Рустам Иноятов Сенат мажлисида кўриниш берди

Рустам Иноятов Сенат мажлисида кўриниш берди
62 views
29 September 2018 - 11:48

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон махсус хизматларининг собиқ раҳбари ва сенатор Рустам Иноятов биринчи марта Сенат мажлисида кўриниш берган.

Кун.уз нашри шу йилнинг 31 январида истеъфога юборилган собиқ МХХ раҳбарининг 27-28 сентябрь кунлари ўтган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисидаги иштироки акс этган суратни чоп этди.

Ўтган ой Сенат ўзининг расмий веб-сайтида Рустам Иноятовнинг сурати ва қисқа таржимаи ҳолини жойлаштирганди.

Унда собиқ МХХ раҳбарининг мутахассислиги “филолог” деб кўрсатилган.

Бунга қадар махфий хизматлар раҳбари ҳақида ҳеч қандай маълумотнинг йўқлиги мустақил нашрлар эътиборини тортган.

Шу йил 26 августида Президент аппаратида ўзгаришлар қилган Шавкат Мирзиёев Иноятовни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига қайта тайинлаганди.

Иноятов ўз вақтида мамлакатнинг нафақат энг қудратли, балки энг қўрқинчли одами ҳам ҳисобланган.

74 ёшли Иноятов Каримов давридаги сиёсий репрессиялар ва қийноқлар учун масъул мулозимлардан бири сифатида кўрилади.

Иноятовнинг собиқ ўринбосарлари Каримов вафотида ортидан қийноқлар ва иқтисодий жиноятларда айбланиб, умрбод ва узоқ йиллик қамоқларга маҳкум этилган.

Уларни “давлатга хиёнат”да айблаган Президент Мирзиёев собиқ МХХ раисининг ўзига дахлсизлик мақоми берган.

Иноятов МХХ раиси лавозимини 1995 йил ёзидан 2018 йил 31 январига қадар узлуксиз эгаллаб келган.

У билан Президент Мирзиёев ўртасида қудрат учун яширин рақобат бўлгани айтилади.

ЎХҲ ахборот бўлими