Мирзиёев, Иноятов, ислоҳотлар ва халқ нега ҳануз ҳайратда?

Мирзиёев, Иноятов, ислоҳотлар ва халқ нега ҳануз ҳайратда?
24 views
17 October 2018 - 12:59

“Фарғонадаги беморни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг шахсан ўзи пойтахт Тошкентдан келиб, кўрди. Ҳукумат вазири оддий одамлар билан бирга бадантарбия қилди…”.

Бу шу яқин ойлар ичида кибер фазо ўзбекзабон сегментининг диққат-эътиборига тушган, ижтимоий мулоқот тармоқларини том маънода “ларзага келтириб”, куннинг энг муҳим сарлавҳалари қаторидан жой олган янгиликлар бўлади.

Эътиборлиси эса, мавжуд ҳолат Ўзбекистонда янги президенти Шавкат Мирзиёев “халқ давлат учун эмас, давлат халқ учун хизмат қилиши лозим” сиёсатини бошлаганидан қарийб икки йил ўтиб кузатилмоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг ўзи, маҳаллий кузатувчилар эътирофида, мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган “халқпарвар” сиёсатига мамлакат президенти этиб расман қасамёд келтиришидан саноқли ҳафталар ўтиб киришган.

Ўзбекистоннинг янги президенти сифатида вилоятларга сафарини мамлакатнинг “энг қашшоқ ва экологик ҳалокатга юз тутган мухтор минтақаси” ҳисобланган Қорақалпоғистондан бошлаган.

Ўшанда бир Ўзбекистон раҳбари ўлароқ илк бор том маънода “оддий одамлар” орасига кирган.

Уларнинг уйларида бўлиб, турмуш шароитлари билан яқиндан танишган, давраларида бўлиб, юзма-юз кўришган, мулоқот қилган ва ўз фуқаролари билан селфи тушган биринчи Ўзбекистон президенти, раҳбарига айланган.

Мобил телефонга олинган видеотасвирларда эса, Шавкат Мирзиёевни қуршаб олган оломон уни олқишлаётгани акс этган.

Уларда “раҳмет, халқнинг ўртасига келди”, деган овозларгача эшитиш мумкин бўлган.

Ўзбекистоннинг бир президенти билан боғлиқ бу каби ғайриодатий воқеълик ҳатто Ғарб нуфузли нашрларининг ҳам эътиборини ўзига тортган.

Турли ижтимоий мулоқот тармоқларида роса “гап” бўлган, Мирзиёевнинг оддий одамлар билан тушган селфиси ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари ўртасида “қўлма-қўл” бўлиб кетган.

Ўша сафари чоғида Ўзбекистоннинг янги раҳбари, “Бундан буён ҳар бир туман ва шаҳарга, керак бўлса, чекка-чекка қишлоқ ва овулларгача кириб борамиз. У ерда истиқомат қилаётган одамларнинг дардини эшитамиз, муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқамиз ва ижросини қатъий назорат остига оламиз”, – деб ваъда қилган.

Аввалбошда эса, Ўзбекистоннинг янги президенти ўзи кўпчилик овоз билан ютиб чиққани расман эълон қилинган 5 декабрь кунги сайловларнинг эртаси куниёқ халққа қилган ошкора таъзими билан ҳам мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги аксариятнинг эътиборини ўзига тортган.

Унинг “таъзим қилиб турган” қиёфадаги ушбу сурати қатор минтақавий ва халқаро нашрларда таҳлилий чиқишларга ҳам замин яратган.

Бир Ўзбекистон раҳбари мисолида кўрилмаган бу каби воқеълик мамлакат янги ҳукуматининг бундан кейинги ички ва ташқи сиёсати учун нимани англатиши савол остига олинган.

Дипломатик доираларда янги президентининг бошқаруви билан кечган бор-йўғи икки ойча вақтнинг ичида Ўзбекистон ҳукумати ўзининг “оддий халқ билан муносабатларида жиддий ўзгаришлар қилгани” эътироф этилган.

Ғарбнинг айрим нуфузли нашрлари бир неча ойнинг ўзида Ўзбекистоннинг янги президентини Хитойнинг ислоҳотчи лидери Дэн Сяопинга қиёслашгача боришган.

