Қолмаслар

Қолмаслар
84 views
17 October 2018 - 6:00

 

МАХДУМҚУЛИ

     

ҚОЛМАСЛАР

Ғам чекма, ғариб одам,
Беклар, шоҳлар қолмаслар.
Пурвиқор ул шаҳарлар,
Оқ ўтовлар қолмаслар.

Қолса сўздан қизил тил,
Жон жавҳардир, тан бир кул,
Минг бир муқомли булбул,
Сўлим боғлар қолмаслар.

Шуни англади, ақлим,
Йиқилар етти иқлим,
Ер бўлар, тилим-тилим,
Эрир, тоғлар қолмаслар.

Ҳақдан етишса фармон,
На чора бор, на дармон,
Осмон – қуёш, ой ларзон,
Чўғ юлдузлар қолмаслар.

На ер қолар, на юртлар,
На турк қолар, на курдлар,
На қуш қолар, на қурдлар (бўри),
Парандалар қолмаслар.

На гард қолар, на гардон,
На мард қолар, на мардон,
Фил, пашшаю каркидон,
Даррандалар қолмаслар.

Маҳдумқули, ёш сурган,
Оғир ҳангомлар қурган,
Аждарҳодек дам урган,
Сой, дарёлар қолмаслар.

*****

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди