Навоийнинг Самарқандлик устози

Навоийнинг Самарқандлик устози
88 views
30 September 2018 - 10:43

НАВОИЙНИНГ САМАРҚАНДЛИК УСТОЗИ

Темурийлар даврида Самарқанд мусулмон шарқининг йирик илмий марказларидан бирига айланди. Бу ердаги илм даргоҳларида бутун Мовароуннаҳр ва Хуросондан келган талабаларга Саъдуддин Тафтазоний, Сайид Шариф Журжоний, Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Фазлуллоҳ Абулайсий, Али Қушчи каби ўз даврининг кўзга кўринган олимлари дарс беришарди.

Фазлуллоҳ Абулайсий мелодий Х асрда яшаган қомусий олим Фақеҳ Абу Лайс Самарқандийнинг авлодидан бўлиб, улуғ бобокалони бошлаб берган илмий сулоланинг муносиб давомчиси эди.

Фазлуллоҳ Абулайсий ҳам буюк бобокалони яшаб, фаолият олиб борган қадимий Чокардиза қабристонининг жанубий-ғарбида жойлашган, ҳозирги Фақеҳ Абу Лайс масжиди ҳудудида яшаб ижод этган.

Алишер Навоий 1465 йилда, 24 ёшли йигитлик пайтида Ҳиротдан Самарқандга келиб, айнан шу масжид-хонақода бир неча йил яшаб, мавлоно Фазлуллоҳдан дарс олган. Чунки, тарихий асарларда “Алишербек Фазлуллоҳ Абулайсий хонақосидан ҳужра олди ва илм таҳсилига киришди”, дейилади.

Навоий ўз асарларида устози, мавлоно Фазлуллоҳнинг фиқҳ илмида билимдонлигини мақтаб, уни “Иккинчи Абу Ҳанифа” эди деб, атайди. Араб тили грамматикасида юксак маҳоратини эътироф этиб, Ибн Ҳожибга (машҳур тилшунос) тенглаштиради. Уни “Самарқанднинг аъламул уламоси эди”, деб эслайди.

Навоий ҳаёти ҳақида асарлар ёзган машҳур тарихчи Хондамир ҳам: “Мавлоно Фазлуллоҳ зўр олимлиги ва донишмандлиги туфайли иккинчи Абу Али ибн Сино номини олган эди”, деб ёзади.

Навоий ўзи ва устози ўртасида юксак меҳр-муҳаббат бўлганини кейинчалик фахр билан эслаб: “Ончи муҳаббатлари бор эрдики, фарзандим дер эдилар”, деб ёзган.

Хондамир ҳам: “Хўжа жаноблари Алишербекни таъбидаги ўткирликни мақтар ва уни бошқа талабалардан ортиқ кўрардилар”, деб Навоий Фазлуллоҳ Абулайсийнинг пешқадам талабаларидан бўлганини таъкидлайди.

Фазлуллоҳ Абулайсийдан ўз асрида машҳур тариқат пешвоси Хўжа Аҳрори Вали, бу зотнинг устозлари Саъдуддин Қошғарий, Форс-тожик адабиётининг буюк намоёндаси, араб тили қоидалари бўйича бир қанча асарлар ёзган Абдураҳмон Жомий каби улуғ зотлар ҳам бир неча йиллар давомида дарс олишгани маълум.

Булардан хулоса қилиш мумкинки, Фазлуллоҳ Абулайсий ўз даврининг энг буюк шариат олимларидан бири бўлган. Алишер Навоийнинг хабар беришича мавлоно Фазлуллоҳ Самарқандда вафот этган ва ўз бобокалонининг ёнига дафн этилган.
Эътиборли томони шундаки, шўролар даврида Чокардиза қабристони йўқ қилиб юборилганда ҳам Фақеҳ Абу Лайс масжиди ёнидаги Фақеҳ Абу Лайс ва Фазлуллоҳ Абулайсийлар қабри сақланиб қолган.

Муаллиф: Порсохон Ҳасанов Самарқанд шаҳар “Фақеҳ Абу Лайс” жоме масжиди имом хатиби

facebook.com