Ислоҳотларга ишонгим келади, лекин…

Ислоҳотларга ишонгим келади, лекин…
59 views
04 October 2018 - 10:33

Президент Мирзиёев иқтидорга келгач барча йўналишларда ислоҳотлар бошланганини рад қилиб бўлмайди. Айниқса, суд-ҳуқуқ тизимида. Айнан президентнинг ташаббуси билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида коррупцияга кескин зарба бериш амалиётини айтиб ўтиш зарур. Кимсан Бош прокурорнинг қамоққа олиниши, унинг Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги думлари, булар ҳазилакам гапмас.

Бир адвокат танишимнинг тавсияси билан шу кунларда Улуғбек Хўжаев исмли йигит билан гаплашишимга тўғри келди. Маълум бўлишича, бу йигит машҳур “СОСА-СОLA” ширкатида дистрибютер бўлиб ишлаган Отабек Алиевнинг бизнес ҳамкори деймизми, қўл остидаги хизматчисими, ишқилиб, унча-мунча одамнинг қўлини сиқиб кўришадиган йигитлардан.

Билмаганлар учун танитиш лозимдир, Отабек Алиев ёш бўлишига қарамай ўз вақтида катта-катта корчалонларнинг эътиборига тушган, дарвозасидан изнсиз пашша ҳам учиб киролмайдаган “СОСА-СОLA”нинг етакчиларидан бири бўлган. Одамлар орасида бу йигитнинг Гулнора Каримова-ю, Тошкентнинг ҳозир қамоқдаги прокурори Мирағлам Мирзаев билан алоқалари хусусида гаплар юради. Гап ўз номи билан гап, муддаога ўтай.

Ўзининг айтишича, Улуғбекни ана шу “машҳур тадбиркор” Отабек Алиев ўзининг “Garbide Impex” фирмасига иш бошқарувчи этиб тайинлаган. Йигит ишлаб юраверган, гап-сўзларидан маълумки, у ўзи ўтирган айсбергнинг учини кўрган холос. Ўзига хос содда ва самимий бу йигитда президент Мирзиёев прокурор Мирзаевларни супуриб ташлагач, кўрган-билганларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига айтиб беришга журъат пайдо бўлибди.

Хуллас, Улуғбекни 2014 йилнинг майида Отабек Алиев Дубайга чақириб, номига яна 2 та фирма очишни таклиф қилибди. “Ҳамма ишлар қонуний, рўйхатдан ўтиб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланасиз”, дебди. Ҳар ҳолда, Отабек Алиев писта билан қурт сотадиган ёки Ипподромга газлама тарқатадиган дўкон очмайди, гап Россия ва Хитойдан металл импорт қилувчи ширкат ҳақида бормоқда.

Улуғбек “бошлиқ” бўлган “RED LINE” фирмаси 1,5 АҚШ долларлик, “Ventus Allans” фирмаси эса Россия ва Хитойдан 500 минг долларлик металл сотибди. Отабек Алиев пухтагина, бундай ёғлигина “сделка”ларни тажрибасиз бошлиққа ишонмайди, ўз одами Ботир Қурбонов амалга оширади. Шу орада моянасини йиғиб юрган Улуғбек ҳам акаларидан қолишмаслик учун Спарк машинаси, кейинроқ эса қимматроғига алмаштирибди.

Куни келиб, 2015 йилда Улуғбекни прокуратурага чақиришади. Отабек Алиев эса танишлари орқали пул 30 000 АҚШ доллари миқдорида унга пул бериб, Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Мирағлам Мирзаевнинг одами Баҳромга олиб бориб беришини айтади. У Тошкентдаги ТАТА меҳмонхонаси олдида пулни прокурорнинг одамларига беради ва прокурорнинг овози ўчади.

Ўзича бизнеснинг қоидаси шунақа экан, деб тушунган Улуғбек 2014-16 йиллар давомида Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Мирағлам Мирзаевнинг одамларига 35 000, 50 000, 70 000 АҚШ долларилик, жами 500 минг АҚШ долларига тенг тилла буюм, соатлар олиб бориб берибди. Ҳозир Дубайда қочувда бўлган тадбиркор Алиев ва прокурор Мирзаев ўртасида куръерлик қилган.

Вақти келиб, шубҳали бизнес корчалонлари бу содда йигитдан қутулиш пайига тушади, уни дўппослашади. Тошкент шаҳар мелисасининг коррупция ва терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари томонидан “тарбиявий соатлар”га жалб этилади. Машинаси тортиб олинади, ўзини уйдан чиқолмайдиган қилиб қўйишади.

Мен билан учрашгунга қадар Улуғбек барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига шикоятлар ёзган, катта-катта жиноятлар борасида хабар берган, уларни очишда фаол кўмак беришини айтиб, мурожаатлар қилган экан. Йигитда ҳамма аудиоёзувлар, исботлар бор, лекин уни тинглашмаяпти.

Ахир, гап минг-минглаб доллар пора, қора бизнес ва рэкет ҳақида бораётганида наҳотки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жим туришса? Президент кунда кунора ТВда чиқиш қилиб, жиноятчиликка қарши кескин чоралар кўришга чақирса-ю, Бош прокурор, Ички ишлар вазири индамай ўтираверса?

Шу иш ҳақида ўйлаб ўтирганимда бир акамиз қўнғироқ қилиб қолди. Иш ҳақида гапирдим. У киши: “Улуғбекдан ҳам содда экансиз, ҳозир постда ўтирганларнинг бири Мирағламнинг ошини еган, бирови қариндош, яна бири ҳамкасб, иш нега очилиши керак? Мирағлам қутулиб чиқса, Отабек Алиев Дубайдан шаҳзода бўлиб қайтса, уларнинг кўзига қандай қарайди? Бу гапни қачонки, президент эшитса, масалада силжиш бўлиши мумкин” деб қолди.

Менинг юртимиздаги оламшумул ислоҳотлар ҳақидаги некбин ўйларим ўрнини дарров тушкунлик эгаллади. Содда ўйларканман, кимдир жиноятчилик ҳақида гапираман, қўлимда далилларим бор, деса, оёғини ерга теккизмай олиб кетишади, деб юрарканман.

Нима қиларимни билмай компьютерга ўтирдим. Сиз нима дейсиз?

Абдураҳмон Ташанов,
“Эзгулик” жамияти фаоли, журналист

facebook.com