Давоми бор…

Президент Шавкат Мирзиёев бунинг ортидан ҳам “оддий халқ”, “халқона сиёсат”, “халқчиллик” ва “халқпарварлик” масаласига қайта-қайта қайтган.

Фаолияти ҳозирга келиб шикоятлар остида қолиб кетган эса-да, одамлар учун бутунбошли Президент портали очилган, бу қатор вазирликларга ҳам намуна бўлган, жойларда Халқ қабулхоналари ҳам ишга туширилган.

Таъбир жоиз, ҳали саккиз ойлик президент экан, Мирзиёев бошчилиги остида бўлиб ўтган ҳукумат йиғинида Ўзбекистон тарихида илк бор ҳудудлардаги ҳақиқий вазият тасвирга олинган видеолар намойиш этилган.

Оддий халқнинг ташвиш ва муаммоларига эътибор бермаётган раҳбарлар танқид қилинган.

Худди ана шу мажлис чоғида Ўзбекистоннинг янги президенти давлат узоқ йиллар мобайнида халқ ҳақида қайғурмаганини ошкора ва расман тан олган.

Қийинчиликларга бардош бергани, чидагани учун раҳбарлар халққа бош эгиб, таъзим қилиши лозимлигини айтган.

Бу ҳам Ўзбекистон тарихида бир давлат раҳбарининг илк бор халқ қаршисида қилган айни мазмундаги иқрори ва бу қабила кўрсатган биринчи “эҳтироми”сифатида эътироф этилган.

Ўтган йил август ойида бўлиб ўтган айни шу йиғиндан қисқа вақт ўтмай, халқнинг жамиятда бўлаётган ўзгаришларда фаол иштирок этиши кераклиги ҳақида гапирган.

Президент Мирзиёев ҳукумат томонидан қилинаётган ҳаракатлар одамларни гапириш ва эркин яшашга ўргатиш учун эканлигини айтган.

Президент амалдорлар халқ билан ҳисоблашишга мажбур бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Аммо янги раҳбарларининг бу гаплари кибер фазода айнан сўнгги икки йил ичида фаоллашиш, мамлакат тўқнаш келиб турган муаммоларни ошкора муҳокама этишга қодир бўлган аксарият ўзбекистонликлар томонидан, таъбир жоиз, анчайин таҳлилию танқидий бир мавқеъда қарши олинган.

Улар давлат органларининг кўнгилдагидек ишлаши учун ростмана жамоатчилик назорати кучли бўлиши кераклиги ҳақида ёзишган.

Бунинг учун, кези келганда, президент Мирзиёев ўзини ҳам танқид қила олиш ҳуқуқи сақланиб қолиши кераклигини айтишган.

Президентни қилган танқидлари учун ҳеч ким таъқибга учрамаслиги лозимлигини таъкидлашган.

Аммо, лекин, бироқ…

Ўзбекистон янги президенти “халқчиллик ташаббуси”нинг сўнггиси бор-йўғи саноқли ҳафталар бурун кузатилган.

Шавкат Мирзиёев “Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги янги қарорини имзолаган.

Лекин бу галги қарор маҳаллий кузатувчилар томонидан “халқпарварликдан фойда йўқ”, деган қарашдаги давлат амалдорларини халқ ва мамлакат равнақи учун ишлашга мажбурлаш мақсадидаги ҳужжат, дея баҳоланган.

Маҳаллий кузатувчиларнинг эътиборларини тортгани ҳам янги қарорнинг айни шу талқиндаги мазмуни бўлган.

Қарор мансабдорларнинг қанчалик кўнгилдагидек ишлаётганликлари жамоатчилик томонидан назорат қилинишини кўзда тутган.

Айни шу мақсадда Ўзбекистонда яна иккита қўшимча янги портал ташкил қилиниши маълум бўлган.

Ўзбекистонлик масъуллар бу борада айрим етакчи Европа давлатлари тажрибасини ўрганишга “киришганлари” ҳам маълум бўлган.

Аммо, айниқса, сўнгги пайтларда бу каби портал ва қабулхоналарга йўллаган шикоятлари бежавоб қолган одамлар сонининг изчил равишда ортиб бораётгани кузатилган.

