Президент тақиқига қарамай, ўқитувчилар пахтага чиқариляпти

Президент тақиқига қарамай, ўқитувчилар пахтага чиқариляпти
82 views
16 October 2018 - 9:42

Сурхондарё ва Жиззахда ўқитувчилар ва халқ таълими ходимлари пахта йиғим-теримига жалб қилинди. Андижон ва Навоийда пахта терими ишларига жалб этилгани ҳақидаги маълумотлар текширилмоқда, деб хабар берди Халқ таълими вазирлигининг ахборот хизмати.

15 октябрда ХТВ томонидан тарқатилган баёнотда Ўзбекистон президенти ва ҳукумати томонидан тақиқланганига қарамай, айрим вилоятларда ўқитувчилар ва халқ таълими ходимларини пахта йиғим-терими ҳамда турли мажлисларга жалб қилиш ҳолатлари қайд этилган.

“Сурхондарё вилоятининг айрим туманларида ҳокимликлар ва прокуратура раҳбарлари вилоят халқ таълими бошқармаси вакилларидан пахта йиғим-теримига ўқитувчиларни жалб қилишни талаб қилмоқдалар”, дейилади баёнотда.

Вазирлик аралашувидан сўнг пахта йиғими учун ташкил этилган штаб-квартирада таълим ходимларини мажлисларга жалб қилиш тўхтатилди. Бундан ташқари, пахта теримига жалб қилинган ўқитувчилар уйига жўнатилди. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Музработ туманидан 450 нафар, Жиззах вилоятидан 39 нафар ўқитувчилар ўз уйларига қайтишди.

Вазирлик, шунингдек, Андижон ва Навоий вилоятларида ўқитувчиларнинг йиғим-терим ишларига жалб этилгани ҳақидаги маълумотни текширмоқда. “Ўрганиш натижалари белгиланган тартибда чора кўриш учун Бош прокуратурага тақдим этилади”, дейилган баёнотда.

ХТВнинг таъкидлашича, вилоят халқ таълими бошқармаларининг айрим раҳбарлари ҳали ҳам эскича фикрлаб, маҳаллий раҳбарларнинг оғзаки кўрсатмаларига буйсунишмоқда.

Пахта йиғимидан ташқари, вилоят халқ таълими бошқармалари ходимлари ва мактаб директорларини ҳокимликларда ўтаётган турли йиғилишларга жалб қилиш ҳолатлари учраб турибди. Масалан, Қашқадарё вилоятидаги Қамаши тумани ҳокими ҳар душанба куни соат 06:30 да 89 та мактаб раҳбарларини селектор йиғилишига чақирар экан.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 июль куни ўтказилган умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ўқитувчиларнинг турли назорат органлари томонидан текширувини чеклаш, ободонлаштириш ишларига ўқитувчиларни жалб қилиш, турли йиғилишларда иштирок этиш, обуна компанияси ва ўзларининг ваколатлари доирасида бўлмаган бошқа ишларга жалб қилиш тақиқланган эди.

Ҳаттоки ўқитувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ҳуқуқий хизматни ташкил этиш вазифаси қўйилган.

Вазирлик ўқитувчилар ва халқ таълими муассасалари ходимларини қонуний ҳуқуқлари бузилган тақдирда, “Устоз овози” виртуал инспекторига ёки телеграмм боти (https://t.me/Ustoz_Ovozi_bot)га мурожаат қилишга чақирган.

Манба: turon24.uz