Ўзининг ўғузлигини унутган германлар ва латишлар

Ўзининг ўғузлигини унутган германлар ва латишлар
27 views
02 October 2018 - 9:00

Ғарбий Европалик тилшунослар юнон, рим, осиёликларга нисбатан фанлар билан жуда кеч шуғуллана бошладилар. Айниқса, ҳиндларнинг қадимги адабий санскрит тилида ёзилган ривоят ва афсоналари европа тилларига таржима қилина бошланганидан сўнг, европада санскрит тилига қизиқиш кучайди.

Тилшунослик соҳасида “Ҳиндевропа тиллари” атамасини биринчи бўлиб фанга инглиз олими Томас Юнг 1813 йилда олиб кирди.

Дунё тилшунослиги маълумотларига кўра, ҳозирги пайтда ҳиндевропа (инглизча Indo-European languages) тилида дунё аҳолисининг 2,5 миллиарди сўзлашади.

Инглизлар бу тил гуруҳини ҳиндевропа деб атаган бўлса-да, немис олимлари бу иборани ҳиндгерман тили (indogermanische Sprachen) сифатида эълон қилишди. Маънавий жиҳатдан олганда уларнинг бунга ҳаққи ҳам бор. Чунки, европанинг аҳолиси ҳисобланмиш инглизлар, шведлар, немислар ва бошқа баъзи миллатлар ўзларининг келиб чиқишларини герман қабилаларига боғлашади. Европада гот тили деган атама бор. Эрамизнинг бошларида Готлар икки гуруҳга бўлинган. Остготлар – шарқий готлар ва Вестготлар Ғарбий готлар.

Европалик олимлар ўртасида ҳиндевропа тиллари бундан 5000-6000 йил аввал Шарқий Европа, Олд Осиё, Осиё ва Европанинг кесишган дашт ҳудудларида туғилган ҳиндевропа боботилидан тарқалган деган назария мавжуд. Шунингдек олимлар ўртасида ҳиндевропа тиллари тарихга «яма (чоҳ) маданияти» номи билан кирган ҳозирги шарқий Украина ва жанубий Россия ҳудудида яшаб бундан 4500 йил аввал Европа ҳудудига кўчиб борган кишилар орқали пайдо бўлган деган назария ҳам мавжуд.

Римлик олимлар ўз тилларининг юнон тили билан ўхшаш ва фарқли томонларини ўрганганлар. Юлий Цезар Скалигер европа тилларини Худонинг номи уларда қандай аталиши орқали асосий тил гуруҳларини ажратган. Европа халқлари тили келиб чиқишига қадимги яҳудий, лотин тили сабабчи бўлганлигини ёки олим қайси мамлакатдан бўлса ўша халқ тили устувор мавқега эгалигини исботлашга уринишлар бўлган.

Ҳиндевропа тиллари асосчилари деб Маркус ван Боксхом (1647) ва Уильям Уоттон (1713) тан олинади, улар юнон, славян, герман, роман тилларидаги ўзаро қардошлик мавжудлиги ҳақидаги ғояни илгари сурганлар.

XVIII аср охири — XIX аср бошида европада тилшуносликда тарихий таққослаш йўналиши жуда тезлик билан ривожлана бошлади. Ҳиндистоннинг қадимги муқаддас тили санскрит европада маълум қилиниши муносабати билан тилшуносликда ҳиндевропа тиллари гуруҳи деган атама табиий ҳол сифатида қарала бошланди. Инглиз олими Уильям Жонс санскрит, лотин, юнон, гот тилларида грамматик таркиб ва феъл ўзакларидаги ўхшашликлар ниҳоятда кўплигини, бу эса оддий ўзлаштириш орқали бир-бирига ўтмаганлигини баён қилди. Унинг ишини давом эттириб, уни ривожлантирган Ф. Фон Шлегель санскрит, форс, юнон, немис тилларини ўзаро солиштириб «Ҳиндларнинг тили ва донолиги ҳақида» (1808) номли асарида тилшуносликка «қиёсий грамматика» атамасини киритди ҳамда қиёсий грамматикада феъл ўзакларини синчковлик билан ўрганиш баробарида улардаги сўз шакллари тузилиши ҳам муҳим эканлигини таъкидлади.

Европада санскрит тилини грамматик қиёслашни Франц Бопп 1816 йилда амалга оширади. Боппдан мустақил равишда Расмус Раск герман тилларининг юнон, лотин, болтиқ ва славян тиллари билан қардошлигини 1814 йилда ёзган, 1818 йилда эълон қилган «Қадимги шимол ёзуви ҳақида изланишлар» (Undersögelse om det gamle Nordiske) асарида исботлаб беради.

XX асрга келиб ҳиндевропа тилшунослиги маркази Францияга кўчди, кейинчалик шарқ томон силжиди ва унинг амал қилиш ҳудуди кенгая борди. Энди бу тиллар таркибига санскрит, юнон, лотин, герман тилларидан ташқари келт, болтиқ, славян тиллари, албан ва арман тиллари, картвель, 20-асрда эса хетт-лувий ва тохар тиллари ҳисобига кенгайди, бу тушунча ҳозир ҳам маромига етказилгани йўқ, бу соҳада ўрганиш ва изланишлар давом этмоқда.

Тилшунослик соҳасидаги яна бир ўзгариш даниялик олим Ҳолгер Педерсеннинг тадқиқотлари билан боғлиқ. У 1903 йилда тилшуносликда тарихий таққослаш услуби орқали Ностратик назария атамасини киритди. Ностратика сўзи лотинчадан олинган бўлиб nostrās «бизники», «бизнинг доирага тегишли» маъноларини беради.

Бу катта тил гуруҳи таркибига олтой, картвель, дравид, ҳиндевропа, ўрол, афроосиё, эскимос-алеутлар тиллари киритилади. Ностратикада товуш ва сўзлар ясашдаги ўхшашликлар эътиборга олинади.

Рус олими В.М.Иллич-Свитич томонидан 1960 йилларда Ҳинд-европа тилларининг янада қадимийроқ қариндошлик алоқалари ҳақидаги назария илгари сурилади. Унга кўра, Ҳинд-европа тилларининг «ностратик» деб аталувчи ва сом-ҳом (афроосиё), урал, олтой, дравид ва картвел сингари йирик тил оилаларини қамраб олувчи улкан оила билан қариндошлик алоқалари бир қатор фонетик ва қисман морфологик мослик (ўхшашлик)лар билан исботланган.

В.М.Иллич-Свитич алоҳида тарзда қиёсий луғат тузиб унда 800 та сўзни юқорида санаб ўтилган тиллардаги ўхшашликларни аниқлаган. Мисол учун:

kali (n) олтой тилида уканинг хотини; kalu – урол тилида амаки хотини ; kal – дравид тилида амакининг хотини; glou – ҳиндгерман тилида аканинг хотини; Kal – картвель тилида аёл; kl(l) – семит-хамит тилида келин; Келин – ўзбек тилида ука, ўғил, жияннинг хотинига нисбатан айтилади.

Ўзбек тилида келин сўзи этимологияси «кел» ва «ин» сўзлари қўшиливудан ташкил топиб «Кел Уй» га маъносини беради.

В.М. Иллич-Свитич туркий тиллардаги оёқ сўзининг ёзилиши ва жаранглашини келтиради Масалан оёқ сўзи ўзбек тилида – пут; тува тилида – бут; хакас тилида – пут; қирғиз тилида– бут; бошқирд тилида – бот; кумык тилида – буд.

Аммо, инглиз тилидаям оёқ сўзи деярли туркий «фут»-ку! Ҳиндгерман тиллари назарияси ҳам ностратик назария ҳам гоҳ тан олиниб, гоҳ қаттиқ танқидга учраётганининг сабаби туркий (ўзбек) тилшуносларининг бу ишга аралашмаётганлиги эмасмикан?

Ҳиндевропа тиллари ҳақидаги масала маромига етай деб турганда қадимги Месопатамиядан Шумер маданияти очилиб қолди. Топилган ёдгорликлар, миххатда ёзилган кутубхона Осиё ва Европа учун энг қадимги маданият ўчоғи эканлиги маълум бўлиб қолди.

Уларнинг ёзувларини баъзи олимлар тушунмаганидан руник (номаълум) ёзувга чиқаришди. Аммо, инглиз олими Ҳенри Раулсон (Henry Creswicke Rawlinson 11.04.1810— 5.03.1895) миххатлардаги ёзув туркий тилга тегишли эканлигини аниқлайди. Бу факт эса ҳиндгерман тиллари назарияси тарафдорларини жиддий ташвишга солади.

Вақти-вақти билан туркий халқларнинг, туркий тилнинг европа тилларидаги таъсири кўлами ҳақидаги ғоя тарафдорлари кўпая боради. Шулардан бири ҳақида қисқача тўхталсак.

Туркистон Россия империяси мустамлакасига айлангач, Туркистон генерал губернатори этиб тайинланган немис миллатига мансуб фон Кауфман 1873 йилда астрономик тадқиқотларни олиб бориш мақсадида обсерватория қуриш учун бир неча миллатдошларини ишга таклиф этади. Бўлажак обсерваториянинг биринчи астрономлари К.В.Шарнгорст ва А.Р.Бонсдорфлар эдилар.

Бонсдорф обсерватория учун керакли жиҳозларни олиб келиш учун Гамбургга қайтиб кетади ва 1874 йилда Тошкентга қайтиб келади. У билан бирга Бавария қироллиги фуқароси Мюнхен университетини битирган Франц Ксавье фон Шварц (1847-1903) ҳам Тошкентга келади.

Фон Шварцни Туркистонда юлдузлар илмидан кўра, ўлканинг тарихи мафтун этади. Фон Шварц 1875-1890 йиллар давомида Туркистоннинг барча бурчакларида бўлади. Хива хони, Бухоро амири, Қўқон хони ва уларнинг оила аъзоларини, оддий фуқароларни суратга олади.

Ўлканинг тарихини ўрганади, турли ривоятлар, афсоналарни тинглайди. Ривоят ва афсоналардаги воқеаларнинг Гомернинг Иллиадасидаги, Инжилдаги воқеалар билан ўхшашлигини кашф этади. 1890 йилда Германияга қайтиб кетиб, Мюнхенда ўз тадқиқотларини давом эттиради. Ўн йил давомида европалик олимларнинг Туркистон ҳақидаги ёзиб қолдирган қўлёзмаларини ўрганади.

Изланишлари ҳосиласи ўлароқ 1900 йилда Фон Шварц қатъий хулосага келади ва «Туркистон ҳиндгерман халқларининг бешиги» («Turkestan, die Wiege der indogermanischen Volker») номли асарини Фрайбург шаҳрида чоп эттиради.

Мен ушбу китобни бир ватандошимизнинг қўлида кўргандим. Китобдаги суратларниям синчиклаб қараганман. Аммо, китоб эски герман тилида ёзилгани боис унинг мағзини чақолмаганмиз. Кейинчалик кимдир уни замонавий ўзбек тилига таржима қилаётганмиш деб эшитдим. Агар шу гап рост бўлса, Худо хоҳласа унинг маъносидан баҳраманд бўлармиз.

Шу нарсани таъкидлаш жоизки европа тилшунослари ҳиндевропа тил гуруҳини ташкил қилгандаям, ностратик назарияни ривожлантиргандаям маиший, маданий, қариндошлик, организм қисмлари каби сўзларни солиштирадилар. Улар европа халқлари келиб чиқишига сабаб бўлган герман қабилалари Остгот ва Вестготдаги Гот сўзи ҳақидаги масалани деярли кўтармайдилар. Ҳар ҳолда мен рус интернет маълумотларидан гот сўзи этимологияси ҳақида жўяли фикр тополмадим.

Улар айтаётган Гот, бизнинг тилимиздаги Ғот. Ғот эса Ўғуз – Ғуз, Ғутнинг ўзгарган шакли. Туркий тилда сўз охиридаги «Т» кўплик маъносини беради. Мисол учун Ғазни, Ғаззолий, ҒазАл(п)кент сўзларида Ўғуз Ғаз шаклида учраса, унинг бир шакли Ғотдир. Мисол учун биз айтаётган Қўнғирот сўзи аслида Қўнур Ғотдир. Бу ердаги Қўнур – ўтроқлашган жамоани билдиради. Эски варианти сақланган жойлар ҳам бор. Мисол учун қозоқлардаги БойҚўнур, туркманлардаги ГонурТепа, БойҚўнди (шакл ўзгариб Бойғунди бўлиб кетган). Яъни, қўнғиротлар ҳам шоҳ авлод –Ўғузларга киради. Қўнғирот сўзи русларда – Кондрат шаклида бор. Аммо, эски вариант немисларда ҳозир ҳам бор бу немислардаги KonG’at.

Умуман европа тилшунослигидаги ҳиндевропа тилларини қиёслаш орқали яратилган қиёсий грамматика ҳам, тилшуносликда тарихий таққослаш (ностратика) услубиям, улардан 800-900 йил олдин яратилган Маҳмуд Кошғарий бобомизнинг Девону-луғотит турк услубидан заифлигини кўрсатади. Чунки, Девону-луғотит туркда сўзларнинг келиб чиқиши, этимологияси асосий фактор ҳисобланиб, унинг бошқа тилларга кириб кетганлигига урғу берилади.

Камина ҳам ўз изланишларимда бобом М.Кошғарий услубидан фойдаланиб тарихий фактлар билан бир қаторда, тарихий сўзлар, уларнинг келиб чиқиши, олдин қандай шаклда бўлганлиги, кейинчалик шакллар ўзгариб кетганлиги орқали инсоният тарихини тиклашга уриниб кўраман.

Гапни Варвар сўзидан бошласак. Чунки, ўзларини маданиятли қавм ҳисобловчи қадимги юнонлар ва римликлар ўзларидан шарқ ҳамда шимолда яшовчи қўшнилари – кўчманчи герман қабилалари, кельтлар, скиф-сарматлар, фригияликлар, иллирияликлар, славянларни шундай атаганлар.

Россиянинг википедия сайтида бу сўзнинг келиб чиқиши ҳақида шундай дейилади: Варварлар (қадимги юнонча βάρβαρος, barbaros — «юнонлардан ўзга», «хорижий») — сўзларидан олинган.

Қозоқ тадқиқотчиси Б.Карашин русча «дурак» сўзининг этимологияси ҳақида мантиқий мулоҳаза юритади. Унинг айтишича русча Дурак сўзининг келиб чиқишига туркий Туроқ сўзи асос бўлган. Ўзлари кашф этган арава(АрЭва)ларда яшаб, подаси ўтлоқма-ўтлоқ боқиш учун кўчиб юриб, эркин ҳавода яшашга ўрганган кишилар, ўтроқ ҳаётга ўрганган қавмдошларини мазах оҳангида Турақ деб атаган. Вақт ўтиши билан бу сўз русчада Дурак сифатида муҳрланиб қолган.

Ўтроқ ҳаётга кўниккан туркийлар дала-даштларни кезиб юрувчи қариндошларини Кўчманчи деб атаган. Аслида КўчЭвчи (Кўчиб юрадиган уйдаги) сўзининг асл маъноси рус тилида яхши сақланган. Улар кўчманчи туркийларни КОЧ-ЭВник дейишган.

Ана энди кўчманчи туркий қабилалари қурғоқчилик келган йиллари ўтроқ яшовчи қариндошлари Туроқларга босқин уюштириб турганлар. Туроқлар шунда кўчманчиларга нисбатан йўқол, кет, жўна маъносини берувчи Бор!-Бор!, ҳозир ҳам турк, азарбойжон тилларида жарангловчи ВАР-ВАР сўзини ишлатганлар. Шундан кейин кўчманчи босқинчиларга нисбатан юнон ва рим солномаларида варвар сўзи сақланиб қолган.

Герман дегани Нурли кишилар маъносини беришини аввал айтганмиз. Бу сўз ҳозирги ўзбекчада Нурмон.

Европадаги герман ва славянларга тегишли Бавария, Байер, Богемия сўзларига тўхталишдан олдин. Латвиялик тилшунос олима Галина Шукенинг берган интервьюсига эътибор қаратсак.

Турк тилини ўрганиш баробарида Галина Шуке латиш тили қадимги турк тили асосида пайдо бўлганини кашф қилди. У ўзининг қарашларини «Латишлар турк бўлганми?» асарида баён этади.

Унинг фикрича турк тили бошқа тилларнинг пайдо бўлишига асос бўлган (А.Навоий билан бу олима сўзларининг уйқошлигига эътибор қаратинг) тилдир. Латишлар ҳам, руслар ҳам озгина туркмиз.

Мен Даугавпилсда, она томондан латишлар авлоди бўлсамда руслар орасида ўсганман. Ригалик-латишга турмушга чиққач латишлар муҳитига тушдим ва бу ҳолат мени латиш тили ва маданиятини ичкаридан ўрганишга етаклади. 80-йиллар ўрталарида русийзабон ўсмир ва ёши катта ригаликларни латиш тилига ўқита бошладим. Француз, инглиз тилларини билишим турк тилини ўрганишга қизиқтирди. Тилга қизиқишим бир неча йилларга чўзилиб, жиддий тадқиқотлар олиб боришимга зарурият туғдирди.

Фикримча: турклар бизнинг мамалакатимиз (Латвия-А.Ш.) ҳудудида жуда қадимда пайдо бўлганлар. Латвия ҳудудида топилган иккита мезеолит даврига оид маскан (эрамиздан аввалги 6000 йил аввал) туркийларники бўлган. Туркийлар бу ҳудудга Кичик Осиёдан келганлар. Мисол учун, шумерлар ўзларини кангарлар жеб атаганлар. Датвияда биз бундай номга дуч келамиз Kangarkalni — «кангарлар тоғи»…

Олима туркий ўзакдан келиб чиққан бир қанча латиш сўзларини келтиради. Уларнинг ичидан мени ҳайратга солгани Дзинтарс сўзи бўлди. Бизнинг ўсмирлигимизда Риганинг «Дзинтарс» номли фабрикасининг атир-упа жамланмаси бўларди ва биз ёшлар ундан фойдаланардик. Бу сўзнинг келиб чиқиши туркий ўзакка асосланаркан. Бу сўз «ёвуз куч – жин»га қарши турувчи қаҳрабога нисбатан айтиларкан. Энди бу сўз орқали қадимги туркий сўзимизни тикланишига эътибор беринг «Жин-Терс».

Анвар Шукуров

facebook.com