Жаллод билан учрашув, ёхуд қатағонлар яна старт олмоқдами?

Жаллод билан учрашув, ёхуд қатағонлар яна старт олмоқдами?
59 views
20 October 2018 - 16:38

ЖАЛЛОД БИЛАН УЧРАШУВ, ЁХУД ҚАТАҒОНЛАР ЯНА СТАРТ ОЛМОҚДАМИ?

Бугун, 2018 йил 20 октябрь куни, соат таҳминан 11.30-12.30 ларда мен “Салом” чойхонаси ёнидаги кафелардан бирида ёзувчи Мамадали Маҳмудов, журналист Бахтиёр Каримов ва тадбиркор Мамаёқуб Ҳамроев билан бирга нонушта қилдик.

Овқатланаётган пайтимиз ёнимиздаги столга 10-12 шубҳали киши келиб жойлаша бошлади. Таҳминан 15-20 дақиқалардан сўнг шубҳали одамлар ўтирган столга қараб қорачадан ва озғиндан келган яна бир киши келди-да, уларнинг сафига ўтиришдан олдин тўсатдан менга: “Ие, салом, ака!” – деб менга қўлини чўзди.

Мен Мамадали ака Маҳмудов, Бахтиёр Каримов ва Мамаёқуб Ҳамроев билан суҳбатлашиб ўтирганим боис, гап билан бўлиб, бу йигитга эътибор бермаган эканман. Унинг қўл чўзганига қараб, унга автоматик равишда қўл узатиб, саломлашдим. Юзига қарасам, қаршимда мени ўтган йили 27 сентябридан то 5 ноябригача қийноққа солган жаллодлардан бири Қобил (хизмат лақаби – Жавлон) Муҳаммедов (ёки Мирзамуҳаммедов) турган экан.

У мен билан саломлашди-ю, бошқа ҳеч нарса демасдан ўзининг ҳамкасблари – ДХХчиларнинг даврасига бориб ўтирди.

Ўз жаллодимга қўл бериб, саломлашганимга афсусланиб, ўтган йилги қийноқлар эсимга тушиб, асабийлаша бошладим. Мамадали ака менга: “Тинчликми?” – деган эди, мен баланд овозда: “Ҳозиргина мен билан саломлашган одам – мени қийнаганлардан бири Қобил Муҳаммедов. Хизмат текширувидан кейин, қамалди, ишдан олинди”, – дейишган эди. Мана, бемалол юрибди. Афтидан, ишдан олинмаган. Кўрганингиздек, қамалмаган ҳам”, – дедим.

Нафасим буғилиб, акалар билан бирга ташқарига чиқдим. Чиқсак, кўчада яна 10-15 нафар ДХХчи турган экан. “Ё буларнинг “сходка”си бўляпти, ё булар атайлаб биз ўтирган жойга келиб ўтиришди. Қобил эса мен билан атайлаб, намойишкорона: “Кўриб қўй! Сен қийноқлар ҳақида қанча шикоят қилсанг ҳам, мен озодликдаман, отдаман!” – дегандек саломлашди”, – деган ҳаёл ўтди.

Асабим бузилиб, уйга қайтаётсам, Хоразмдаги онамдан қўл телефонимга қўнғироқ келиб қолди. Онам ҳавотирли овозда: “Болам, мен Урганчда эдим. Бугун эрталаб Қўшкўпирдаги уйимизга оқ “Нексия” автомобилида тўрт эркак келиб, уйда ёлғиз қолган Чаросдан (10 яшар жияним – Б.А.) мени сўрашибди. “Бувингга пенсиясини бергани келдик”, – дейишибди. Мен пенсиямни пластик карточкамга Тошкентдан олсам, булар қандай одамлар бўлди?, – деган ҳавотирда Қўшкўпир тумани Пенсия жамғармасига телефон қилдим. Жамғармадагилар: “Биз уйингизга ҳеч кимни жўнатмадик”, – дейишди. Ўғлим, бу ДХХ дегани яна бир нималарни бошлади, шекилли. Эҳтиёт бўл! Уйга келган тўрт киши мени олиб кетишмоқчи бўлишган, чоғи” – дедилар онам.

Онамнинг айтишича, мен озодликкка чиққанимдан кейин писиб қолган бир-икки шаллақи қўшни, ўн кунча илгари “тиллари” чиқиб, яна жанжал кўтара бошлашган экан. “Булар нега яна дадиллашиб қолишди? Афтидан, бирор провокацияга тайёргарлик кўра бошлашди”, – деб, ҳавотирга туша бошлагандим. Мана, бугун, шаллақиларнинг нега яна жонланганини билдим”, – деди айни пайтда Хоразмдаги онам.

Онамдан кейин ўғлим Алихон телефон қилиб, уйимизнинг атрофида тўртта автомобил пайдо бўлганини, ҳар бирининг ичида иккитадан одам ўтирганини айтиб қолди. Ўғлимга уйдан чиқмай туришликни буюрдим-да, Мамадали Маҳмудов, Бахтиёр Каримов ва Мамаёқуб Ҳамроев билан бирга уйга келдик. У ердан ўғлимни олиб, мактабига элтиб, яна уйга қайтдим. Акалар ҳавотир олганидан мени уйимга киргунимча кетмай туришди ва уйга кирганимни кўргачгина кетишди.

Айни пайтда Хоразмдаги онам Мадаминова Гавҳаржон, укам Абдуллаев Дилшод, синглим Абдуллаева Барно ва жиянларимнинг, шунингдек, оилам, ўғлим Алихон, қизим Фаридаларнинг тақдиридан ҳавотирдаман.

Уйимнинг атрофидаги шубҳали автомобиллар уйимга International Partnership for Human Rights (IPHR) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг айни пайтда Тошкентда бўлиб турган вакилларини чақирганимдан кейин ғойиб бўлишди. Хорижлик меҳмонларга бугунги воқеаларни батафсил гапириб бердим.

ДХХнинг ички қоидаларига кўра, ушбу идора ходими бирон мухолифатчи ёки журналист билан кўришиши учун ўз раҳбариятидан рухсат олиши керак. Раҳбариятининг рухсатисиз улар Бобомурод Абдулла тугул, отасига ҳам салом беришмайди. Қобил Муҳаммедовнинг мен билан келиб кўришиши, аввалдан изн олиниб, уюштирилганлигига заррача шубҳам йўқ.

Шу сабабдан Қобил Муҳаммедовнинг мен билан намойишкорона келиб кўришганини мен у томондан берилган бир ишора деб қабул қилдим. “Кўриб қўй! Бизга ҳеч кимнинг кучи етмайди. Қийноққа солганимиз ҳақида кимга ва қанча мурожаат қилсанг ҳам, бефойда. Мен ҳали ҳам озодликдаман, ҳали ҳам отдаман”, – деган маънодаги сигнал деб тушундим.

Ўтган йилги терговлар пайти Мажид Жўраев, Қобил Муҳаммедов, Элмурод деган МХХчилар мени қийноққа солгани ҳақида мен судда тинмасда гапирдим. Бу ҳолат юзасидан ўзим ва адвокатим Сергей Майоров жаллодларнинг устидан жинойи иш очишни талаб қилиб, Ўзбекистон Бош прокуратурасига икки алоҳида ариза ёздик. Аризаларимизга жавоб бўлмади. Суд менга қўлланилган қийноқлар юзасидан хизмат текшируви ўтказиш ҳақида алоҳида ажрим чиқарди ва бу ажримни бажаришни ДХХга юклади.

Шу ажрим бўйича ДХХ хизмат текшируви ўтказдими?

Ўтказган бўлса, нега мени қонунбузарлар билан юзлаштирмади?

Ўтказган бўлса, нега Қобил Муҳамммедов озодликда юрибди, ишдан олинмаган?

Ёки унга фақат хайфсан эълон қилиндими?

Агар хайфсан эълон қилинган бўлса, қийноққа солиш хайфсан эълон қиладиган даражадаги енгил қонунбузарликми?

Ўзбекистон қонунлари, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 ноябрдаги қарори ва Олий Мажлисга мурожаатига кўра, одамларни қийнаган орган ходимлари жиноий жавобгарликка тортилиши керак эмасми?

Ё бу қонун, қарор ва нутқлар ДХХга тегишли эмасми? Ёки бу хужжатлар фақат Рустам Иноятовнинг шогирдларига тегишли эмасми?

70 ёшлик онамни нега безовта қилишмоқда? ДХХ онамдан нима истаяпти? Агар ДХХ онамга ростдан ҳам пул бермоқчи бўлса, бир пачка ўн минглик бермоқчидир. Шу бир пачка пулни бериш учун ДХХ тўрт эркакни юборадими? Бир пачка пул бир киши кўтара олмайдиган даражада оғирми?

ДХХчиларнинг ёлғонларига қачон чек қўйилади? Уларнинг таъқибларини тўхтата оладиган одам борми бу юртда?

Уйимнинг атрофида нега яна кузатув ўрнатилди?

Қатағонлар яна старт олмоқдами?

Бобомурод АБДУЛЛА
2018 йил 20 октябрь

facebook.com