Ҳуқуқий жамият ҳақида оддий ва оламшумул ҳақиқатлар

Ҳуқуқий жамият ҳақида оддий ва оламшумул ҳақиқатлар
73 views
17 October 2018 - 9:00

Ичи бўшаб қолган сўзлар

Келинг, сизни синаймиз, муҳтарам ўқувчи! Қалбингизга қулоқ тутиб, бир саволга жавоб беринг: «ҳуқуқ» сўзини эшитганда нимани ҳис қиласиз?

Деярли ҳеч нарсани, шундай эмасми? «Ҳуқуқ», «ҳуқуқ ҳимояси», «ҳуқуқий жамият» – бу сўзларни эсимизни таниганимиздан буён ҳар қадамда, бот-бот эшитавериб, улар биз учун ҳеч нарсани билдирмай қўйган. Нега?

Негаки айрим сўзлар уларнинг замирида ётган асл маънодан айри ҳолда – мазмуни назарда тутилмасдан маълум муддат такрорланса ўз маъносидан ажраб қолади. Кўрибсизки, сўз бор-у, аммо уни тўлдирадиган маъно йўқ – кишиларнинг на онгида бор у, на эътиборида.

Сўзларни маъносидан ажратиб, сўнгра бу бўм-бўш, пўкак, сўздан фақат товуши қолган бундай «сўз»ларни такрорлаш, ҳар тарафдан янгратиш, турли ҳолга солиб ўйнатиш, бу – омманинг хаёлини паришон қилиш, ақлини фалаж қилиш, ҳушини кетказиш воситаси.

Бундан турли тузум ва тоифалар оммани манқурт ҳолатида сақлаб туриш учун доим фойдаланиб келишган ва бунга турфа ташвиқот воситалари, турли номлар билан аталувчи «маърифат, маънавият ходимлари» хизмат қилган. Аммо бу – бошқа мавзу.

Ҳуқуқ нима?

Бир ҳақиқатни билишимиз керак: баъзи сўзларнинг маъноси ер-у осмон – Коинот кенглигича бўлади. «Ҳақ», «ҳуқуқ» сўзлари – айнан шундай сўзлар.

«У, осмонлар-у ерни ҳақ ила яратган Зотдир» (Анъом сураси, 73-ояти)

Оятда «ҳақ» сўзи борлиқ билан ғайбий боғланяпти, биз тор маънода қабул қилишга, ўзаро алоқаларимизгагина татбиқ қилишга одатланган тушунча аслида чексиз Коинот кенгликларига трансцендент алоқаси борлиги билдириляпти.

Инчунун, ҳақ ёки ноҳақ бўлганимизда, адолат ёки адолатсизлик қилганимизда қилмишимиз тор эмас, балки улкан – осмонча аҳамиятли эканини ёдимизда тутмоқ лозим.

Аллоҳ таоло дунёни ҳақ ила яратди ва инсонлар жамиятини истисно қилмади – инсонлар ўртасида ҳақ-ҳуқуқларни жорий қилди. Коинотни тутиб турган, унинг бузилишига йўл бермайдиган  низомга монанд равишда инсонлар жамиятини саломат тутувчи низомни – ҳақ-ҳуқуқ меъёрларини жорий қилди.

Пировардида жамият ҳаётининг изидан чиқишига, дардларга мубтало бўлишига ҳақ-ҳуқуқларга риоя этмаслик омил қилинди. Инчунун, ҳақ-ҳуқуқ масаласига енгил қараш, уни исталганча тасарруф этиш, истаганда бузиш одати инсоният бошига келган барча кўнгилсизликларга сабаб бўлди ва бўлиб келмоқда, дейишга асос бор.

Бир инсон бошқасидан ҳаққини тортиб (ёки билдирмасдан) олса-ю, қайтариб бермаса, нима бўлади? Ҳақсизлик билан тўлган воқелигимизда биз «ҳеч нима бўлмайди» деган гапни тилимизга чиқармасак-да, аммо бундай туйғу ичимиздан ўтадиган бўлди. Аслида-чи?

Аслида ҳақлар поймол бўлганда оламшумул мудҳиш манзара ҳосил бўлади.

«Нимаси мудҳиш? Ҳақлар поймол бўлаяпти, аммо Қуёш аввалгидек чарақлаб турибди, Ер ўз ўқи атрофида айланяпти» – дер балки кимдир. Мудҳиш манзара аввало кўзга кўринмайдиган латиф – маънавий дунёда юзага келади, зеро ҳақ-ҳуқуқ поймол бўлиши – маънавий низомнинг бузилишидир. Ва кейинчалик, натижа ўлароқ, моддий дунёга асорат келтиради: инсонлар ўртасидаги муносабатларнинг, ижтимоий, иқтисодий алоқаларнинг, давлат-халқ, инсон-табиат муносабатларининг бузилиши келиб чиқади.

Ноҳақ ейилган ўзганинг ҳақи моддий дунёда-ку гўё билинмай, асоратсиз ейилиб кетилади. Аммо маънавий дунёда у ҳақсизлик қилганнинг эгнида туради, ноҳақ тортиб олинган ҳақ ва ҳуқуқлар мажозий-мавҳум нарсалар эмас, балки моддий нарсалардан минг марта ҳақиқийроқ, дейди илоҳий таълимот.

