ЗИЁРАТГОҲДА
Мақбараларнинг ҳам кўзи бор, тили,
Ўқилмаган китоб ҳар битта кошин.
Ҳижжаламайсанми Ўғузхон эли,
Айтмайсанми бизга нечада ёшинг?
Жаҳдга таслим бўлмоқ мағлублик ахир,
Хокисорлик ошса меъёрдан – кибр.
Аллоҳ берган эса буюк бир тақдир,
Қандай яширади, бағрига қабр?
Тилсимларни уқмоқ орифлар иши,
Жоҳилларнинг иши хурофот мудом.
Ниятлар поклиги ҳар ишнинг боши,
Умрлар узаяр, бўлса беором.
Қирс-қирс узилади, куз неъматлари,
Нақшбанд май тутар, ҳовучларида.
Сузиб олмайсанми, ҳикматларини,
Навоийнинг рангин товушларида.
Ислом Холбой