Кечикаётган мулоҳазалар

Кечикаётган мулоҳазалар
66 views
17 October 2018 - 9:55

КЕЧИКАЁТГАН МУЛОҲАЗАЛАР

Бу Шоирнинг шеърияти, унинг янги китоби “Тунги ташбеҳлар” қарама-қарши ҳиссиётлар уйғотади, баҳсга чорлайди. Уларда замон зиддиятлари ифодаланган. Келинг! Унинг қаҳрамони изини табиатнинг, инсоннинг, тасаввурнинг “бешинчи фасл”идан ахтариб кўрайлик. “Бешинчи фасл”га ташриф: Сиз ҳам қорачиғингизни ранглар қитиқлаётганини, юрагингиз қадаҳ мисол жаранглаб қадамингиздан тош кўчалар уйғонаётганини сезаяпсизми? Танишдек туюлаётган бу нотаниш оламда адашиб юриш нақадар саодатли, нақадар ёқимли. Бу ерда қанчалар адашсангиз, шу қадар тўғри йўл топасиз. Адашиб-адашиб “Турмадаги гул”нинг қаршисидан чиқиб қоласиз. Бу олам бунчалар бепаён. Бу “Ер-денгиз” бўлса керак деган ўйга борасиз, “тубида мутлақо мангудирмиз биз”, деб ҳаёлан такрорлайсиз. Ҳаёлга ғарқ бўлиб елкангизга “Кечиккан капалаклар” қўнганини билмай қоласиз. Бирдан тиловатга менгзаб кетадиган пичир-пичир чалинади қулоғингизга. Биров ўзининг ўлими ҳақида “Башорат” қилмоқда. У мени тортилган оҳлар, дардчил табассум, олмосдек кўз ёш, севгига ғарқ тўла нигоҳлар, хуллас, “бу билан ўлдириб бўлмайди”, дея саналган нарсалар, ўлдиради, дейди. Сўнг у хушбўй, рангдор йилларни гул каби бир-бир узиб, сира ачинмай ўз қабрига қўймоқчи. Ана у кўзларини юмганча “Фароғат” қўйнида чўзилиб ётибди, пушаймон, ўкинч берган ваъдаларини унутган ўзини тинчдайман, деб ҳисобласаям кўксини Вақтнинг оёғи жимгина эзаётганини ҳис қилмоқда…

Қаранг! У “Уйқусизлик”дан “Оқ кўйлаклар” ичида тўлғаниб жаранглаб ётибди…

Айтинг? Ярим тунда сизни Умид (орзу эмас) дафъатан уйғотиб юборганми?! Айтинг, кейин ўртаганми, ўртайверганми? Кейин бутун аъзоларингиз, бутун вужудингиз ханжардай жаранглаб то тонггача ётганмисиз? Сўйланг, кундуз сизни шубҳа (кичкина эмас, ўзингиз билан баробар) қийнаганми?

Бир марта эмас, икки марта эмас, бу ҳолат ҳар куни такрорланса-чи? Уйга қайтасиз. Ётасиз: ярим тун… шубҳа… яна, яна ва яна… Узлуксиз давомийлик энди сизни узлуктиради. Энди олдингидай негадир то тонгача ханжардай жаранглаб ётаоласиз. Энди ярим тунда уйғотиб юборган умиддан сўнг ҳар хил тарозилар лопиллай бошлайди. Кейин ақлингиз лойқаланади. Кейин ярим тунда уйғотиб юборган Умид малол келади, уни ёмон дейсиз. Нега?! Нега шундай бўляпти?! Кечаси, ярим тунда умидингизнинг устидан лопиллаган тарозилар (нега битта эмас, айнан кўп) ҳақида, ақлингизни лойқалатаётган лойлар ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?! Ё сиз ҳам ноилож “Менинг тонгим отди ўртаниб, ярим тунда жунжикар” деб ўзингизни ўзингиз овутганмисиз?! Бу ноиложлик, бу овуниш: сизни “ахир… ахир…”лар каби ўраб, янчиб, эзиб, топтаб тугатолмаганми?

Ҳа у умидланишлардан, дафъатанликлардан, шубҳаланишлардан чарчади, толиқди, зада бўлди. Ва: “Вақтга танаффус эълон қилди. Кейин эса танҳоликка кетаверади, ёлғизликка кетаверади. Кета туриб, вужуди сокин кўлга айлана борди. Юрагидаги бахтга айланишга тайёр турган туйғулар тайёрлигича муз қотди. У кета туриб, ўзини сотмоқчи бўлган соддадил дўстига ачинганидан, мени сотишингни бирга ўйлайлик, балки мен ҳам бирор фойдали фикр айтарман, дейишни унутмади. Дўстларидан, шубҳалардан, кундузлардан узоқлашиб “Қудуқдаги ой”га айланади. У узоқлашиш ва узоқлаштирилаётганлигиннинг сабабларини билишга урунди. Ўзича ахтарган эди. Ўзича топди ҳам. У: одамлар мени мағрур тераклар илтифотни ўрганса, олма дарахтига ақл кирса, панжасига тикан шер табибнинг, уйига келса, этикнинг остида қолган чумоли оламни бузиб бўкирса, ўшанда тушунади, деган ўзича тўғри, деб билган фикрга келди. Бу ОДАМнинг “Валфажр”да ўз валфажрлари бор. Бунда у ўзини ўзи анча ўзгартирганлигини, суяги меҳнат азобидан эмас, фикрлаш машаққатидан қотганлигини, пешонасига йиллар эмас, ўзининг ҳудудсиз ўйлари из солганлигини кўрамиз. Энди бу ОДАМ: тақдир қанча ҳақ бўлмасин, тақдирнинг биронта ҳарфини ўқимоқчи эмас. Чунки у ўзини “ҳазилни чиндан, бахтиёрликни тентакликдан айри этолмаган жинни” дейди. Унинг ҳали-ҳамон уйқуси нотинч, тушлари ёрти. Ғийбат ҳашарида, мунофиқликда, сотқинликда бизларга ёрдам бермагани учун уни кечалари якка тўлғаниб ётишга маҳкум этганмиз. Шунинг учун “тонг отмас, қалб ботмас”лигидан У ўзининг ёмон тушлигини, ўзининг ҳам аскар, ҳам уруш эканлигини англаган. Шунинг учун у ҳамиша ўзини ўзига қарши қўяди. Нима бу?! Бу азоб?! Ҳақиқий азоб! Бу ўзини азоблаш. Бу ўзига хос, ҳеч кимникига ўхшамаган маросим эмасми? Бу орзуларига, умидларига, ўзи қониқмаётган ҳаётига пичинг ва истеҳзо билан аза тутиш эмасми? Бу ҳазил билан, уввос солиб йиғлаш эмасми? Бу инсон руҳиятидаги инқилобнинг мурғак палласи. Шунинг учун “Сен ким бўлибсан ҳаёт, кимсан ўзисан, ўлим” деганида у нечоғли ҳақлидир. Бу ОДАМ ўзининг бутун куч-қувватини, ғайрат-шижоатини ақлнинг фаоллигига бўйсундира олди. Мана, унинг мамлакатидаги хос гўшаси – “Шаффоф уй”га ҳам яқин келдик. У бу истиқоматгоҳидан чиқмайди ҳам, бизни ичкарига чорламайди ҳам. У бу уйда нафасини ичига ютиб кутилмаган нарсаларни кутиб ётибди. Унинг бу ерда энди “тўғри бўлмоқ” ҳақида ўз фалсафаси бор. Унга тикилсангиз, ачиняпти, деб “Менга аянч билан қарама”, дейди тунд нигоҳи билан. Энди бизнинг на муҳаббатимиз, на нафратимиз, на дуомиз, на қарғишимиз унинг ҳаётини, яшаш тарзини ўзгартиради. У ўша шаффоф уйнинг ичида яна ўзига ўзининг фикр ва хулосаларидан айлантириб мустаҳкам қўрғонча қуриб олганки, у ўзига ўзи “Сен ғолибсан мағлубликда ҳам”, деса хўп ярашади. Бу ОДАМ: ўзининг ўйлаганидан ҳам юраги чуқурроқ эканлигини, унда номаълум жасорат борлигини, у янаям чуқурроқ севиши мумкинлигини жуда яхши билгани ҳолда, “умр бўйи ўша чуқурликка қаролмай” кўзини чирт юмиб, қалтираб ўтишга маҳкум. Энди бу нима? Қандай кўргуликки, ҳаммасини билса-ю, жасорати номаълум бўлса?.. Унинг қачон, қайси вазиятларда, қандай “гуноҳлари учун” шу аҳволга тушганини билиш учун бу ОДАМ яшаган ДАВРга, ЗАМОНга чуқурроқ назар ташлаш фурсати ҳам келди.

Бу ОДАМ турғунлик етиштирган ёки турғунлик даврининг вакили эмас, аксинча, турғунлик даврининг тирик қурбони. Нега у айнан тирик қурбон?! Келинг, шу саволга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрайлик-чи. Бу ОДАМ ўзининг иқрорича: “умрида бир марта енгмаган, бирон марта мағлуб бўлмаган одам”. Десак, у юрагидаги жасоратини бирор марта синаб кўрмаган. Шунинг учун у бу жасоратни “номаълум” (чириган десаям ҳақ бўлади), дейди. Шунинг учун ҳам у “мен ғолибман мағлубликда ҳам” ёки “мен мағлубман ғолибликда ҳам” дегани билан натижа ўзгармайди. Ёдингизда-ку, ахир! У содда, самимий, жонини фидо қилишга тайёр эди. Лоқайдлик, бепарволик унга бегона, жўшиб, курашиб яшагиси келарди. ЗАМОН, ЗАМОН эса унга тарозиларини лопиллатди. Шартларини: кимга қул бўлишни, кимдан юз бурушни, кимга қараб қандай кулишни, нимадан шод бўлишни ва кимнинг оёғини босиб олишни айтар, кўрсатар, буюрганини бажо қилса, атир ҳиди уфуриб тирган ҳаётни ваъда қиларди. Бундай “фаровон ҳаёт”ни истамаганнинг ЗАМОН таъзирини берарди. Табиатнинг жўн қонуниятига кўра, бу ОДАМ “бахт қуши” тепасида бундай шартлар билан гир айланаётганида бошини камзули билан ўради. ЗАМОН билан “паранжи ёпинган боши берк кўчага” – турғунлик кўчасига киришдан бош тортди. ЗАМОН ҳам анойи эмас эди. Олдин унинг соддадил дўстларини сотиб олди. Кейин дўстларини ўзига қарши қўйди. Айтяпман-ку, ЗАМОН анойи, аҳмоқ эмас эди, деб. Унинг дўстлари ҳам ЗАМОН томонга ўтди. Улар ҳам унга ЗАМОНнинг созини чалишди. Шунинг учун ҳам тарозилар лопиллаганда унинг ақли, тушунчаси лойқаланадиган бўлиб қолди. Ахир, у содда эди-да, ахир! Умид! Умид эса уни тинчитмас, ўспирин боладай эшигини қоққани қоққан, жон ҳолига қўймасди. ЗАМОН эса покликни кўтармас, ҳақиқатни ноҳақлик, ватанпарварни хоин, соддани аҳмоқ, деб шубҳа билан қарашни “қонунлаштирган” эди. Умид! Бу қонунларни синдириб ташлашга кучи етмади-ю, лекин бу ОДАМнинг оёғи ва ақлига ўралиб уни ҳаракат қилдирмай қўйди. Барибир, ақл-заковати уни қандай бўлмасин курашга ундарди. Бу кураш йўлини алал-оқибат “Замон сенга боқмаса, сен ҳам боқма замонга”, деб танлади. Бу ўзига, турғунлик даврига нисбатан танланган тўғри кураш йўли эди. Аммо бу йўл инсониятни азалий адолат, кураш, ҳақиқатнинг муқаддас йўлига эмас, якка турғунликка элтди. У ёлғизлик қилди. Унга ўша муқаддас ягона йўлни ҳеч ким кўрсатмади. (Кўрсатганлар, кўрсатишга муносиблар бормиди, деган сўроқ туғилади? Бор эди, бор эди). Натижада у ҳалокатли йўлга кирмасликка куч-қудрат тополди-ю, ўз-ўзини енгиш, ўз-ўзини қутқариш учун нажот йўлини тополмади. Оқибатда эса: юрагида на пушаймони, на ўлим ҳақида, на ҳаёт ҳақида фикри, на-да исми шарифи бор, “Ғаройиб бир тушнинг ўғлиман гўё” дегувчи ИСМсиз ОДАМга айланди. Ҳа, у чиникам ИСМсиз ОДАМ.

М.Солиҳ бу ИСМсиз ОДАМ образи орқали бизга турғунлик даврининг ҳаққоний фожиасини кўрсата олди. Бу фожианинг даҳшатли томони шуки, кўп виждонли, пок одамлар ИСМсиз ОДАМга айланиб қолди. Бунга турғунлик даври қанча айбдор бўлса, “донишманд томошабинлар” деб аталувчи тоифадаги одамлар ҳам шунча айбдордирлар. Ахир, ўзингиз ўйланг, озмиди ақлли одамлар, озмиди, бу йўлнинг хатолик эканини билганлар, оқибати нима билан тугашини айта олгувчилар. Озмиди, тили ўн қаричлар. Улар ўша пайтда ҳам бир илож қилиб, йўлини топиб, одамнинг юзига айтиладиган ҳақиқатни етти қават карам баргига ўраб, бўяб айтишди. Айтишдию, шу билан ўзларини қаҳрамон ва граждан ҳисоблаб четда томашабин бўлиб туравердилар. Ҳаётга, замонга худди шундай муносабат билан улар ана шундай ИСМсиз ОДАМларнинг пайдо бўлишига шароит, замин яратди, яна ҳам тўғриси ва очиғи, худди ўша донишманд томошабинлар ИСМсиз ОДАМларни туғиб ташладилар. Бу турғунликнинг ўзидан ҳам минг карра хавфли жинояти эди. Бу оммавий қотилликнинг ички кўриниши эди.

М.Солиҳнинг ИСМсиз ОДАМ образи менда шундай таассурот қолдирдики, у жуда кучли характер. Гарчи у фаолиятсиз бўлсаям уни айблаб бўлмайди. Ундан бажонидил кўп нарса ўрганса арзийди: “ҳеч қачон ҳарбийга бормаган, “тил” тутиб келмаган бобо билан ҳам фахрланиши мумкин набира – байроқни ўпмай ҳам, қасам ичмай ҳам Ватанни сотмаслик мумкиндир” ёки “агар қилич занглаган бўлса на фақат эгилган, эгилмаган бошни ҳам кесолмайди у” деганида унга қўшиламиз. Лекин ундан мутлақо ибрат олиб бўлмайди. Чунки у ҳаётнинг аччиқ-чучукларини бошидан ўтказиб эмас, балки четда туриб кўриб, кузатиб мияси, ақли орқали тотиб кўришга ЗАМОН томонидан мажбур этилди. Шунинг учун у ўзининг яшаш ва кураш ҳақидаги хулосаларига курашиб эмас, ақлий фаолиятлари орқали эришди. Айниқса, бу образ “Олис табассум сояси” китобида ўзининг тўла ифодасини топган, заиф томонлари бўртиб кўринган. Масалан, “Мактуб” деган шеърда:

Устимдан кулмангиз топаркан хато
Яхши кўрмаяпман… Атроф қоронғу.
Зотан, Сиз томонда ҳозир отса тонг,
Мен томонда қуёш ботмоқда… ахир…

ИСМсиз ОДАМнинг замонасига нисбатан “атроф қоронғи” деб умидсизланишини тушуниш керак. Биринчидан, у турғунлик даврини кўзда тутган, иккинчидан, унинг шахсан замонасига ҳар қанча айб қўйишга асослари етарли. Шу китобдаги “Ўйин” шеърида унинг ҳаёти ва яшаш тарзи лўнда ифодаланган: у одамларга, ҳаётга талпинганда ундан ҳаммаси нари қочган, энди йиллар ўтиб одамлар унга интилганда “у эшикка чиқмади ва рад этди барин”. Ва унга ҳаёт яшинмачоқ ўйнига ўхшаб қолгандай туюлди. Менинг назаримда ИСМсиз ОДАМнинг М.Солиҳга таъсир-тазйиқи шу қадар кучлики, кўпгина шеърларини у айтиб турган, шоир эса унга мирзалик қилиб шарт-шарт ёзаверган (бу жуда субъектив фикрим). Мен шу ўринда бир андишани айтмоқчиман. ИСМсиз ОДАМни “ортиқча одам” ёки шоирнинг, ёхуд кимнингдир прототипи демоқлик учун менда далил йўқ. ИСМсиз ОДАМ М.Солиҳ яратган ниҳоятда кучли образ. (Ҳатто шоирни қурбонликка келтиришга ҳам қодир). Тўғри бу образ битта шеърда яратилмаган. Бу ОДАМнинг образи, характери шеърдан шеърга, китобдан китобга тўлишиб, мукаммаллашиб бораверган. Уни дастлаб биз ўзи ҳақидаги “башоратидан”, кейин эса пичинг ва истеҳзолари, такаббурлигидан, бировникига ўхшамаган ҳаёт ва турмуш ҳақидаги хулосаларидан билиб, ажратиб олишга ҳаракат қилдик. Баъзан шеърнинг томирини ушлаб, унинг юрагининг урушидан танидик. Айниқса, унинг муҳри сўнгги мажмуада аниқ ва тиниқ билиниб турибди. Ҳар қалай у ИСМсиз бўлса ҳам – бизнинг замондошимиз.

Мен М.Солиҳнинг шеъриятини шартли равишда “босқичлар”га бўлиб ўрганиш тарафдориман. Фақатгина шундай қилинган тақдирда шеъриятимизга фойда бўларди. Чунки М.Солиҳнинг шеърияти “тегирмон”га тушса бутун чиқадиган шеърият. Айниқса, у кўпларимиз тўғри қиляпмиз, деб билган ҳимояга сира-сира муҳтож эмас, аксинча, кучсизларни ҳимояга олишга қодир. Шеърнинг эзгулиги шунда.

Раҳмон Ҳожимуродов

1988 йил 23 декабрь