«Саҳобаларнинг бирига яҳудийларга шартнома асосида берилган боғдан келишилган улушни олиб келиш буюрилади. Саҳоба у ерга борганида яҳудийлар мазкур улушни камайтириш илинжида унга таклифлар қила бошлашади, «адолат қил» деб зорланишади. Шунда саҳоба Аллоҳ номи билан қасам ичиб, мазкур маънони айтади: «сизларни жуда ёмон кўраман, Пайғамбар алайҳиссаломни жуда яхши кўраман, аммо у кишининг фойдасига сизларнинг ҳақингизга заррача хиёнат қилмайман!». Шунда муқаддас китобдан билимлари бўлган яҳудийлар лол қолиб, шундай дейишади: «Қасамки, ер-у осмонни тутиб турган нарса шу ўзи!»

Кўринмас жиноят            

Бу биргина мисолдан кўриб турибмизки, биз гувоҳи бўлиб турганимиз воқеликнинг энг мудҳиш жиҳати –  улкан маъноларни қатл этиб, улар маъносиз сўзларга айлантирилиши, асос тушунчалар, устунларнинг калака бўлиб қолгани. Бунда «ҳақ» ва «ҳуқуқ» тушунчаларининг асл маъносига ҳамла этилгани, илдизи қуритилгани – катта жиноят. Зеро дунё ҳақ ила яратилган экан, унинг маънавий гултожи бўлмиш инсонлар жамияти ҳақ-ҳуқуқларга онгли равишда, маъносини англаган ҳолда риоя этмоғи лозим, калака қилишлари эмас.

Ҳақ-ҳуқуқлар собит бўлмаган жамиятнинг мажозий мислини кўз олдингизга келтириш учун низоми изидан чиққан Қуёш тизимини тасаввур этишингиз мумкин: энг яхши соатлардан яхшироқ «ишлайдиган» сайёралар ва Қуёш мутаносиблигининг изидан чиқишини тасаввур қилинг… Бу манзарага тикилиброқ қарасангиз жамиятимизни кўрасиз…

Ҳақларни билиш ва уларга риоя этиш киши  жамият ҳаётига мазмун бағишлайди, ҳақларни унутиш эса инсон ва жамиятни йўналишини йўқотиб қўйган, нима қилаётганини билмай муаллақ қолган кишилар тўдасига айлантиради. Яратганнинг ҳақларини билиш, ота-онанинг ҳақларини билиш, қўшничилик, жамият, жонли ва жонсиз дунёнинг ҳақларини – ҳамма-ҳаммасини билиб, риоя этиш инсонга атроф дунё ва ўзи билан уйғунликда бўлишни келтиради ва бу уйғунлик ҳақ ила яратилган борлиқни ҳам ўз ичига олади.

Хотиржам жамият

Ҳақ-ҳуқуқлар қатъий қарор топгандагина ҳар бир жамият аъзосининг ички, деярли ҳар бир инсонда мавжуд бўлган яратувчанликка интилиш иқтидори – захираси ташқарига чиқади. Зеро ҳақ-ҳуқуқлар эъзозда бўлган жамиятда яшаш унинг аъзоларига ижобий хотиржамликни келтиради ва яратувчанликка ундайди. Ўзига нисбатан ҳақлар адо қилинаётганини ва ўзи ҳам атроф оламнинг ҳаққини адо қилаётганини ҳис этиш дунё билан уйғунликка эришиш манбаси ва биз унутиб қўйган муваффақият алгоритмидир. Биз бу ачинарли ҳолатга ҳақ-ҳуқуқлар масаласига беписандлик оқибатида етиб келган эканмиз, энди ҳолатимиз тузалиши учун тегишли хулосаларни чиқаришимиз, ҳар бир нарсанинг ҳаққини адо этиш илмини жамият ўлароқ қайта тадқиқ этишимиз лозим бўлаяпти.

Ҳали жон сақлаб турган умид        

«Ҳақ-ҳуқуқлар» тушунчаси мисолида биз улкан ҳақиқатларни ўзида мужассам этган сўзларнинг жонсиз, ўлик сўзларга айланиб қолганининг гувоҳи бўлдик ва бунинг нақадар оғир оқибатларга сабаб бўлаётганини бироз тафаккур ва тасаввур этдик. Ўлик сўзларга қурилган «маънавият» нақадар бемаъни – абсурд нарса эканини, биз ўлдирган сўзлар аслида нақадар мазмундор эканини жиндек англашга уриндик. Айнан ҳақ сўзни айтмаслик, ҳақ маънолардан юз ўгириш натижасида мазкур, биз кўриб турган воқеликка келиб қолганимизни англашга ҳаракат қилдик.

Янги даврда юқори минбарлардан ҳақиқат ҳимояси ва ёлғонлар танқиди янграгани мазкур воқелигимиз учун оламшумул янгилик бўлди, воқеликка қийшиқ кўзгу орқали қарашдан воз кечиш жараёни бошланишига ва ўлдирилган тушунчаларга қайта жон берилишига умид пайдо бўлди.

Энди бу йўлдан тўхтаб, ортга қараб кетмаслик, балки олға ҳаракат қилиш лозим бўлади.

Шокир Шарипов

Манба: kun.uz