Москвада Ислом Каримов ҳайкалини тунда, яширинча ўрнатиб кетишган

Москвада Ислом Каримов ҳайкалини тунда, яширинча ўрнатиб кетишган
50 views
17 October 2018 - 8:15

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, ўн бешинчи октябрдан ўн олтинчисига ўтар кечаси Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси яқинидаги хиёбонга Ислом Каримовнинг ҳайкали ўрнатиб кетилган.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Каримовнинг ҳайкали Москванинг Якиманка тумани ҳудудида жойлаштирилган.

Бу туман раҳбари Андрей Морев Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилишини қонунга хилоф деб ҳисоблашини айтган.

“Якиманканинг кўплаб аҳолиси қаршилигига қарамай, ҳайкални ўрнатишди. Ва энди ноаниқ етакчи Ислом Каримов биз билан сизга қараб туради. Ишни тунда қилишди, қўрқоқларча. Агар ҳеч нимадан қўрқишмаганида, москваликлардан бекинмаганларида, ўрнатилиш кундузи бажарилган бўларди”, деб ёзди туман раҳбари Facebook даги саҳифасида.

Ўзбекистоннинг собиқ президенти хотирасига Россия пойтахтида ёдгорлик ўрнатилиши маҳаллий аҳоли орасида у қадар хуш қаршиланмаган.

Бу ташаббусдан кескин норози бўлганлар ҳам йўқ эмас.

Сиёсатчилар ташаббуси билан Владимир Путин номига 7 ярим мингдан ортиқ киши имзолаган норозилик петицияси йўлланди, бу масала референдумга қўйилиши талаб қилиниб, кичик норозилик намойишлари ўтказилди.

2 йил давомида ўрнатилиши пайсалга солиниб турган мазкур ҳайкал 1 кунда шошилинч равишда тунда ўрнатилди ва хиёбонни тозалаб, очилиш маросимига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.

Бу ҳаракатлар Владимир Путиннинг Ўзбекистонга сафари олдидан амалга оширилмоқда.

Марҳум президентнинг Москвадаги ҳайкали атрофи полиция ва ОМОНчилар томонидан қўриқланмоқда.

Майдон ёнида полиция автобуси жойлашган, атрофда эса ҳарбийлар билан бирга расмийлар ҳам вазиятни назорат қилиб туришибди. Ҳайкалнинг очилиш маросими ҳақидаги маълумотлар ҳам оммадан сир сақланаяпти.

ЎХҲ ахборот бўлими