Сиз бу қилмишингиз билан келажагимизга болта уряпсиз!

Сиз бу қилмишингиз билан келажагимизга болта уряпсиз!
26 views
04 October 2018 - 9:00

Мен бугун интернетга кириб охирги қолган мегабайтимни ишлатиш учун телекўрсатувлардан биридан ёзиб олинган видеони томоша қилдим ва .. таъбим хира бўлгани қолди. Бир шоира опамиз, ҳа-ҳа, ёшлари катта, қошлари қалин шоира опа интернетни аждарга қиёслаб узундан узоқ шеър ўқидилар. Шеърни марҳамат сиз ҳам ўқишингиз мумкин:

Интернет деган аждар
Симидан томар заҳар..

Бўлди. Изоҳга ўрин йўқ. Биз буюк ўзбек миллати йигирма биринчи асрда интернетни, ҳа, тараққиётнинг буюк мўъжизасини ёмонлаб аждарга қиёслаб ўтирибмиз. Ва буни миллатнинг пешқадам зиёлиларидан бири, шоира опамиз айтяптилар. Наҳотки бу эл таниган шоира опа китобни мақташ учун интернетни ёмонлаш шарт эмаслигини англаб етмади. Китоб яхши деймиз. Ваҳоланки, инсонни бузадиган, руҳиятини қашшоқлаштирадиган китоблар тиқилиб ётибдику. Наҳотки шоира опамиз интернет бир восита эканлигини, унинг ёрдамида яхшиликни ҳам ёмонликни ҳам амалга ошириш мумкинлигини билмайди.

Ахир интернет ёрдамида минглаб км узоқликдаги одамлар билан яқинлашасиз. Ҳамфикрлар топасиз. шундай яқинлашасизки, керак бўлса пулини, донор сифатида қонини аямайдиган дўстлар орттирасиз.

Интернет ёрдамида қўшни шаҳарлар, давлатлар билан савдо алоқалари ривожланади. Халқ бойийди. Ишлаб чиқарувчининг маҳсулоти истеъмолчига тўғридан тўғри етиб боради. Бу ахир савдо соҳасида инқилоб эмасми?

Интернет халқ ва ҳокимиятни ўзаро яқинлаштиради. Юқоридаги раҳбарларимиз бугун чекка бир қишлоқдаги бир оддий кишининг турмуш тарзини ҳам интернет ёрдамида керак бўлса фото ва видеолари билан назорат қилмоқдалар ва керак бўлса ёрдам бермоқдалар.

Интернет таълим бериш ва олиш жараёнини ҳам тасаввур этиб бўлмас даражада осонлаштириб ташлади. Онлайн мактаблар, таълим даргоҳлари, коворкинг марказлари, масофадан ўқитиш имкониятлари .. эҳҳе санаб саноғига етиб бўлмайди. Хоразмнинг чекка бир қишлоғида яшовчи деҳқоннинг боласи Сорбоннада ўқиш учун онлайн грант ютиб олса нима дейсиз?

Менинг ўзим шу йили январда телекўрсатувда бир ўткир хотирали вундеркинд болага қилинган адолатсизликни кўриб чидаб туролмадим ва шартта интернетга блогпост ёздим. Блогпостимни Ўзбекистонда минглаб кишилар ўқиди ва Навоийлик бу истеъдодли ўқувчига ёрдам беришга ошиқди. Ўнлаб кўнгиллилар унинг уйига совға салом жўнатганини, унинг кўнглиги кўтарганини кўриб кўзимга ёш келди. Бу ахир интернетнинг шарофатидан эмасми?

Бундан юз йиллар муқаддам фикри маҳдуд аждодларимиз “масжидни электр чироғи билан ёритиб бўлмайди”, “Қуръонни тошбосмада босиш мумкин эмас”, “Зингерда тикилган мато жойнамозликка ярамайди”, “Шайтонарава (велосипед” минган одамдан яхшилик чиқмайди” деган бўш гаплар билан тараққиётга тўсиқ бўлишга интилардилар. Мен шундай инсонларни яна кўраётганимдан афсусдаман, эйй.

Шоира опа, сиз элнинг пешвосисиз, аммо наҳотки буларни билмайсиз. Менинг ишонгим келмаяпти. Фарзандларингиз, невараларингиз интернетдан наҳотки фойдаланишмайди.

Асрнинг буюк кашфиёти, миллионлаб кашфиётларга бешик бўлаётган ва бўладиган интернетни йигирма биринчи асрда ҳам ўзбек миллатининг зиёлиси “заҳарли аждар”га қиёслаб турганда ва бу кўрсатув Ўзбекистонлик миллионлаб томошабинларга уялмасдан ҳавола қилинганда, кечирасизлару “Дўстлар! Бу нима қилганингиз! Сиз бу қилмишингиз билан келажагимизга болта уряпсиз!” деб ҳайқиргим келди. Нафасимни шамол учирсинеейй

Исроил Тиллабоев

facebook.com