Ҳокимлар пахтага мажбурлашнинг янги йўлларини топишяптими?

Ҳокимлар пахтага мажбурлашнинг янги йўлларини топишяптими?
38 views
26 September 2018 - 10:15

Ўзбекистонда вазирликлар бошчилигида мажбурий меҳнатга қарши кенг кампания олиб борилаётганини кузатиш мумкин. Бироқ жойлардаги айрим ҳокимлар бу чекловларни айланиб ўтаётгани кузатилмоқда.

Пахта теришга мажбурлашлар янгича кўринишда бўлмоқда.

Андижондан олган хабарларимизга кўра, вилоят ҳокими мажлисларда одамларни ёппасига пахтага чиқариш ҳақида гапирмаяпти. Лекин бюджет ишчилар пахтага “ўз ихтиёри” билан чиқмоқда.

Янги усулга кўра, давлат корхонаси хизматчиси пахта кампанияси давомида меҳнат таътили олади. Агар таътилини олдин олиб қўйган бўлса, ўз ҳисобидан яна таътилга чиқади. Бу вақт давомида эса у далада пахта теради. Муҳим томони ўз ҳисобидан таътил олса ҳам бу ходимларнинг маоши қирқилмайди ва ойлигини тўлиқ олиши мумкин.

Биз билан гаплашган давлат корхонаси масъулининг айтишича, кимдир бу ходимлардан иш вақти далада нима қилиб юрибсизлар, деб сўраса меҳнат таътилидамиз, деб жавоб беради. Лекин таътилдаги одамга нима учун ойлик берилаётганини ҳеч ким келиб текширмайди.

Шу кеча кундузда Андижон вилоятидаги ички ишлар ходимлари, газ корхонаси ва йўлсозлар каби давлат ташкилоти ходимлари пахтага чиқарилмоқда.

Би-би-си манбасининг айтишича. айрим ходимлар бу каби муносабатдан рози бўлиб пахтага чиқмоқда.

“Жон-жон деб пахтага кетаман. Чунки иш кўп. Йилдан йилга босим ошяпти. инновацион режалар кўп, лекин уларнинг молиялаштириш манбаи йўқ. Шунга ҳокимиятдан босимлардан қочиб, ҳамма пахта даласига сурворишяпти”, дейди Би-би-си манбаси.

Унинг айтишича, бу йил пахта ҳосили яхши бўлмаган ва жойларда ҳар йили бўлгани каби қўшиб ёзишлар бошланиб кетган.

Ишини ташлаб кетолмайдиган газчилар эса Андижонда 10 кунга 250 минг сўмдан аёл терувчиларни топиб ўрнига ташлаб келаётгани ҳақида хабарлар бор.

Фарғонадан олинган хабарга кўра, айрим масъуллар якка тадбиркорларни пахтага чиқиш ёки ўрнига одам топишга мажбурламоқда. Лекин бу оммавий тус олмаган.

“Боласи учун давлатдан нафақа оладиган аёллар мажбурий тарзда пахтага чиқмоқда. Уларни биров чиқ деб мажбурламайди. Лекин етишмовчилик ва пахтага берилаётган яхши нарх уларни боласига қараш ўрнига далага чиқармоқда. Бу ҳам мажбурлашнинг бир кўриниши аслида”, дейди фарғоналик суҳбатдош.

Водийда у ё бу кўринишда пахтага мажбурлаш кузатилаётган бўлса-да, бошқа вилоятларда пахтага чиқариш ўтган йилгидек оммавий тус олмаганини кузатиш мумкин.

Навоийда ҳатто тадбиркорлар ҳам ҳозирча пахтага чиқиш ёки ёрдам беришга мажбурланмаган. Жиззахда ҳам оммавий сафарбарлик йўқлигини кузатиш мумкин.

Жойлардаги айрим масъулларнинг ташаббуси эса вазирликларга шикоят қилинмоқда ва жазога тортилмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ҳафта ичида 110 дан ортиқ мурожаат келиб тушганини айтган. Касаба уюшмалар федерацияси ҳам ижтимоий тармоқларда пахтага одамларни мажбурлаш ҳолатлари бўйича хабар беришга фаол чақирмоқда.

Би-би-си билан суҳбатлашган фаолнинг айтишича, бу каби чақириқлар ва оммавий сафарбарликка жалб қилмаслик ёмғир мавсуми бошлангунча бўлиши мумкин.

Ёмғир мавсуми бошланиб кетса давлат пахтанинг сифати тушмасдан териб олиш учун яна оммавий сафарбарликни эълон қилиши мумкинлиги айтилмоқда. Чунки ҳозирча Ўзбекистонда пахта етиштириш ва уни териб олишда бозор муносабатлари тўлиқ шакллантирилмаган.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек