Нафас олдингми – тўла!

Нафас олдингми – тўла!
21 views
29 September 2018 - 8:00

Эй яхшилар! Файзибоққа кириш ҳам муаммо бўлиб қолаётир, Бунга ҳам катта пул талаб қилишмаса, деган хавотирдаман!


Бозорда патта пули,
Мозорда латта пули.

Ошхонада ош пули,
Сартарошга – бош пули.

Ҳайдовчига йўлкира,
Ҳар қадамда – мўл кира!

Қизга – қараганингга,
Тунда – яраганингга!

Дўхтирга – даво учун,
Осмонга – ҳаво учун.

Нафас олдингми – тўла,
Ўлиб қолдингми – тўла!

Туттингми, бас, балиғин,
Ҳовузга бер солиғин.

Катта йўлда ўзасан,
Гаишникка чўзасан.

Пул сўрайди боланг ҳам,
Ҳатто катта холанг ҳам.

Ва лекин Файзибоққа,
Бу ажойиб чорбоққа,

Секин кираман дейсан,
Текин кираман дейсан.

Аввал тўла пулини,
Кейин тергин гулини!

Абдихамид Пардаев

facebook.com