Гулнора Каримова Дубайда

Гулнора Каримова Дубайда
89 views
03 October 2018 - 13:37

Гулнора Каримова озод этилди ва хусусий самолëтда Дубайга келди

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Гулнора Каримованинг Ўзбекистон қамоғидан озод этилиб¸ Бирлашган Араб амирликларига етиб келганини Озодликка уни 2018 йилнинг 2 октябрь куни Дубайда шахсан кутиб олиш ва жойлаштириш жараëнида қатнашган аэропорт ва меҳмонхона ходимлари тасдиқлаган.

Озодликка Каримованинг Дубайга олиб келинишини бевосита ташкиллаштирган шахслардан бири юборган ҳужжатга кўра¸ VIP меҳмон сифатида қайд этилган Гулнора Каримова хусусий самолëтда 2 октябрь маҳаллий вақт билан соат 14 да Дубайга келиб қўнган ва шундан сўнг амирликдаги энг қиммат меҳмонхоналардан бирида ўрнашган.

Каримовани кутиб олувчи¸ унга хизмат кўрсатиш¸ хусусан¸ хавфсизлигини таъминлашга масъул хизматчиларга тарқатилган VIP меҳмонга оид маълумотномада¸ Каримованинг Ўзбекистоннинг 2016 йилда вафот этган президентининг тўнғич қизи экани ва Ўзбекистонда қатор ноҳукумат ташкилотлари асосчиси ва раҳбари экани айтилган ва унинг Монакодаги форум логоси фонида тушган сурати илова қилинган.

Озодликка Каримова ва унинг шахсий қўриқчилари жойлашган меҳмонхона¸ уларнинг айнан қайси хоналарда яшаëтганига оид аниқ маълумот бор¸ аммо хавфсизлик ва шахсий ҳаëт дахлсизлиги нуқтаи назаридан уларни эълон қилмаëтир.

Озодлик ихтиëридаги ҳужжатдан Каримовани олиб келиш учун Дубайдаги хусусий учқичнинг икки кун олдин учиб кетгани ва 2 октябрь куни уни олиб келгани кўрилади.

Ҳужжатдан Дубай меҳмонхонасининг энг юқори қаватидаги бешта de-luxe spa номери Каримова ва унга ҳамроҳлик қилаëтганлар томонидан икки ҳафтага олингани кўрилади.

Озодлик Гулнора Каримова жойлашган меҳмонхонанинг бир неча расмийси билан боғланди. Бир-биридан мустақил тарзда бу хизматчилар 2 октябрь кун мазкур меҳмонхонага Гулнора Каримова исмли меҳмоннинг жойлашгани ва ҳозирда ҳордиқ чиқараëтганини тасдиқлади.

“Гулнора Кaримова ҳозир билишимча пляжда¸ у билан боғлана оласизми-йўқми билмадим. Лекин кеча уни кутиб олганимизда Каримова хоним бизнинг хизматларимиздан мамнунлигини яширмади”¸ деди Каримова жойлашган меҳмонхона расмийларидан бири.

Каримованинг Дубайга келишини ташкиллаштиришда қатнашган маҳаллий хизматчининг Озодликка айтишича¸ Гулнора Каримова 2 октябрь куни Дубайга бевосита Ўзбекистондан учиб келмаган¸ айни пайтда у Ўзбекистон паспорти билан ҳам келмаган.

“Биз кутиб олган Каримова на Ўзбекистон ва на АҚШ паспорти билан келмади”¸ деган бу хизматчи¸ унинг айнан қаердан¸ қайси давлат паспорти билан учиб келганини очиқлашга ваколати йўқлигини айтиш орқали¸ жавоб беришни истамади.

3 октябрь куни Гулнора Каримова жойлашган хона билан боғланди.

Гўшакни кўтарган аëл “Гулнора¸ сизми?”¸ деган саволга “ҳа” деб жавоб берди ва ким телефон қилганини сўраб¸ дарҳол трубкани қўйиб қўйди.

Бу қисқа суҳбатдан кейин Каримова жойлашган хона билан боғланиш уринишлари натижасиз қолди.

1 октябрь куни Гулнора Каримованинг қизи Имон Instagram саҳифасида “Онам уйда” деган ëзув қолдирди¸ аммо айнан қайси давлат ва қайси шаҳардаги “уйи”да эканини очиқламади.

Озодликка август ойида маълумот юборган Ўзбекистон ҳуқуқ тизими мулозими Каримованинг Содиқ Азимов кўчасидаги уйига чиқарилгани ва бу ерда махсус қўриқланаëтганини билдирган эди.

2 октябрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодликнинг Гулнора Каримова ҳозир қаерда¸ деган саволига “Гулнора Каримова қонун билан белгиланган тартибда жазо ўташни давом этмоқда”¸ дея жавоб берди¸ аммо айнан қаерда¸ қандай жазони ўтаëтганига аниқлик киритмади.

2017 йил 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси Бош прокуратура расмий сайтида “Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар” эълон қилган эди.

2-3 октябрь кунлари Бош прокуратура расмий сайтидан топилмаган бу ҳужжатда¸ Гулнора Каримовага Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани айтилган эди.

Айни баëнотда¸ “Каримовага нисбатан уюшган жиноий гуруҳга жиноятларни содир этишга кўмаклашиш ҳолатлари бўйича алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилаëтгани ва унга нисбатан Жиноят кодексининг олтита моддаси бўйича айблов эълон қилиниб¸ қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани” ҳам айтилган эди.

Каримова Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан триллионлаб сўм даромадни солиқдан яширганлик¸ ўзгаларнинг триллионлаб сўмлик мулкини товламачилик йўли билан тортиб олиш ва қарийб 2 миллиард АҚШ долларини хорижда бекитиш каби жиноятларда айланаëтган эди.

Ҳозирча Озодлик ихтиëрида Каримовага нисбатан жиноят ишининг ëпилган-ëпилмагани ҳақида маълумот йўқ.

ЎХҲ ахборот бўлими