Кибрман

Кибрман
26 views
22 October 2018 - 6:00

 

 

КИБРМАН

Жунлари ҳурпайган, кўзи қизил қон,
Кибрман дегани бир олатумшуқ.
Мозордан мозорга сакрайди чаққон,
Чаённинг нишидек ҳар туки қийшиқ.

Шуълага чанг солса, йиғлар юлғунлар,
Уйқуга кетади донг қотган тупроқ.
Ойни ютмоқ истар у неча йиллар,
Ой эса бошида сузади уйғоқ.

Унутса, бир нафас Кибрманни Ер,
Жомъе масжидига кўз тикса бир зум –
Томирида ғафлат титраб кетар зир,
Танидан кишанлар гум бўлади, гум.

Чинқириб йиғлайди, захлаган қаср –
Зориққан нурларнинг кўксида оғриқ.
Хатарларга қуёш тушади асир,
Қуббаларга урилар, тунгги чинқириқ.

Икки оёғида турар Кибрман,
Ўзига излайди, чекка бир овлоқ.
Руҳлар даврасидан узилган маънан,
Бошламиш ўйнига бўлмиш овунчоқ.

Уйғотмоқ бўлади жисмини тонгда,
Жони танасидан узилган айри.
Ўлганини англар, Кибрман шунда,
Бағрини йиртади, энг сўнгги зори…

Жомъе масжидининг қуббаларида,
Юлдузлар чақнашар, қайтадан яна.
Дарвешлар титилган жуббаларида –
Муҳаббат заминда қилар тантана.

Уйғонмоқ қулайми, яқинми қуёш –
Осонми ғафлатга қарши ўт очмоқ?
Яратган бизга бер туганмас бардош,
Эшакдай минмасин, бизни ҳар олчоқ!

Ичиб ўладими, ёинки қусиб,
Қайта тирилмасин Кибрманлар, бас.
Уятдир юз йиллар ётмоқлик пусиб,
Бўғзимизни йиртсин, Озод ва Хур Сас!

Ислом ХОЛБОЙ

facebook.com