“Чўлпонни оттирганлар Ўзбекистонда ҳамон эъзоздалигидан хайратдаман”

“Чўлпонни оттирганлар Ўзбекистонда ҳамон эъзоздалигидан хайратдаман”
51 views
28 September 2018 - 15:53

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 26 сентябрь куни француз олими Стефан Дюдуанон (Stefan Dudouannon) иштирокида шоир Чўлпон хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

“Абдулҳамид Чўлпонни оттиришда фаол иштирок қилган ўзбек ёзувчи ва шоирлари Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом ва Ҳамид Олимжонлар Ўзбекистонда ҳали ҳам эъзозда эканлигидан хайратдаман. Тасаввур ҳам қилолмайсиз, айни кунларда мен Абдулла Қаҳҳор кўчасидаги меҳмонхонада истиқомат қиляпман”, – деди франциялик тарихчи олим Стефан Дюдуанон таниқли жадид шоирга бағишланган тадбирда.

Тошкентдаги Алишер Навоий номли Миллий кутубхонада ташкиллаштирилган тадбирга йиғилганлар олимининг бу очиқламасини гулдурос қарсаклар билан қарши олишди.

Чўлпоншунос олимнинг айтишича, ҳоинларнинг улуғланиши каби бундай ҳолатлар бошқа мамлакатларда, хусусан, Францияда ҳам кузатилган.

“Ҳақиқат ва озодлик учун системага қарши курашиб, таъқиб ва қатағонга учраган ҳамда, аксинча, системага мос равишда ижод қилиб, фаравон яшаган ижодкорлар ҳамма ерда, ҳамма вақт бўлган. Иккинчи тоифадагилар ҳар замон ва ҳар ерда биринчи тоифадагиларни қатағон қилишда фаол иштирок қилишган. Лекин вақт ўтиши билан халқлар ҳақиқатпарварларни улуғлаб, иккинчи тоифадагиларни ардоқлашни тўхтатишган” – деди Стефан Дюдуанон.

Олим Ўзбекистонда Совет мафкураси тугатилганига чорак асрдан кўп вақт ўтганлигига қарамасдан, шу мафкурага хизмат қилиб, мамлакат озодлиги учун курашганларни қатағон қилганларга ҳануз эҳтиром кўрсатилаётгани унинг учун тушунарсиз эканлигини ҳам айтди.

Тадбир иштирокчиларининг саволларига жавоб берар экан, Стефан Дюдуанон французлар Чўлпонни жасорати учун севиб ўқишини таъкидлади.

“Чўлпон ҳақиқатпарвар бўлган. У ёлғондан жирканган. У бирорта мафкурага бўйсунмаган. Шунинг учун ҳам французлар Чўлпонни севиб ўқийди. Чунки жасорат ҳар қандай давлатда ҳам қадрланади”, – деди француз олими.

Аввалига тадбирни тақиқлашди…

Шоир Рауф Парфининг юбилейини тўхтатиш ортидан Чўлпон ижодига бағишланиб Франция элчихонаси билан ҳамкорликда 26 сентябрга режаланган тадбир ҳам бекор қилингани ҳақида «Элтуз» хабар берган эди.

Тадбир ташкилотчиси Анвар Назирнинг 21 сентябрь куни «Элтуз» мухбирига билдиришича, таниқли француз олими, иштирокидаги тадбир Франция элчихонаси ва Алишер Навоий кутубхонаси маъмурияти билан аввалдан келишилган, кейин эса бекор қилинган.

Миллий кутубхона ортидан Ойбек уй музейи ҳам Чўлпон ва Рауф Парфи тадбирининг ўтказилишига қаршилик қилган эди.

Жумладан, кутубхона  буни жой бандлиги ва юқорининг розилигини олиш кераклиги, Ойбек уй музейи эса «контора»нинг қаршилиги билан изоҳлаган эди.

Бироқ,  тадбирга бир кун қолганида тадбир ташкилотчиси Анвар Назир ижтимоий тармоқда Навоий кутубхонасида ўтишига қайтадан келишилгани ҳақида хабар берди.

Манба: Eltuz.com