 2018 - 8:00

МАМАДАЛИ МАҲМУД ТАСДИҚЛАШИНИ КУТАМАН

Бугун, 2018 йил 22 сентябрьда, буюк ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмуд ҳақида “Озодлик” Радиоси тайёрлаган фильмни мазза қилиб тамошо қилдим.

Мен Мамадали Маҳмудни яқиндан танимасдим – мен уни Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракати (БХҲ) ўз фаолиятини Инқилоб Хиёбонида жойлашган Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси (ЎЁУ) биносида бошлаганда 2-3 марта кўрганман, холос.

ЎЁУ асалари қутисига ўхшар эди – унинг биносига республиканинг Фарғона водийси вилоятларидан то Термизгача бўлган турли ҳудудларлардан одамлар эрта тонгдаёқ етиб келишар, тўпланганлар қизғин баҳсу-мунозарага киришар эди.

Ислом Каримов Москва томонидан 1989 йил 23 июньда Ўзбекистон ССР коммунистик партияси Марказий Комитетининг 1-Котиби, яъни, Ўзбекистон ССРнинг коммунистик бошлиғи этиб тайинланган пайтда БХҲ митинглари Ўзбекистонни зилзиладек титратиб турар эди.

Кўпчилик СССРни КПСС [ўзбекчаси: Совет Иттифоқи Коммунистик Партияси] бошқарган дейишса-да, аслида СССРни КГБ [Комитет Государственной Безопасности – Давлат Хавфсизлик Комитети (ДХК)] бошқарган – республика компартиясининг 1-Котиби лавозимини қўятуринг, ўша пайтларда ДХКнинг санкциясисиз ҳатто туман (район) компартияси котиби лавозимини ҳеч ким эгаллай олмас эди. Шу сабабли, Ислом Каримов республика раҳбари бўлгач, унинг қўйган биринчи қадами республика хавфсизлик хизмати (МХХ)ни шакллантириш ва уни шахсан ўзига бўйсундиришдан иборат бўлди.

Ўша пайтда мамлакатда шаклланган, мухолиф кайфиятда бўлган сиёсий куч Абдураҳим Пўлатов бошқарган БХҲ ва Муҳаммад Солиҳ тузган “Ўзбекистон Эрк Демократик Партияси” (ЎЭДП) эди.

И.Каримовнинг МХХси усталик билан мазкур икки сиёсий лидер орасидан “қора мушук”ни ўтказишга муваффақ бўлди – уларнинг бир-бирига нисбатан юзкўрмас душманга айланиши 1991 йил 29 декабрда ўтказилган президент сайлови мухолифатнинг тўлиқ мағлубияти билан якунланди ва 1992 йил охирида А.Пўлатов, 1993 йил ёзида эса М.Солиҳ мамлакатни тарк этишди.

И.Каримов нафақат сиёсий кучларга қарши, балки 1992 йил 2 февральда Абдуманноб Пўлатов ва унинг бир гуруҳ сафдошлари томонидан тузилажак Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)ни пароканда қилиш учун ҳам МХХни ишга солди – у Ўзбекистонда энди биринчи қадамини қўяётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига ўз одамларини сингдириш ҳаракатини бошлади.

Бир куни, Абдуманноб бошқарган ташаббус гуруҳининг бир неча аъзолари ЎИҲЖнинг низоми (устави) устида иш олиб бораётганимизда хонага ёши 50 дан ошган, сочи тамоман оқарган, қўлида дипломат сумка кўтарган, осетин миллатига мансуб, Михаил Ардзинов деган одам кириб келди ва гуруҳимизга қўшилмоқчи бўлганини айтди.

Баъзилар унга ишончсизлик билан қаради ва уни гуруҳга қўшишга қарши бўлишди, Абдуманноб эса: “Ташкилотни тузувчиларнинг ҳаммаси ўзбек бўлиши яхши эмас, гуруҳда бошқа миллат вакиллари ҳам қатнашса, аксинча, яхши” деди ва М.Ардзинов гуруҳнинг тўлақонли аъзосига айланди.

Олдиндан айтиб ўтишим керак: М.Ардзинов Ўзбекистондаги сиёсий кучлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга прокуратура, ИИВ ва МХХ томонидан берилган зарбага қараганда юз баробар кўпроқ зарба берди.

М.Ардзинов инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларига МХХ томонидан сингдирилган ягона шахс эмас – бундай шахслар жуда кўп – мен улардан иккитасининг, яъни, Васила Иноятова ва Марат Зоҳидовнинг исм-шарифини келтираман, холос.

2002 йилнинг 17 февралигача В.Иноятова ЎИҲЖ сафида эди ҳамда бир вақтнинг ўзида “Бирлик” партияси бош котиби эди. 1993 йилда [санаси эсимга келмади] Туркияда яшаётган Абдураҳим Пўлатов Туркияда ўтиши мўлжалланган бир халқаро конференцияда иштирок этиш учун мен, ёзувчи Мамадали Маҳмуд ва мухолифат сафига қўшилган собиқ бош вазир Шукрулла Мирсаидов номига учта таклифномани Мурод деган жиянига юборибди.

Мурод менинг яшаш жойимни қийналмасдан топиб келибди ва менга мўлжалланган таклифномани ташлаб кетди. Ўша пайтда Ш.Мирсаидов сохта айблар билан судлангани сабабли уй қамоғида бўлиб, Туркияга бора олмас эди.

Мурод таклифномани топшириш учун Мамадали Маҳмудни излай бошлади, бироқ унинг уйини топа олмади – қўшниларининг айтишича М.Маҳмуд янги уй олиб кўчиб кетган экан, янги уйининг адресини ҳатто таниқли адабиётчи олимлар ҳам айтиб бериша олмади.

Ўша кунларнинг бирида менинг уйимга В.Иноятова кириб келди ва: “Толиб ака, Абдураҳим ака Мамадали Маҳмудовга жўнатган таклифнома сизда бўлса, менга беринг, мен олиб бориб бераман” деди.

Мен: шунча атоқли ёзувчилар билмаган адресни бу аёл қаёқдан билар экан, дея ҳайратландим ва: “Таклифнома Абдураҳимнинг жияни Муродда, у Мамадали Маҳмудовнинг уйини топа олмай хуноб бўлиб юрибди, ўшандан ол” дедим.

Орадан яна бир неча кун ўтгач, менга Мамадали Маҳмуд телефон қилди ва учрашув таклиф этди. Учрашдик.

Мамадали Маҳмуд мендан: “Васила Иноятова ким?” дея сўради. Мен саволга савол билан жавоб бердим: Васила “Бирлик”нинг бош котиби. Нега сўраяпсиз?

Мамадали Маҳмуд бироз ўйланиб турди ва яқинда уни Ички ишлар вазирлигига чақиришгани ҳақида гапириб берди. У уни қабул қилган ИИВ вакилининг столи устида Туркиядан жўнатилган таклифнома нусха (копия)си турганини кўрибди. Шундан 2-3 кун ўтар-ўтмас Мамадали Маҳмуд қамоққа олинибди.

Мен бекорга ушбу мақоламга: “Мамадали Маҳмуд тасдиқлашини кутаман” дея сарлавҳа қўйган эмасман. Мақолани мен фейсбук саҳифамга қўяман. Агар мақоламни Мамадали Маҳмуд ўқисалар, 1993 йилда бўлган учрашувимизни тасдиқлайдилар, деган умиддаман.

Мамадали Маҳмудга зулм ўтказган Ислом Каримов ўлди, унга дилдан хизмат қилган одамлар ҳам бирин-кетин бу дунёни тарк этишмоқда: Бўритош Мустафоев, Файзулла Муллажонов, Васила Иноятова шулар жумласидандир.

Ҳамма ўлади.

Мен ҳам ўламан.

Ҳеч ким дунёга устун бўлмайди.

Бироқ, ҳаётини ким қандай ўтказганига боғлиқ – яхшиликга хизмат қилибми ёки золимга хизмат қилибми!

Ёзувчи Мамадали Маҳмуд умрини яхшиликга хизмат қилиб ўтказмоқда – уни келажак авлодлар ҳам эслаб юришади.

22 сентябрь, 2018 йил; Франция.

Толиб Ёқубов

facebook.com