Оддий халқ эътирофида, янги президентнинг янгича раҳбар экани далолати сифатида кўрилганлари аллақачон “футбол ўйини”дан бошқасига ярамай қолган.

“Режадаги янгилари ва уларга мурожаат қилишлари керак бўлган ўзларини ҳам олдинда яна “шундай тақдир” кутмоқда”.

Маҳаллий кузатувчилар эса, худди шу нуқтада ҳам ҳозирга келиб, ҳукумат мулозимларидан тортиб, мамлакат юқори раҳбариятигача халқ билан муносабатда очиқ мулоқотдан кўра, виртуал қабулхоналарни афзал билишаётганига диққат қаратишган.

“Ҳукуматнинг, таъбир жоиз, халқ билан бегоналашуви, айниқса, охирги пайтларда бутун мамлакат бўйлаб бўй кўрсатаётган воқеълик – уйларнинг бузилиши ва уларнинг ўрнига янги иншоотларнинг барпо этилиши билан боғлиқ жараён манзарасида кучайиб бораётгани”га эътибор тортишган.

“Ҳозир бутун мамлакат бўйлаб уйларнинг бузилиши манзарасида бундайин жавобсиз шикоятлар сони ортиб бормоқда. Айниқса, Тошкент шаҳрида. Бунда олигархча капитализм аломатлари ҳам кўринмоқда. Яъни, бу каби ҳолатда муайян бир бизнеслар, яъни олигархлар ҳукуматга таъсир ўтказишади ва ўз манфаатларини илгари суришади. Ҳукумат ҳам қонунга зид равишда, одамларни огоҳлантирмай, улар билан келишмай ҳамда яшаб турган уйларига муносиб турар-жой ёки товон пули таклиф этмасдан, балки уларнинг уйларини бузишмоқда. Сўнгги мисол – Тошкентнинг Миробод туманидаги ҳолат. “, – дейди Лондондаги SOAS – Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактабининг илмий ходими Алишер Илҳомов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, “Ҳукумат, албатта, бундай вазиятда халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг эътироз ва шикоятларига қулоқ тутишдан қочмоқда. Охирги пайтлари, айни ҳолат одатий ва доимий тус олаяпти”.

“Хуллас, ҳозир биз ҳукуматнинг халқ билан мулоқотдан ўзини олиб қочаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз”.

“Ҳукумат мулозимлари халқ билан мулоқот қилиб, уларга нима учун бундай қилинаётганини тушунтиришни исташмайди. Биргина “Тошкент Сити” мисолида буни кўрдик. Бу бизнес маркази Тошкентга ва Ўзбекистонга қандай иқтисодий ва молиявий фойда келтириши ҳақида тузук-қуруқ изоҳ берилмаган. Маълум нарса – кўплаб осмонўпар бинолар ва қиммат марказ тикланади. Ўзбекистонда айрим ҳукумат вазирларининг оддий одамлар билан учрашуви мана нима учун ҳануз катта шов-шувга сабаб бўлмоқда. “, – дейди у.

Эврилишлар

Яқинда Ўзбекистонда айнан сўнгги йилларда кибер фазода ўзларининг танқидий чиқишлари билан танилиб улгурган қатор блогерлар ҳибсга олиниб, вақтинчалик қамоқ жазоларига ҳукм этилишган.

Бунинг ортидан, Ўзбекистонда “Facebook” ва “YouTube” каби ижтимоий мулоқот тармоқларига кириш қийинлашаётганига оид хабарлар олинган.

Кибер фазодаги ошкора таҳлил ва ошкора танқид руҳининг кескин пасайгани кузатилган.

Ўзбекистонлик масъуллар “киришдаги қийинчиликлар ва чекловлар”да ўзларининг бирор бир иштироклари йўқлигини бир эмас, қайта-қайта баён қилиб чиқишган.

Аммо кибер фазода қолдираётган постларидан расмийларнинг айни мазмундаги изҳоротлари, “Нега бундай бўлаётгани?” саволига жавоб топиш илинжида бўлган катта сондаги ўзбекистонликларни ишонтира олмагани кўрилган.

Оддий халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказган биринчи ва охирги ҳукумат мулозими эса, ҳозирча биргина Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бўлиб турибди.

Бундан ташқари, айнан Абдулазиз Комилов президент Шавкат Мирзиёев бошқаруви остида журналист Жасур Ҳамроев мисолида оддий бир ўзбекистонлик билан селфи тушишга борган биринчи вазир ҳамдир.

Россия раҳбари Владимир Путиннинг йиллик матбуот анжуманлари манзарасида эса, Ўзбекистон президентининг ҳам халқ билан жонли мулоқот қилишига оид хабарлар давомий равишда бўй кўрсатиб келади.

Бироқ Ўзбекистоннинг мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида на-да ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов ва на-да бошқарувига яқинда икки йил бўладиган мамлакатнинг амалдаги раҳбари Шавкат Мирзиёев бу ишга борган.

Маҳаллий экспертларга кўра, Россия раҳбарининг йиллик матбуот анжуманлари арафасида юзага келувчи бу каби воқеълик халқнинг Ўзбекистон президенти билан жонли мулоқотга эҳтиёжи, истаги борлигига далолат қилади.

“У ерда ишни тубдан яхшилаш масалаларини кўриб чиқиш керак. Ишга ўша практик ёндашиш керак. Жойларга чиқиш керак. Ҳокимлар, президентимиз айтганидек, машинадан бироз тушиши керак. Қишлоқларга кириш керак. Халқни йиғиш керак. Қўрқмай ташвишларини эшитиш керак. Халққа ҳам тушунтириш керак, битта ўзига боғлиқ бўлмаган муаммолар ҳам борлиги, ҳамма муаммони бирданига ечиб бера олмаслигини тушунтириши керак. Халқнинг ичига чиқиши керак-да улар, биласизми! Бизда, афсуски, бундай бўлмаяпти. Халқ билан ишлайдиган раҳбарлар жуда камдан-кам”, – дейди ўзбекистонлик зиёлилардан бири Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

“Ўша тепадан бошлаш керак-да, менимча. Тепадаги ўша озроқ зиёлиман, деган инсонлар ҳаммаси ўзининг кимлигини англаб етиб, жамиятда ватанпарварлар кўпайиши керак. Ўшанда ўша жамиятда силжиш бўлади. Ватанпарварлар, эгаллаб турган жойларининг том маънода ҳақиқий эгалари бўлмаса, ҳали-бери бу иш бўлмайди”.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, ростмана халқпарвар сиёсат юрита олиши учун президент Шавкат Мирзиёев энг аввало амалдаги тузумни тубдан ислоҳ қилиши керак.

Лекин, таҳлилчиларга кўра, мулозимларини халқчил сиёсат юритишга ундаш учун “шунча йиғин, мажлис ўтказаётган, шахсий намуна бўлаётган, қарор ва фармонлар имзолаётган Ўзбекистоннинг янги президенти ана шу тузумни ислоҳ қилаётгани ва ёки қила олаётгани йўқ”.

Президент Мирзиёев “ислоҳотлар сиёсатида аллақачон қандайдир турғунлик кузатилмоқда”, “ҳукуматда ҳали-ҳануз маълум бир лоббичи структуралар таъсири кучлилик қилаётган бўлиши мумкин”.

Ўзбекистон аксарият сиёсий таҳлилчилар нигоҳида яқин-яқингача авторитар давлат сифатида кўриб келинган.

Сўз, матбуот, эркин фикрлаш ва ўз фикрини эркин ифодалаш ҳуқуқи чекланган, жамиятда қўрқув ҳисси ҳукмрон мамлакатлар сирасига киритилган.

“Мамлакат сиёсий ҳаётида “ростмана мухолифат”га ўрин берилмаган, ҳақиқий демократик жараёнларга нисбатан бегона”.

Таҳлилчиларга кўра, ўзи “катта шов-шув” билан бошлаган ислоҳотларининг бардавом бўлишига ишонтириш учун президент Мирзиёев Ўзбекистондаги анъанавий бошқарув усулида том маънода ўзгариш ясашга тайёрлигини амалда кўрсатиши, ҳақиқий мухолифат қиёфасида “ростмана” янги сиёсий кучларнинг бўй кўрсатишига ҳам эришиши лозим.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек