Ўзбекистон саноатида атиги ярим миллион одам иш билан банд

Ўзбекистон саноатида атиги ярим миллион одам иш билан банд
55 views
18 October 2018 - 17:55

Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитасининг ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларига асосланадиган бўлсак, мамлакат иқтисодиётининг асосий соҳалари атиги 2 миллион 600 мингдан ортиқ кишини банд қилгани англашилади.

Мамлакат бюджетидан энг кўп маоши тўланаётган соҳа ходимлари маорифда бўлиб, уларнинг сони қарийб 1 миллионга яқин – 998200 кишини ташкил этади.

Бу рақам айрим ҳокимлар нега ўқитувчиларни пахта ёки кўча тозалаш ишларига мажбурлашни яхши кўришларини ойдинлаштиради.

“Одами кўп-да. РайОНО мудирига бир қўнғироқ билан бутун бошли армияни кўчага ҳайдаш мумкин”, дейди мустақил журналист.

Мактаб ва боғчалар ёнига шифохона ва врачлик пунктлари ходимларини ҳам қўшса, пахта планини бир ойга ҳам қолмай бажариш мумкин – Ўзбекистонда шифокор ва ҳамшираларнинг жами сони 431 мингдан ортар экан.

Давлат Статистика қўмитаси келтирган рақамларга кўра, саноатда банд ўзбекистонликларнинг сони 457100 нафарни ташкил этади.

Қўмита ўртача номинал ойлик иш ҳақини қуйидаги соҳаларда ўрганган: саноат, қурилиш, савдо, ташиш ва сақлаш, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар, ахборот ва алоқа, молия ва суғурта хизматлари, маориф, тиббиёт ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш, санъат, кўнгилочар хизматлар ва бошқа фаолият турлари.

Деҳқончилик ва кичик тадбиркорлик субъектларидаги ўртача маош ўрганилмаган.

Ўзбекистон аҳолисининг аксар қисми қишлоқ жойларида яшайди ва расман деҳқончиликда 40 фоиздан ортиқ одам банд деб кўрилади.

Агар Ўзбекистондаги расман иш билан таъминланган 5,8 миллион кишининг 2 миллиондан зиёди деҳқончиликда банд экани инобатга олинса, мамлакат саноат ишлаб чиқариши қанча кам одамни иш билан таъминлаганини қиёсан кўриш мумкин.

Бунинг устига аксар завод-фабрикалардаги ускуналар эскириб бўлган, бу нарса ҳам ходимларнинг маошларини пасайтирмасдан қўймайди.

2018 йил 1 октябрида Ўзбекистон аҳолисининг сони 33 миллиондан ошгани хабар қилинди.

Аҳолининг 60 фоизини болалар ташкил этади ва кексалар ҳам меҳнатга яроқли деб кўрилмайдилар.

Статистика қўмитаси – 2Х2 ҳали ҳам 4 ми?

Ўзбекистон аҳолисининг 14 миллиондан ортиғини 15 ёшдан 65 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этади.

Улар меҳнат қилишга қодир инсонлар ва уларнинг ярми мамлакат ичида банд бўлсалар, яна камида 4 миллиони хорижда ишлаб оиласини боқмоқда.

Давлат Статистика қўмитаси бошқарув органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва армияда банд бўлганларнинг сони ва бу соҳалардаги маошларга давлат бюджетидан қанча маблағ сарфланишини ошкор этмасликни маъқул кўрган.

Қўмита Ўзбекистонда ойлик номинал ўртача иш ҳақи кўтарилиб, 1 миллион 684 минг сўмни ташкил этди, дейди. Шу кеча-кундузда 1 АҚШ доллари 8340 сўмга сотилмоқда ва бу мамлакатдаги ўртача маош 201 долларга тенг деганидир.

Таққослаш учун, Қозоғистонда ўртача маош 415 АҚШ доллари, Тожикистонда эса 124 АҚШ доларига тенг ҳисобланмоқда.

Статистика қўмитаси аҳоли даромади ҳақидаги маълумотни ҳам эълон қилди. Ушбу маълумотга кўра, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига умумий даромад 5 миллион 262 минг сўмни ташкил этипти.

Бу 631 АҚШ доллари деганидир. Бу маблағнинг ҳам 30 фоизини мигрантлар четдан оиласига юбораётган пуллар ташкил қилади.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек