“Халқаро Амнистия” Хитойда асирдаги мусулмонлар тақдири билан қизиқмоқда

“Халқаро Амнистия” Хитойда асирдаги мусулмонлар тақдири билан қизиқмоқда
77 views
25 September 2018 - 11:35

“Америка Овози” ахборот агентлигининг хабар беришича, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи “Халқаро Амнистия” ташкилоти Хитой ҳукуматидан ғарбдаги Шинжон вилоятида ҳибсга олинган бир миллион маҳаллий мусулмонлар тақдири бўйича ҳисобот беришни талаб қилмоқда.

Ташкилот 24 сентябр куни чоп этилган ҳисоботида Хитой ҳукуматининг минтақада яшовчи уйғурлар, қозоқлар ва ислом динидаги бошқа элат вакилларини оммавий равишда ҳибсга олаётганини, уларни қаттиқ назорат қилаётганини, давлат мафкураси ва хитой маданиятини мажбуран сингдираётганини маълум қилди.

Лондонда асосланган гуруҳга кўра, Пекин бу кампанияни 2017-йил апрелида бошлаган, уйғурларни диний мутаассибликда ва экстремистик кайфиятда айблаб, қайта тарбия лагерларига жўнатган.

“Халқаро Амнистия”га кўра, мусулмонларнинг ўз дини ва эътиқодини ҳижоб кийиш, рўмол тақиш, соқол қўйиш, намоз ўқиш, диний ёки уйғур маданиятига доир адабиётни мутолаа қилиш орқали ифода этиши ҳам ҳукумат томонидан экстремистик қадам деб кўрилади.

“Хитой ҳукуматига этник озчиликдаги гуруҳларга қарши бу каби ваҳший кампанияни қўллашга имкон бермаслик керак”, – дейди ташкилотнинг Шарқий Осиё бўлими раҳбари Николас Беквелин.

Унга кўра, бундай сиёсат натижасида юз минглаб оилалар пароканда бўлди, ҳибсдаги, лагерлардаги оила аъзоларининг тақдиридан бехабар қолишмоқда. Хитой ҳукумати масалага ойдинлик киритиши зарур, дейди мутахассис.

Пекин назарида, исломий жангарилар Шинжонга таҳдид солмоқда, уйғурлар ва хитойлар ўртасида низо келтириб чиқаришни, террор хуружларини режаламоқда.

ЎХҲ ахборот бўлими