Миллат дардининг куйчиси

Миллат дардининг куйчиси
51 views
28 September 2018 - 16:17

МИЛЛАТ ДАРДИНИНГ КУЙЧИСИ

“Уммат ғами билан уйғонмаган киши биздан эмас”
Муҳаммад саллалоҳу алайҳи вассалам

Раҳматли Рауф Парфи бутун умри давомида барча туркий халқлар ғами билан яшаб ўтди. Бу ҳолат шу кунларда у киши ҳақида эълон қилинаётган барча мақолалару хотираларда айтилмоқда.

Улуғ шоиримиз ҳақидаги диққатимни тортган ва мен учун қизиқарли туюлган баъзи хотираларни баён қилмоқчиман. Мен уларни Рауф Парфининг дўстлари, шогирдлари ва замондошларидан эшитганман. Баъзиларини ўқиб, билганман. Ўйлайман-ки, марҳум шоиримиз ҳаётида юз берган ана шу кичик эпизодлар орқали ҳам унинг қандай буюк шахс, эътиқоди мустаҳкам инсон бўлганини билса бўлади.

Адабий танқидчи Шукур Қурбоннинг айтишича, Рауф Парфининг 60 йиллик юбилейи арафасида баъзи номардлар, у кишига: “Юбилейингизни фалон жойда ўтказамиз”, деб ваъда берган. Содда ва ишонувчан шоир ўзининг юбилейида айтилган жойга борган. Лекин юбилей “ташкилотчилари”нинг ўзлари келмаган. Шоир кутиб-кутиб, кетиб қолган. Ўзини майна қилинганини билса ҳам, ўша номардларга бир оғиз ҳам ёмон гап айтмаган. Рауф ака тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада бағрикенг инсон бўлганлар.

Танқидчи Шукур Қурбон бир марта Рауф Парфига: “Шеърларингиздаги баъзи сўзларни олиб ташлайман”, деб ҳазиллашган. Шунда шоир: “Шеърларимдаги сўзларни олиб ташлай олмайсиз. Чунки уларнинг қўриқчилари бор”, – деб жавоб қайтарганлар.

Шоирнинг дўсти Бахтиёр Исобекнинг эслашича, бир куни Рауф Парфига телефон қилиб: “Салом! Мен – Бахтиёрман!” – деганларида, Рауф ака: “Мен – бахтиқароман! Гапиравер, нима гап эди?” – деб жавоб қилганлар. Бахтиёр аканинг айтишича, шоир жуда ҳозиржавоб ва топқир ҳам бўлган эканлар.

2000 йилда, 16 февраль воқеалари туфайли машъум қатағонлар авжига чиққан бир пайтда, Рауф Парфига Ўзбекистон халқ шоири унвони берилган. Лекин буюк шоир: “Халқим зулм чекаётган бир пайтда мен золимдан унвон олмайман”, – деб, унвонни олишдан бош тортган.

Шоирнинг собиқ турмуш ўртоғи Дилором Исҳоқованинг айтишича, Рауф Парфи ўзбек халқи ғамини ҳаттоки оиласи ва болалари ғамидан ҳам устун қўйган. “Рауф ака ўзга дунё одами эдилар. Дунёга ташна одамларга тамоман тескари инсон эдилар. Мол-дунёнинг юзига қарамас эдилар. Мана, биз дастурхонимиз ғариб бўлса, уяламиз. Рауф ака эса, дастурхони тўкин бўлса уялар эдилар. “Халқимнинг дастурхони ғариб бўлса, мен тўкин дастурхон атрофида ўтира олмайман”, деб бундай давраларни тарк этарди. Ундай ноз-неъматларни, ҳаттоки яхши кийимларини ҳам муҳтожларга бериб юборардилар” – дея хотирлайди Дилором Исҳоқова.

Шу билан биргаликда Рауф Парфи ўта чўрткесар ва жасоратли инсон бўлиб, соҳталик, адолатсизлик ва ёлғонга қарши кескин курашганлар.

Рауф Парфи замондошларининг хотирлашича, ўтган асрнинг 70-йилларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимига ўз келини билан ишрат қилиб юрган бир нокас тайинланган. Биринчи йиғилишдаёқ катта ваъдаларни бериб, ўзини мақтаб кетган. Нутқининг охирида янги раис: “Хулласи калом, мен ўзбек халқининг отасиман!” – деган. Шунда йиғилишда иштирок қилаётган Рауф Парфи шартта ўрнидан туриб: “Агар ўзбекнинг отаси сен бўлсанг, ўзбекнинг падарига лаънат!” – деган ва кўплаб иштирокчиларнинг гулдурос қарсакларига сазовор бўлган.

Рауф ака Ўзбек СОВЕТ адабиёти ва шеъриятидаги Москва, Кремль, Коммунистик партияни улуғлаш каби анъаналардан йироқ бўлган. У ўзбек шеъриятини СОВЕТЛАР дардидан ЎЗБЕК дардига қайта йўналтирган жасоратли шоир бўлган.

Ҳаётда ўта камтар бўлган бу инсон: “МЕН ЎЗБЕКНИНГ ДАРДИНИ ҚОФИЯГА СОЛАМАН ХОЛОС!” – деганлар.

“Шеърият икки хил бўлади: Ҳаққа ва халққа хизмат қиладиган шеърият ҳамда Ёлғонга ва зулмга хизмат қиладиган шеърият. Биринчи тоифа шеърият абадий бўлади. Иккинчи тоифа шеърият бироз муддат олқишланиб, кейин тарихнинг аҳлатига айланади”, – деган Рауф Парфи.

Шоир Усмон Азимнинг таъкидлашича, мустақиллик ғояларини илгари суриб, Ўзбекистон мустақиллиги учун энг аввало ўзбек шоир ва ёзувчилари курашишган. “Ва уларнинг ҳаммаси Рауф Парфидан илҳомланиб, унинг ғояларидан таъсирланиб, шу йўлга чиқишган”, – дейди Усмон Азим.

Афсуски, ўша пайтларда Ўзбекистон мустақиллигига қарши баёнотлар бериб келган маҳаллий коммунистлар ва кўплаб шоиру ёзувчилар, кейинчалик, яъни мустақилликка эришилгач, бир дўниб “мустақиллик курашчилари”га айланишган ҳамда Рауф Парфидек ҳақиқий курашчиларни яна таъқиб қила бошлаганлар.

Бугунги кунда айнан ўшалар марҳум шоирнинг юбилейини ўтказишга қаршилик кўрсатиб, Рауф Парфининг ўлигидан ҳам қўрқишларини намоён қилишмоқда. Қўрқувнинг қамровини қаранг-да: қўрқоқлар ҳукуматнинг расмий режасига киритилган юбилей тадбирини ҳам ҳеч бир изоҳларсиз қолдиришди!

Рауф Парфи: “Бахтиқаро халқнинг шоири ҳам бахтиқаро бўлади”, – деган эканлар. Ғарибона ва ҳур ҳаёт тарзини севган шоиримизнинг юбилейи ҳам ғарибона ва ҳур тарзда ўтди.

Рауф Парфи ўзбек халқининг чин ҳурриятга чиқишига ишониб яшаган. Мен эса миллатпарвар шоиримизни кенг хотирлаш ишлари ҳам қачонлардир ҳурриятга чиқишига ишонаман.

Бобомурод АБДУЛЛА
27.09.2018

facebook.com