Ўзбек пахтаси оқ, аммо ҳали оппоқ эмас

Ўзбек пахтаси оқ, аммо ҳали оппоқ эмас
62 views
28 September 2018 - 16:07

АҚШ ўзбек пахтасини “болалар меҳнати билан етиштирилган маҳсулотлар” рўйхатидан чиқарган.

Аммо ўзбек пахтаси, пилла билан бир қаторда мажбурий меҳнат маҳсули бўлган маҳсулотлар рўйхатида қолдирилган.

АҚШ Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатига чек қўйиш юзасидан кўрган чораларни эътироф этган.

Айни пайтда ҳукуматни мажбурий меҳнатга чек қўйишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттиришга чақирган.

Охирги 10 йилда халқаро ҳамжамият Ўзбекистонга болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш юзасидан босим ўтказиб келаётганди.

АҚШ Меҳнат вазирлиги Президент Мирзиёевнинг бу борада сиёсий иродани намойиш этганини олқишлаган.

Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳукуматини меҳнат шароитларини яхшилаш ва меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш орқали мажбурий меҳнатга барҳам беришга чақирмоқда.

АҚШ Меҳнат вазирлиги ўзбек пахта саноатида квота тизимининг сақланиб қолаётганини салбий ҳолат сифатида қайд этган.

Ҳисоботда айтилишича,ўтган йили мамлакат бўйлаб 300.000 катта ёшдагилар пахта теришга мажбурланган.

Ўзбекистон АҚШ Меҳнат вазирлиги дунё бўйлаб “Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат натижасида етиштирилган маҳсулотлар рўйхати”ни тузишни бошлаган 2009 йилдан буён Ўзбекистон айни рўйхатдан ўрин олиб келаётганди.

АҚШ ҳукумати ҳисоботида қайд этилишича, ўтган йилларда 7 яшар мактаб болаларигача мунтазам равишда пахта йиғим-теримига жалб қилиб келинган.

Болалар оғир шароитларда пахта териш ва яшашга мажбурланган, уларга ҳақ тўланмаган ёки жуда кам тўланган ё-да ишлаган ҳақлари овқат ва ётоқ учун ушлаб қолинган.

Пахтага чиқмаган болалар жазоланган, дейилади ҳисоботда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон пахта саноатида болалар меҳнатидан фойдаланиш кўлами 2015 йилдан бошлаб қисқара бошлаган ва ўтган 2017 йилда болалар пахтага мажбурланган жуда кам сондаги ҳолатлар аниқланган.

Дунёнинг кўпгина етакчи ширкатлари болалар меҳнати боис ўзбек пахтасини бойкот қилган эди.

Ўзбекистон ҳукумати ўзбек пахтасининг АҚШ “қора рўйхати”дан чиқарилиши Nike ва Adidas сингари жаҳонга машҳур брэндлар билан ҳамкорликни қайта йўлга қўйишга имкон беришини айтган.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек