Ўзбек деҳқони 100 йил кутган ислоҳот

Ўзбек деҳқони 100 йил кутган ислоҳот
17 views
29 September 2018 - 11:53

Бугун Ўзбекистон юз тутаётган кўпгина муаммолар, жумладан, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат сингари муаммоларга мутахассислар фикрича, мамлакат қишлоқ хўжалигида зарур ислоҳотларнинг ўтказилмагани сабаб. Қишлоқ хўжалигидаги ҳар қандай ислоҳотларнинг негизида эса, аввало ер ислоҳотлари ётади. Ер ислоҳоти – ер муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган комплекс иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий ва ташкилий масалаларни қамраб олади. Каримов даврида Ўзбекистонда ер кам, ҳамма аҳолига етмайди, деган важ билан жиддий ислоҳотлар ўтказиш орқага суриб келинганди. Ер ислоҳотлари аҳолининг кам таъминланган қатламига зарба бўлади, деган қараш ҳам кенг тарқалган. Қуйида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий жўғрофиясини тадқиқ қилган Баҳриддин Исмоиловнинг мақоласи билан танишинг.

Ўзбекистон аграр-индустриал давлат. Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон халқ хўжалиги тармоқлари ичида меҳнат ресурсларининг бандлиги жиҳатидан биринчи ўринда туради. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 44% қишлоқ хўжалигида банд. Қишлоқ хўжалиги мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 18%га яқинини ишлаб чиқариши билан бирга енгил саноатнинг барча турларига хомашё етиштириб берувчи, халқ хўжалигининг энг муҳим тармоғи.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиб, инқироздан олиб чиқиш бу ҳеч муболағасиз бутун Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш босқичига олиб чиқиш демакдир.

Кейинги, “мустақиллик” деб номлаб келинган йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ислоҳотида нималар амалга оширилди?

Деярли ҳеч нарса.

“Қўқон арава”

Бошқа соҳаларга нисбатан қишлоқ хўжалигида “Янги уйни қурмасдан эскисини бузма!” шиорига ўта қаттиқ амал қилинди.

Янгиси қурилмади ва эскиси бузилмади! Буни кейинги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини энг эски, 90 йиллик қадимги услубларда бошқаришга мажбур этилган давлатимизнинг янги раҳбари ҳам тасдиқласа керак. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини социалистик бошқарув услубидан воз кечилмади. Тарихда, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини социалистик бошқарув тизимида, энг қуйи поғонада, 50-100 гектар майдонни парваришловчи 50-60 кишилик бригадалар бригадир бошқарувида фаолият юритиб, 20 атрофидаги бундай (ҳозирги фермер хўжаликларига мос кеувчи) жамоатлар раис бошқарувидаги бир колхозга бирлашар эди. Бундай 10-15 колхозлар райком раиси бошқарувидаги районларни ташкил этар эди. Райком раиси (ҳозирги туман бошлиғига мувофиқ) обком раиси итоатида ва назоратида иш юритарди. Обком раиси (ҳозирги вилоят ҳокимига муфофиқ келади), ўз навбатида Республика марказий бошқаруви идораларининг тўлиқ итоатида эди.

Ҳозирги кунларда ҳам Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги деярли ҳудди шу тартиб асосида бошқарилади:

Фермер – туман ҳокими – вилоят ҳокими – вазирлик…

Бошқарувни соддалаштириш, сарф-харажатларни қисқартириш ва зоҳиран ислоҳот кўринишини бериш илинжида эски бошқарув тизимидаги колхоз раҳбарияти бўғини қисқартирилган, холос. Қишлоқ хўжалиги ишлари марказдан кучли назорат ва қатъий режали бошқарув асосида олиб борилади.

Қишлоқ хўжалигини бу хилда бошқаруви ғояси ишлаб чиқилганига (1918 й. 100 йил бўлди. Бу ғоянинг ҳаётга тадбиқ этилганига эса (1928 й.) 90 йил тўлди.

Ўхшатиш жоиз бўлса, 100 йиллик, “Қўқон арава” услубида иш юритилаётган хўжаликдан қандай самара кутиш мумкин?

Натижа ҳаммага маълум.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг энг асосий воситаси бўлган Ерга нисбатан социалистик тузум давридаги муносабатнинг Ўзбекистонда, янги даврда ҳам заррача ўзгармаганлигига 1968 йилда Совет Иттифоқида қабул қилинган, Ер муносабатларини тартибга солувчи қонун мазмуни ва ҳозирги Ўзбекистон Ер кодекси мазмунининг ҳамоҳанглиги далил бўлади.

Қуйида исбот тарзида бу ҳужжатлардан иқтибос келтирамиз:

“Закон СССР от 13.12.1968 №3401-VII об утверждении Основ земельного законодательства Союза ССР и союзных республик.

Раздел 1. ОБЩИЕ ПОЛОЖЕНИЯ

….

Статия3. Государственная собственность на землю в СССР

В соответствии с Конституцией СССР земля Союзе Советских Социалистических Республик является государственной собственностью, то есть всенородным достоянием.

Земля в СССР состоит в исключительной собственности государства и предостовляется только в пользование. Действия, прямой или скрытой форме нарушающие право государственной собственности на землю, запрещается.”

Ўзбекистон Ер кодексидан:

“4-БОБ. ЕРГА БЎЛГАН МУЛКЧИЛИК, ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ ЕР УЧАСТКАЛАРИГА БЎЛГАН ҲУҚУҚЛАРИ

16-модда. Ўзбекистон республикасида ерга бўлган мулкчилик

Ер давлат мулки – умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш зарур, у давлат томонидан муҳофаза этилади ҳамда олди-сотди қилинмайди, айрибошланмайди, ҳадия этилмайди, гаровга қўйилмайди, Ўзбекистон республикаси қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.”

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг шаклланишига асосий замин бўладиган Ерга бўлган муносабат заррача ўзгармаган, Фақат “умумхалқ бойлиги” вазият тақозоси билан “умуммиллий бойлик” деб аталувчи мавҳум тушунчага ўзгартирилган, холос.

Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун энг муҳим бўлган бу тармоқни 90 йил аввал, бутунлай бошқа макон, замон ва мафкура кишилари ишлаб чиққан услубларда бошқарилиши натижасида Ўзбекистон аҳолисининг деярли ярми (49.4%) ни ташкил этадиган қишлоқ аҳолисининг аксари ишсиз ва тирикчилик илинжида ўзга юртларда дарбадар.

Шу ва яна бошқа сабаблар таъсири натижасида мамлакат енгил саноати ҳам ривожланмай, бу саноат турЛи тармоқларида банд бўлиши мумкин бўлган кичик ва ўрта шаҳарлар аҳолисининг ҳам аксари ишсиз.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар қилинмаганининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий соҳаларига салбий таъсири бундан-да кенг ва чуқур.

Нима қилмоқ керак?

Тарихни ўрганиб, ҳозирги мавжуд ҳолатни таҳлил этиб, қўшни ва дунёнинг тараққий топган бошқа давлатлари тажрибаларига таянган ҳолда, ислоҳотни қишлоқ хўжалигининг, ўзбек деҳқонининг асосий дастгоҳи – ЕРдан бошлаш керак!

Ўзбекистон Ери – ўзбек миллатининг ота меъроси!

Ҳақни ўз ҳақдорига қайтариб бериш, тарихий адолатни тиклаш мамлакат ривожининг хайрли боши, ибтидосидир.

Ерни хусусийлаштириш замон талаби бўлган Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини бозор муносабатларига ўтказишнинг энг аввалги ва энг муҳим босқичидир. Қишлоқ хўжалигида замонавий ишлаб чиқариш – юқори ҳосилдорлик ва юқори сифатли маҳсулотлар етиштириш бу соҳада бозор муносабатларини тикламасдан амалга ошириш имконсиз. Бозор муносабатлари эса, қачонки ишлаб чиқарувчи, яъни деҳқон ўз меҳнат фаолиятида эркин ва у қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш воситаларининг энг муҳими бўлган Ернинг ва ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ҳақиқий мулкдори бўлсагина ривожланади.

Ўзбекистонга ўхшаш тарихий жараёнларни бошдан кечирган давлатларнинг бозор муносабатларига ўтиш даврида Ерни хусусийлаштириш тажрибаларини таҳлил этсак, бу жараён асосан икки хил усулда амалга оширилган.

Ерни хусусийлаштиришнинг биринчи тури бу – реституция усули.

Реституция (лотин тилидан, restitutio – қайта тиклаш) бу мулкни ҳужжатлар асосида, мулкдорлик хуқуқини тиклаб, ўзининг аввалги эгаларига қайтариб бериш. Бу турдаги хусусийлаштириш кўпроқ Шарқий Европа ва Болтиқбўйи давлатларида жорий этилди ва ҳозирга қадар амалда.

Ерни хусусийлаштиришнинг иккинчи турида қишлоқ хўжалигида бевосита банд бўлган аҳоли қатламига бепул улуш (пай) сифатида тақдим этилган. Хусусийлаштиришнинг бу тури Россияда амалга оширилган.

Ўзбекистонда бу борада мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва ўзбек халқининг миллий менталитетидан келиб чиққан ҳолда, хос усул танлаб, ишни амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Ўз мулкингни ўзинг асра!

Статистик маълумотларга қараганда, айни дамда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар аҳоли жон бошига тақсим қилганда 0.16 гектардан тўғри келади. Бу улуш миқдорини йириклатиш мумкин.

Ерни ўз мулкдорига меърос бериш ва олиш, сотиш ва сотиб олиш хуқуқлари тўлиқ ва кучли таъминланган холда, ҳеч қандай тўловларсиз фақат маълум шартлар билан хусусий мулк қилиб берилиши лозим.

Янги Ер мулкдорига Ўзбекистон давлатининг равнақи ва миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги вазифа ва шартларни белгилаш мақсадга мувофиқ:

– қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган ерлардан фақат шу мақсаддагина фойдаланиш;

– Ер олди-сотди жараёнини фақат Ўзбекистон фуқароси бўлган шахслар ўртасидагина амалга ошириш;

– Ерни ижарага беришда ҳам Ўзбекистон фуқаролигини устувор қилиб белгилаш.

Ерни хусусийлаштиришни қандай шаклда ва қандай шартлар асосида амалга ошириш, бу кенг, баҳс ва мунозарали мавзу.

Бу борада Ўзбекистонининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига замин бўладиган, энг муносиб усулларни топиб амалга тадбиқ этиш зарур.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ерларини тўлиқ хусусийлаштириш, бу:

– Миллий қадрнинг тикланиши ва миллий онгнинг ўсиши;

– 10 миллионлаб ишчи ўринлари;

– Ўзбекистон иқтисодий ривожи учун муҳим бўлган қишлоқ хўжалиги тараққиёти учун мустаҳкам замин;

– Енгил саноатнинг барча турлари ривожланишига асос;

– Юқоридагилар асосида ташқи савдонинг ривожига катта туртки;

– Замонавий, қишлоқ хўжалиги махсулотларини қайта ишлаш технологияларининг мамлакатга келтирилиши;

– Эркин бозор муносабатлари ривожланаётган юртга молиявий оқимнинг кучайиши;

– чет эллардаги меҳнат ресурсларининг ортга қайтиши;

– нафақат Ўзбекистон, балки қўшни давлатлар меҳнат ресурсларини ҳам иш билан таъминлаш имкони;

– халқ турмуш фаровонлигининг ошиши;

– ички сиёсий барқарорликка сабаб бўлувчи муҳит…

Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.

Адолат қарор топган давлатнинг тараққий этиши тарих қайта-қайта исботлаган хақиқатдир.

Ўзбекистон куч ишлатар тизими ходимлари “ўз уйингни ўзинг асра” шиорини тез-тез миллатдошларимиз ёдига солиб туришади.

Мулкий муносабатлар янгича шаклланга муҳитда ўзининг хусусий ерида ҳосилини кутаётган ўзбек деҳқонига, хусусий корхонасида буюртмаларга маҳсулотини ўз вақтида ишлаб чиқариб беришга шошилаётган ўзбек тадбиркорига, чет элда сотишга молини хусусий омборларида тўплаб, шайлаётган ўзбек тожирига “Ўз Ерингни, ўз мулкингни, ўз уйингни ўзинг асра!” деб хитоб қилиниши жуда мос ва ўринли бўлади.

Бундай муҳитда ўз Ерини, ўз мулкини, ўз мамлакатини ҳар қандай ташқи ва ички хатарлардан сақлашга интиладиган 10, 20, 30 миллионлаб посбонлар вужудга келади. Ўзбек ўз мулкини қўриқловчи хақиқий посбон бўлади…


Манба: Би-Би-Си Ўзбек