Бойсун тоғларида қор ёғди! Лекин… газдан дарак йўқ!

Бойсун тоғларида қор ёғди! Лекин… газдан дарак йўқ!
44 views
15 October 2018 - 8:00

Бир вақтлар Ўзбекистон Ҳалқ артисти Шерали Жўраев, ўзбек шоири, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” номли шеърига, “ўзгартириш” киритиб, “Уралга газини сотиб, ўзи тезак ёққан ўзбегим” деб қўшиқ айтган эди. Энди бу “ўтган замон”нинг гапи эди… Бугунчи!  Ўзбекистон газини, Россия, Хитой, қўшни республикалар ва Афғонистон Ислом Республикаларига сотмоқда… Ўзбек ҳалқи-чи?!

Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани тоғли, адир-қирлар ва чўлли биёобон ҳамда текислик ва даллардан иборатдир. Унинг ҳуддининг катталиги эса, Андижон вилоятидан икки маротоба катта… Бойсун аҳолисининг сони эса, 100 мингдан ошиб кетди. Аҳоли йилдан-йил ўсмоқда. Бироқ… Аҳоли ўсиши билан муаммолар ҳам, пайдо бўлмоқда… Шу йилнинг 8-10 октябрь кунлари Бойсун тоғларида қор тушди. Қорнинг қалин ёққанлиги туфайли,  бойсунликлар, Тўда қишлоғидан кўмирни шаҳарга олиб келиш муаммосига учрадилар. Тўда қишлоғининг кўмир конига ким боради?” деса, “Агар ўлгинг, келаётган бўлса, ўзинг боравер!”деб аҳоли бир-бири билан гап устида талашиб қолишади…

1995 йили “Бойсун кўмир конни” ёпилган эди. Унинг ўз фаолиятини тўхтатишига  асосий сабаб эса,  кўмир конида авария содир бўлгани эди. Шу кўмир конида юз берган воқеа туфайли, 10 кишининг ҳаётига нуқта қўйилган эди. Шундан сўнг, Тўда қишлоғига кўмирга ҳеч кимса бормайдиган бўлиб  қолди.  Қишлоқда яшаётган аҳолининг айрим фуқаролари, ўз ўлимини бўйнига олиб, тирикчилик қилиш ниятида, кўмир конга бориб, кўмир қазиб уни эшакка юклаб, Бойсун шаҳрининг аҳолисига  сотади. Ҳар бир қопини 50-60 минг сўмдан пуллашади….

Ана шу томонларини инобатга олган ҳукуматимиз 1994 йили Бойсун туманига газ келтириш вазифасини амалга ошириш чораларини кўрди. Ниҳоят, Бойсун туманига газ 1997 йилнинг баҳорида кириб келди. Бу оламшумул “воқеа”дан сўнг, аҳоли, “энди кўмир ва тезак ёқмаймиз, ота-боболаримиз ясаб келган печлардан ҳам бир йўла қутуламиз…”деб бойсунликлар уйлари мўрисидан чиқадиган сассиқ дудлардан қутулиш мақсадида бутун, печларини кўчага чиқариб улоқтиришди. Бойсунлик мисгар усталарга ҳам, иш қолмади. Ҳеч кимса, “печ ва карнай ясаб бергин” деб усталарга мурожаат ҳам қилмай қўйди. Устахоналар ёпилди… Бироқ…

Кўпни кўрган, ёши катта инсонлар эса, ота-бобосидан қолиб кетган, печни бағридан кечмади. “Бир кун эмас, бир кун албатта ас қотади” деб уни авайлаб асраб келишди. Бойсунга келган газдан қувониб кетган, аҳолининг қувончи арранг 10 йилга бориб етди.

Қаран-ки, шаҳарга келган газ турбалари  ичида газ йўқлигидан чўккайиб, осилиб қолган. Газ қувурлари эса, шаҳар кўркига-кўрк қўшиб келмоқда. Чеккадан келган меҳмон эса, “Ҳа, қаранг-га! Тоғли Бойсунга ҳам, газ келган экан-ааа!”деб ҳайрон бўлиб  қолади…

Бойсунликлар “яна шу ота-бобомизнинг кўмир ва тезак печидан қолмайин. Сенинг газингга ишонсам совуқдан ўлиб кетаман-ээ!”деб пуф-пуфлаб печ ёқишмоқда. Бойсунлик мисгарлар яна эски, темир теша-болғасини ишга солиб, печка ишлаб чиқаришни йўлга қўйишди…

Бойсунда ёзнинг жазирама иссиғида сув муаммога айланади. Қишнинг қуров совуғида эса, газ муаммоси пайдо бўлади. Йилнинг ҳар бир кунида эса электр чироғи ўчади. Бечора бойсунликлар ёз фаслида бирон жойга бориб тамоша қилиш ўрнида, ёзда қишнинг ғамини ейди. Қишда эса, ёз учун тайёргарлик кўради. Тезак ва кўмир ғамлайди. Ҳудди-ки, бойсунликлар чумоли жониворига ўхшаб кетади…

Бойсун тоғларида қор ёғди! Лекин… ҳамон газдан дарак йўқ! “Тоғга кўмирга ким боради? Бирон танасида жони бор инсон бор-ми?!”деб аҳоли ичидан инсон зотини излашади. Аммо… Ҳаммаси Россия, Корея, Қозоғистонга ишга кетган. Аёллар, ёш болалар ва қарилар нима иш ҳам қилаолар эди…

Фахриддин Тиллаев