Олтмишдан ошган биродарнинг қамоқхонадаги тақдири нима кечади?!

Олтмишдан ошган биродарнинг қамоқхонадаги тақдири нима кечади?!
21 views
25 September 2018 - 10:00

(Суратда: мақола муаллифи Фахриддин Тиллаев)

Йўлдошбой Турсунбоев 1955 йил Қирғизстон Республикасининг Жалолобод вилоятида таваллуд топган. Миллати ўзбек. Оилали. 9 нафар фарзанди бор. Муқаддам судланмаган. 1999 йил Самарқанд вилояти Нарпай туманида масжид Имом-ҳатиби бўлиб ишлаган.

2000 йил Ўзбекистон Республикаси МХХ томонидан ҳибсга олинган. Шу йили Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 155, 159, 244 ва бошқа моддалари билан айибланиб, “Жиҳод”чилар оқимига мансуб ва шу диний ташкилотда фаолият олиб борганлиги учун,  ўта оғир жазони ўташ  белгилансин ва  20 йилга озодликдан маҳрум этилсин” деб суд томонидан ҳукм ўқилган…

Йўлдошбой Турсунбоев шундай дейди: “Мен Қирғизстон Республикасида бўлганимда, маҳаллий орган ходимлари мени ўғирлаб, Ўзбекистон Республикаси МХХсига ушлаб беришди. Бундан хабардор бўлган уйдагилар  эса, бутун ОАВга етқазишган. Шундан сўнг, “Озодлик”, “Америка Овози”, “Машҳат” ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг журналистлари суд залига бостириб киришди. Бу ҳолатни кўрган судья, судни  бир неча кунга орқага сурди.

Суд  қандай бошланиши ҳали ҳаммон маълум эмас эди. Кўчада эса, намойишлар бўлди.  Улар мени ҳибсдан чиқаришни талаб қилишди.  Охири суд бир “тўхтамга” келди. Мени 2000 йилнинг октябрь ойида Самарқанд вилояти МХХсига қарашли бўлган, “подвал”га олиб келишди ва судья, прокурор, орган ходимлари ёпиқ суд қилишиб, “қаттиқ назорат остида 20 йилга озодликдан маҳрум этилсин” деб суд ҳукмини ўқиб эшиттиришди. Шу билан суд ўз иши якунлади. Судда “Адвокат” деган “жонивор”нинг ўзи йўқ эди…

Шундан сўнг, суд тайинлаган жазонинг 2 йилини Бухоро вилояти Қаровулбозор қамоқхонасида, қаттиқ режим остида ўтадим. У ерда аҳвол жуда ҳам оғир эди. Чунки, хоналар совуқ, заҳ ва намликдан иборат эди.

У ерда бўлган биродарларнинг бир нечтаси сил касаллигига чалиниб, ўлиб кетишди. Шу йиллар давомида мени ҳеч ким билан гаплаштиришмади. Ҳаттоки, уйдан келган оила аъзоларимга ҳам кўрсатишмади. Орадан 2 йил ўтгандан сўнг, мени “общиий режимга ўтқазилсин” деб  Навоий вилояти УЯ 64/48 муассасасига юборишди.

У ерда мени  «Калашников»  автомать билан орқамга тираб, “кўча”га 45 минут сайр қилгани олиб чиқарди. Мен у ерда ҳам, қанча биродарларнинг қийноқ ва азоб уқуқбатларига чидолмай ўлиб кетганликларини ўз кўзим билан кўрдим. Кўплари муассаса биносининг, “чердак”гига чиқиб, ўзларини пастга ташлаб ўлиб кетишди. Мен шу муассасада 5 йил ўттирдим….

Шундан кейин, Қашқадарё вилоятининг Косон тумани УЯ 64/65 муассасида ўтирдим. Бу ерда бизни кутиб олган, “зампороль” “Косонга хуш келибсиз! Энди бу ердан …. чиқиб кетасиз!” деб оёқ-қўлларимиз остига, 50 даррадан урарди.

Умуман олганда бечора биродарлар шундай қийноқлар остида муассасадан-муассасагача кутиб олинарди…

Мен бу зонада келганимдан сўнг, шу нарсага амин бўлдим-ки, ходимлар ашаддий, жуда ҳам, жоҳил “қамчи”сидан ҳар куни қон томиб турарди. Айниқса, “қайтмаганлар” учун, аҳвол жуда ҳам қаттиқ эди. Ҳар 2 кунда ўлик чиқарди. Шунинг учун ҳам, “Косон, ўлишинг осон!” деган гап маҳкумлардан келиб чиққан…

Кейин  эса, мени Қашқадарёдан, Тошкент вилоятининг, “Занги-Ота” туманидаги УЯ-64/21 муассасига олиб кетишди.  Бу муассаса Бухоро, Навоий, ва Қашқадарё вилоятларининг қамоқхоналарига нисбатан, “енгил”роқ эди.

Нимаси билан енгил эди десангиз? Биродарлар эртадан кечгача куннинг жазирама иссиғида соатлаб ўттиришарди.  Кундуз кунлари оғир ишларга жалб қилинар эди. Муассаса ходимлари ҳар куни чақиришарди, сўнгра Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов номига, “мен Сиздан кечирим сўрайман! Амнистия қарорини бизга ҳам, қўллашингизни илтимос қиламан. Мен разил ва ифлос инсонман! Жамиятимизга энг содиқ ит бўламан! Билмасдан, адашиб шу кўчага кирганман! Мени кечиринг!” деб “тушунтириш хати” ёздириб олишарди-да, ходим “Тарбиявий бўлим”га киригизиб,  “қайтганмисан ёки, қайтмаганмисан?” деб хўп дўппослашарди….

Шундан кейин, мени Қашқадарё вилояти УЯ-64/49 муассасининг“Шайҳ-Али” зонасига олиб келишди. Бу зонада бир инсон бор эди. Гарчи у инсон бўлса-да, унинг қилган ишларини Оллоҳнинг маҳлуқлари ҳам қилмаса керак деб ўйлайман.

Бу инсон – Маҳмудов Шерабод Салимович эди. Бу “маҳлуқ” биродаларни ўлдириб юборишда, Ўзбекистон зоналарининг ичида, жуда ҳам машҳур инсон эди. 2015 йилнинг декабрь ойида пенсияга чиқиб кетди. “Зампороль”-Маҳмудов Шерабод Салимович “энг  яҳши ҳизматлари учун, Ўзбекистон Республикасида ҳизмат кўрсатган, “энг содиқ итлардан бири”деб, “Шуҳрат” медаль билан тақдирлашди.

Унга Ислом Каримов  шу медальни тавсия қилган экан. Мен бу муассасада 3 йил ўтирдим. Худога шукур, шу муассасага келганимдан сўнг, оила ва фарзандларимни кўришга муяссар бўлдим. Охири, уйдагилар Қирғистон Республикасининг “Қизил Ярим Ой” жамиятига мурожаат қилишган эканлар.  Ўша мурожаатдан сўнг, Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг “ГУИН” ташкилоти “свиданка”га рухсат берди…

Шундай қилиб, 20 йилнинг 18 йилини “ўта оғир ва енгил режим”лар билан алмаштириб ва ниҳоят, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрининг УЯ-64/72 жазони ўташ муассасига келиб тушдим. Ҳозирги кунда бу ерда жазо муддатини оҳирги кунларини ўтқазмоқдаман.

Мен яъни Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг қарорига кўра, “қолган жазосини ўта енгили билан алмаштириш мақсадида”, «колонка»да ўтирибман. Ёшим ҳам, 60 ёшдан ошди. Қачон менга жавоб беради. Буни фақат Аллоҳ билади! Болаларим ва оилам ҳамда 90 ёшга кирган онам, кўзлари  тўрт бўлиб кутишмоқда. Уларга Аллоҳдан фақат сабр тилайман.

Ўзимнинг исмим ҳам, Йўлдошали. Онам мени бир марта зонага кўргани келганларида, “Онажон! Эсингиздами? Мени йўлда туққансиз! Мана ҳаётда улғайиб, яна умрим йўлда ўтмоқда!”, деб ўшанда ҳазиллашгандим. Бечора онаизоргинам бўлса, “мен Сизни йўлда туғмай ўлай! Бу кунларни кўргунча, Худо мени жонимни олса бўлмасмиди” деб йиғлади…”

Ҳа, “ҳақиқат эгилади лекин у синмайди” деганларидек, 60 ёшдан ошган биродар Йўлдошали Турсунбоевнинг қамоқхонадаги тақдири нима кечади?! Ўзбекистон Республикаси қамоқхоналарда ётган чет элдан келган инсонларнинг тақдирига қандай ёндошади? Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматининг тутган  ушбу сиёсатига  қандай баҳо беради????

Фахриддин Тиллаев