Меҳмондир

Меҳмондир
38 views
14 October 2018 - 6:00

 

МАХДУМҚУЛИ

     

МЕҲМОНДИР

Узоқлардан нозикбелни кўрган кўз,
Ҳар нени кўрарсан, кўзга меҳмондир.
Келган ош деб келмас, буриштирма юз,
Нонга муҳтож эмас, сўзга меҳмондир.

Оғирдир ҳангомлар, узоқдир йўллар,
Сўраса йигитлар, сўзлашса тиллар,
Баҳорда очилган ранг-баранг гуллар,
Бир фасл очилар – ёзга меҳмондир.

Не азим ҳунарлар, не сирли ишлар,
Не ҳаволи боғлар, баланд оғочлар,
Олтмиш алвон, етмиш турли емишлар,
Оғочдан айрилар, кузга меҳмондир.

Йигитнинг бўлмаса яроғи-оти,
Шуни яхши билинг, бўлмас ғайрати,
Бора-бора кетар белнинг қуввати,
Йигитликнинг зўри тизга меҳмондир.

Бу дунё, гўёки гулим-гулимдир,
Жафоси кўп бўлар, жабру зулмдир,
Ҳар неча яшасанг, охир ўлимдир,
Азиз жонлар танда бизга меҳмондир.

Ҳақни ёдга солсанг – Ҳақдан қўрқувдан,
Малъун шайтон айиради, эркингдан,
Қизу жувон ҳаволанма кўркингдан,
Қарийверсанг, кўркинг юзга меҳмондир.

Маҳдумқули, минг ҳадик бор сўзимда,
Ўлим ёдимдадир, қўрқув кўзимда,
Ҳар неча яшаса ернинг юзинда,
Одам ўғли беш кун тузга меҳмондир.

*****

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди